22:55 / 13.02.2019
10 642

Яна эшак ва эшак гўшти можароси

Яна эшак ва эшак гўшти можароси
Бугун эшак ва эшак гўшти муаммоси дунёнинг бошқа бир бурчагида — Кенияда долзарб тус олган. Ҳаммасига мамлакатда эшак гўшти истеъмоли ва экспортига расман рухсат берилиши сабаб бўлган. Бу ҳақда BBC’га таяниб, «Халқ сўзи» хабар берди.

Кения мисолида ҳам асосий харидор сифатида Хитой ўртага чиққан.

Эшак гўшти ва терисига бўлган бунча талабни кўриб, маҳаллий қассоблар кунига мингтача эшак сўйишга ўтишган. Бунинг ортидан, бозорда эшакларнинг нархи осмонга сапчиган, эшак ўғрилари сони кескин кўпайган. Кения қишлоқларида ҳали-ҳануз кўпчилик эшаклар меҳнатидан фойдаланади. Эшакларда сув, ўтин, кўмир келтиради, қум ташиб, сотиб, тирикчилигини ўтказади.

Уларнинг айтишларича, мавжуд вазиятни кўриб, уйқуларини йўқотишган, эшакларини ўғрилардан ҳимоя қилиш ташвишига тушиб қолишган.
Маълум бўлишича, ҳаммадан ҳам экспертлар хавотирда. Уларга кўра, эшакларни сўйиш жараёни жадаллик билан тартибга солинмаса, бор-йўғи 10 йилнинг ўзида Кенияда бирорта ҳам эшак қолмаслиги мумкин.

Эшак ўғрилари, эшак гўшти ва эшак териси мавзуси яқинда Марказий Осиё давлатларида ҳам бўй кўрсатганди.
Маҳаллий аҳоли орасида ва оммавий-ахборот воситаларида қизғин баҳсу мунозараларга ҳам сабаб бўлган.

Ўтган йил бошида «Ўзбекистон 24» телеканали эшак гўштини мол гўшти дея жамоат ошхоналарига тарқатган уч шахс қўлга олингани ҳақидаги кўрсатувни намойиш этган.

2017 йил ноябрида эса Тошкентдаги колбаса цехига Хоразмдан 69 килограмм эшак гўштини олиб келган икки шахс ва бу гўштни мол гўшти деб расмийлаштирган цех ходимлари устидан жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинганди.

Қирғизистонда эса ўтган беш йил ичида эшаклар сони икки баробар камайиб кетган. Ҳукумат берган маълумотларга кўра, 2012 йилда мамлакатда 77 минг бош эшак бўлган.

2017 йилга келиб эса уларнинг сони 33 мингтага тушиб қолган. Экологларнинг огоҳлантиришларича, яна бир неча йилдан кейин Қирғизистонда ҳам эшаклар умуман йўқолиб кетиши мумкин.
Хабарга кўра, хитойликлар эшак терисини эцзяо желатини тайёрлашга ишлатади.

Анъанавий хитой тиббиётида бу желатин билан камқонлик ва саратон хасталиклари даволанган, ҳозирда эса у косметика, озиқ-овқат саноати ва қандолат маҳсулотларига қўшилади. Хитойда уни «ҳаёт» ёки «ёшлик эликсири» сифатида реклама қиладилар.

Хитой табибларининг иддао қилишича, бу эликсир қон айланишини яхшилайди, бола тушиб қолиши олдини олади ва тери қаришини секинлаштиради.
Alibaba интернет-дўконида эцзяо асосида тайёрланган маҳсулотлар нархи $2000 га қадар етиши мумкин.

Хитойнинг Соғлиқни сақлаш бўйича давлат қўмитаси эцзяонинг фойдали хусусиятлари бўрттириб юборилгани ҳақида огоҳлантиришига қарамай, эшак терисини қайта ишлаш соҳаси фақат гуллаб-яшнамоқда.

Хитойнинг ўзида йилига 4 миллион эшак эцзяо тайёрлаш учун сўйилади. Расмий маълумотларга кўра, мамлакатдаги эшаклар сони 1990 йилдаги 11 миллиондан 2017 йилда 3 миллионга тушиб қолган.

Узоқ йиллар давомида эшаклар Хитойга Африкадан олиб келинган. Аммо бу қитъадаги камида етти давлат жониворларнинг хорижга сотилишини тақиқлаб қўйган. Ўшандан сўнг хитойлик тадбиркорлар эътиборини Марказий Осиёга қарата бошлаган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Яна эшак ва эшак гўшти можароси