Германияда минглаб ёшлар ҳукумат сиёсатига қарши намойишга чиқди

Германияда минглаб ёшлар норозилик намойишларига чиқди. Мамлакатнинг 34 та шаҳрида ўтказилган акцияларнинг аксарияти тинч кечган бўлса-да, айрим ҳудудларда тартибсизликлар юз берди.
31-октябрь куни бўлиб ўтган намойишлар “Gen Z regelt” (“З авлоди ўзгаришлар талаб қилмоқда”) ҳаракати ташаббуси билан ташкил этилди. Reuters хабарига кўра, акцияларда ўн минглаб одам қатнашган.
Намойишчилар таълим тизимини яхшилаш, мактаблар учун маблағни кўпайтириш, яшаш харажатларини камайтириш ва мажбурий ҳарбий хизматга қарши чиқиш каби талабларни илгари сурди. Шунингдек, ёшлар ижтимоий адолат ва иқлим муҳофазасига кўпроқ эътибор қаратилишини истамоқда.
Акцияларнинг аксарияти тинч ўтган. Бироқ Франкфурт шаҳрида айрим дўконлар талон-торож қилиниб, савдо нуқталарига зарар етказилган. Гамбургда эса тўсиқлар ва чиқинди қутиларига ўт қўйилган. Кёльн ва бошқа айрим шаҳарларда полиция намойишчиларни тарқатиш учун сув пуркагичлардан фойдаланган.
Берлиндаги Бранденбург дарвозаси яқинида ташкилотчилар маълумотига кўра, қарийб 5 минг киши тўпланган. Штутгартда эса полиция намойиш вақтида 3 мингдан ортиқ иштирокчи бўлганини билдирган.
Ёшларнинг фикрича, ҳукумат уларнинг келажаги, таълим олиши ва кундалик ҳаётдаги муаммоларига етарлича эътибор қаратмаяпти. “Gen Z regelt” ташаббускорлари эса акцияларни тинч ўтказишга чақирган.































Изоҳлар 0
…