Хитойда ўсмир цикадалар овозидан эшитиш қобилиятини вақтинча йўқотди

Хитойда ўсмир цикадалар овозидан эшитиш қобилиятини вақтинча йўқотди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Хитойнинг Нинбо шаҳрида 18 ёшли Ван исмли йигит ўрмонда тўрт соатдан ортиқ вақт давомида сикадаларнинг баланд овози таъсирида қолиб, эшитиш қобилиятини вақтинча йўқотди.
  • Шифокорлар йигитнинг қулоқларида шиш пайдо бўлганини аниқлаб, унга дори-дармонлар буюрди ва 14 кун давомида баланд товушлардан сақланишни тавсия қилди.

Хитойда 18 ёшли йигит ўрмонда тўрт соатдан ортиқ вақт давомида цикадаларнинг баланд овозига дуч келганидан сўнг, эшитиш қобилиятини вақтинча йўқотди ва тиббий ёрдамга мурожаат қилишга мажбур бўлди. Шифокорлар унга даволанишни тавсия этиб, камида 14 кун давомида баланд овозлардан узоқроқ бўлиш зарурлигини таъкидлади.

Кўпчилик табиатдаги товушлар инсон саломатлиги учун зарарсиз, деб ҳисоблайди. Бироқ яқинда маълум бўлган ушбу воқеа бундан истиснолар ҳам борлигини кўрсатди. Хитойнинг Чжэцзян провинцияси, Нинбо шаҳрида яшовчи Ван фамилияли 18 ёшли йигит ўрмонда дам олиш ва чодир қуриб, тунаш учун борган. У ерда юзлаб цикадаларнинг баланд ва ўзига хос жарангдор овози остида бир неча соат қолган. Бу эса унинг эшитиш қобилиятига салбий таъсир кўрсатган.

Маълум қилинишича, Ван туш пайтида цикадаларнинг овози сезиларли даражада кучайганини пайқаган. Шунга қарамай, у кечгача ўрмонда қолишда давом этган. Бироқ кейинчалик унинг қулоқларида шовқин пайдо бўлиб, қулоқлари битиб қолгандек ҳис қилган.

Цикадаларнинг овози аста-секин пасайиб, улар жим бўла бошлаганида эса йигит қушларнинг чириллашини, ҳатто телефонига келган хабарлар овозини ҳам эшита олмаётганини англаган.

Эшитиш қобилиятини бутунлай йўқотиб қўйишдан қўрққан Ван зудлик билан шифохонага борган. Тезкор тиббий кўрик давомида унинг ҳар икки қулоғида шиш пайдо бўлгани аниқланган. Шифокорлар шишни камайтириш учун дори-дармонлар буюриб, камида 14 кун давомида баланд товушлардан сақланишни тавсия қилган.

Яхшиямки, икки ҳафталик даволаниш ва дам олишдан кейин ўсмирнинг эшитиш қобилияти тўлиқ тикланган.

Цикадаларнинг баланд овози эшитишга қандай таъсир қилади?

Нинбо университетининг биринчи аффилирланган шифохонаси оториноларингология (қулоқ, бурун ва томоқ касалликлари) бўлими катта шифокори Ли Цзи кўпчилик табиат товушларини қулоқлар учун мутлақо зарарсиз деб нотўғри ҳисоблашини таъкидлади.

Цикадалар дунёдаги энг баланд овоз чиқарувчи ҳашаротлар сифатида танилган. Бироқ битта цикаданинг овози, одатда, 70 децибелдан ошмайди ва якка ҳолда эшитиш қобилиятига жиддий зарар етказмайди.

Асосий муаммо эса юзлаб цикадаларнинг бир вақтда овоз чиқаришида. Уларнинг жамоавий жаранглаши 85 децибелдан юқори даражага етиши мумкин. Бу кўрсаткич эса эшитиш қобилиятига зарар етказиш хавфи пайдо бўладиган чегара ҳисобланади.

Доктор Ли Цзининг тушунтиришича, нисбатан қисқа вақт давомида ҳам баланд товушлар таъсирида ички қулоқда жойлашган кохлеа (чиғаноқ) таркибидаги сезгир тукли ҳужайралар шишиши мумкин. Бундай ҳолатда шовқинли муҳитдан узоқлашиш ва 1–2 ҳафта давомида қулоқларга дам бериш орқали ҳужайралар одатда тикланади.

Бироқ ушбу сезгир ҳужайралар некрозга учраса, яъни нобуд бўлса, улар қайта тикланмайди. Бу эса эшитиш қобилиятининг доимий ва қайтариб бўлмайдиган даражада бузилишига олиб келиши мумкин. Бундай ҳолатда беморлар эшитиш қобилиятини қўллаб-қувватлаш учун махсус эшитиш аппаратларидан фойдаланишга мажбур бўлади.

Мутахассислар табиат товушлари ҳам муайян шароитларда инсон саломатлигига таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидламоқда. Шу боис узоқ вақт давомида баланд ва узлуксиз шовқин мавжуд муҳитда бўлишда эҳтиёт чораларига амал қилиш муҳим.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар