Туркия Президенти Қозоғистон учун ажратилган ҳужжатга имзо чекиб қўйди

Туркия Президенти Қозоғистон учун ажратилган ҳужжатга имзо чекиб қўйди

Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Анқарада бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг 13-саммити якунидаги ҳужжатларни имзолаш маросимида адашиб қолди. У Туркия учун ажратилган жой ўрнига Қозоғистон номидан имзоланиши керак бўлган ҳужжатга имзо чекди. Бу ҳақда “Cumhuriyet” нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, саммит Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилиши билан якунланган. Унда иштирокчи мамлакатлар етакчилари қабул қилинган қарорларни тасдиқлаш учун тегишли ҳужжатларни имзолаган.

Маросим давомида Эрдўғанга ҳам ҳужжат тақдим этилган. Президент имзо қўйганидан сўнг ёнидаги масъул ходимдан: “Нотўғри жойга имзо қўймадикми?” деб сўраган.

Ходим эса ҳужжат Қозоғистонга тегишли эканини, Туркия учун ажратилган жойга имзо қўйиш кераклигини тушунтирган. Бунга жавобан Эрдўған ҳазиломуз тарзда: “Худо хайрингни берсин”, деган.

Шундан сўнг масъул ходим ҳужжатни алмаштиришини билдирган. Бироз вақт ўтиб, микрофонлар ўчирилган ва у янги ҳужжатни олиб келган. Ходим президентга имзо қўйиши керак бўлган жойни кўрсатган. Эрдўған “Қаерга?” деб сўрагач, ходим керакли майдонни яна бир бор кўрсатган. Шундан кейин Туркия раҳбари тегишли ҳужжатга имзо чеккан.

Ушбу ҳолат саммит доирасидаги имзолаш маросими вақтида видеотасвирга муҳрланиб қолган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар