Тунда оёқ тортишишининг сабаблари ва хавфли белгилари

Тунда оёқ тортишишининг сабаблари ва хавфли белгилари
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Тунда оёқ мушакларининг тортишиши кўпинча болдир қисмида кузатилиб, бир неча сониядан 10 дақиқагача давом этиши мумкин.
  • Бу ҳолатга жисмоний чарчоқ, суюқлик етишмаслиги, ёш ўтиши, ҳомиладорлик ёки айрим дориларнинг ножўя таъсири сабаб бўлиши мумкин.
  • Мушакларни чўзиш, уқалаш ва илиқ душ қабул қилиш оғриқни камайтиришга ёрдам беради.

Тунда оёқ мушакларининг тўсатдан тортишиб қолиши кўпчиликда учрайди. Бундай ҳолат кўпинча болдир мушакларида кузатилади, баъзан эса оёқ панжаси ёки сон мушаклари ҳам тортишиши мумкин. Оғриқ бир неча сониядан 10 дақиқагача давом этади. Мушак бўшашганидан кейин ҳам оғриқ ёки сезгирлик бир муддат сақланиб қолиши мумкин, деб хабар беради MSN сайти.

Оёқнинг тунда тортишиши ҳар доим ҳам жиддий касаллик белгиси эмас. Кўп ҳолларда бунинг аниқ сабаби топилмайди. Бироқ мушакларнинг кун давомида ортиқча зўриқиши, узоқ вақт тик туриш ёки ўтириш, жисмоний машқлардан кейинги чарчоқ ва организмда суюқлик етишмаслиги бундай ҳолатга туртки бўлиши мумкин. Ёш ўтган сари ҳам тунда оёқ тортишиши эҳтимоли ортади. Ҳомиладорлик даврида бу муаммо кўпроқ кузатилиши мумкин.

Айрим ҳолларда оёқ тортишиши қабул қилинаётган дориларнинг ножўя таъсири билан боғлиқ бўлади. Масалан, сийдик ажралишини кучайтирувчи баъзи дорилар бундай ҳолатга алоқадор бўлиши мумкин. Бундан ташқари, қандли диабет билан боғлиқ асаб шикастланиши, буйрак фаолиятидаги муаммолар ва оёқларда қон айланишининг бузилиши ҳам мушаклар тортишишига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун бу ҳолат тез-тез такрорланса, уни эътиборсиз қолдирмаслик керак.

Оёқ тортишиб қолганда мушакни эҳтиёткорлик билан чўзиш, оёқ панжасини ўзингиз томон тортиш ва мушакни енгил уқалаш оғриқни камайтириши мумкин. Айрим ҳолларда ўрнидан туриб, оёққа таяниш ёки бироз юриш ҳам ёрдам беради. Мушакни бўшаштириш учун илиқ душ қабул қилиш ҳам мумкин.

Тундаги тиришишларни камайтириш учун ухлашдан олдин болдир мушакларини чўзиш машқларини бажариш, кун давомида етарли миқдорда сув ичиш ва жисмоний фаолликни меъёрда сақлаш тавсия этилади. Кофеин ва спиртли ичимликларни ортиқча истеъмол қилмаслик ҳам фойдали бўлиши мумкин.

Агар оёқ тортишиши тез-тез такрорланса, уйқуни бузса, 10 дақиқадан кўпроқ давом этса ёки оёқда шиш, увишиш ва мушак заифлиги билан бирга кузатилса, шифокорга мурожаат қилиш зарур. Кучли оғриқ тўхтамаса, тез тиббий ёрдам олиш керак. Айниқса, мушак тортишиши билан бирга оёқдаги куч ёки мушак ҳажми камайиши кузатилса, буни текширтириш муҳим.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар