Қрим кўпригида бир ҳафта ичида учинчи ҳужум қайд этилди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Россия томонидан аннексия қилинган Қрим яриморолини боғловчи Керч кўпригига бир ҳафта ичида учинчи бор ҳужум уюштирилди.
- Россия томонидан тайинланган Қрим раҳбари Сергей Аксёнов 19 ноябрга ўтар кечаси содир бўлган ушбу ҳодиса сабабли кўприкда транспорт ҳаракати вақтинча тўхтатилганини маълум қилди.
- Ҳозирда тегишли хизматлар воқеа жойида ишламоқда ва етказилган зарар баҳоланмоқда.
Россия томонидан аннексия қилинган Қрим яриморолини Россия ҳудуди билан боғловчи Керч кўпригига яна ҳужум қилинди. Ҳодиса ортидан кўприкда транспорт ҳаракати вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Россия томонидан тайинланган Қрим раҳбари Сергей Аксёнов 19 ноябрга ўтар кечаси Телеграм-каналида маълум қилди.
“Қрим кўпригига янги ҳужумдан сўнг транспорт ҳаракати вақтинча тўхтатилди. Барча тегишли хизматлар воқеа жойида ишламоқда. Етказилган зарар баҳоланмоқда”, деб ёзган Аксёнов.
Бу ҳафта давомида кўприкка учинчи бор ҳужум қилиниши бўлди. Аввал 16 ва 17 ноябрь кунлари ҳам унга зарбалар берилган эди. Иккинчи ҳужум оқибатида Керч бўғози устидан ўтган кўприкнинг автомобил йўлига тегишли 227 метрли қисми қулаб тушган. Темирйўл қисми ҳам шикастланган, бироқ кейинчалик унда поездлар ҳаракати тикланган.
Учинчи ҳужумнинг аниқ оқибатлари ҳозирча маълум эмас. Айрим манбаларда зарбалар кўприкнинг темирйўл қисмига йўналтирилгани ҳақида хабарлар тарқалган, бироқ бу маълумот расман тасдиқланмаган.
Украина қуролли кучларидаги манбалардан бири The Guardian нашрига берган изоҳида, аввалги ҳужумлар Россия президенти Владимир Путинни халқаро майдонда ноқулай аҳволга солиш мақсадида амалга оширилганини билдирган. Унинг таъкидлашича, Қрим кўприги Путин ҳукмронлигининг рамзларидан бири ҳисобланади. Уни вайрон қилиш орқали Россия раҳбарининг кучи ҳақидаги тасаввурга зарба бериш кўзланган.
Маълумот учун, Қрим кўприги 2018 йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, Россия ҳудудини 2014 йилда аннексия қилинган Қрим яримороли билан боғлайди. Украина кўприк қурилишини ноқонуний деб ҳисоблайди. Киев аввал ҳам унга ҳужум қилган: 2022 йилда юк машинасига ўрнатилган бомба портлаши, 2023 йилда эса денгиз дрони зарбаси оқибатида кўприк шикастланган.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…