Прагада икки поезд тўқнашди, 46 киши шифохонага ётқизилди

Чехия пойтахти Прагада икки поезднинг юзма-юз тўқнашиши оқибатида 46 киши турли даражада жароҳат олди. Улар орасида 16 нафар хорижий фуқаро ҳам бор. Икки поезд машинисти оғир жароҳатланган. Ҳозирча ҳалокат оқибатида ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот берилмаган.
Ҳодиса эрталабки тирбанд вақтда, маҳаллий соат билан тахминан 07:00 да содир бўлган. Поездлар пойтахт марказидаги бош темирйўл вокзали яқинида жойлашган кўприк устида тўқнашган. Ҳокимият вакиллари таркиблар шаҳар ҳудудида нисбатан паст тезликда ҳаракатланганини билдирган.
Чехия транспорт вазири Иван Беднаржик маҳаллий оммавий ахборот воситаларига берган изоҳида ҳодисанинг аниқ сабаби ҳали маълум эмаслигини айтган. Унинг сўзларига кўра, ҳалокатга техник носозлик ёки инсон омили сабаб бўлгани ҳақида ҳозирча хулоса қилиш эрта. Бироқ дастлабки маълумотлардан бири поездлардан бири тақиқловчи светофор ишорасига қарамай ҳаракатланганини кўрсатмоқда.
Вазир воқеа тафсилотларини синчиклаб ўрганиш ва темирйўл транспорти хавфсизлигини янада ошириш учун зарур чораларни кўриш мақсад қилинганини билдирган.
Қутқарув хизматлари поездларда бўлган барча йўловчиларни эвакуация қилиш учун қарийб икки соат вақт сарфлаган. Ҳодиса жойидан олинган суратларда қутқарувчилар жароҳатланганларни замбилларда олиб чиққани акс этган.
Прага полиция бошқармаси маълум қилишича, қутқарув операцияси якунланган. Ҳозирда поездлар тўқнашувига олиб келган ҳолатларни аниқлаш бўйича тергов бошланган.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар

































Изоҳлар0
…