Дунёдаги "энг юпқа" механик қўл соати Швейцарияда мукофотланди

Россиялик мустақил соатсоз Константин Чайкин яратган ThinKing Mystery модели Швейцариянинг Женева шаҳрида ўтказилган нуфузли Grand Prix d’Horlogerie de Genève (GPHG) танловида «Жасорат» (Audacity Prize) мукофотига сазовор бўлди. Бу ҳақда Коммерсантъ хабар берди.
2026 йил 7 ноябрь куни топширилган мукофот соатсозликдаги ноодатий ёндашув ва ижодий жасорат учун берилади.
ThinKing Mystery моделининг қалинлиги атиги 1,65 миллиметр, оғирлиги эса тасмасиз 12,1 граммни ташкил этади. Шу жиҳати билан у дунёдаги энг юпқа механик қўл соати ҳисобланади.
Соат механизми 284 та деталдан иборат. Унда вақт анъанавий миллар ёрдамида эмас, балки шаффоф сапфир дисклари орқали кўрсатилади. Моделнинг яна бир ўзига хос жиҳати — унинг механизми корпус билан бирлаштирилган.
Ишлаб чиқарувчи маълумотига кўра, ушбу соатдан дунё бўйлаб атиги 12 дона ишлаб чиқарилади. Нархи 400 минг Швейцария франки атрофида, солиқларсиз.
Қайд этиш жоизки, Константин Чайкин 2018 йилда ҳам GPHG танловида «Жасорат» мукофотини қўлга киритган. Ўшанда унинг Clown модели тақдирланган эди.

Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…