Қосим-Жомарт Тоқаев ҳокимларга: «Кўрсатган хизматинггаям, тажрибанггаям қараб ўтирмайман»

  • 15 июль 2019, 18:56
  • 1 631
  • Дунё
  • Қосим-Жомарт Тоқаев ҳокимларга: «Кўрсатган хизматинггаям, тажрибанггаям қараб ўтирмайман»
    Фото: «Казинформ»
    Қозоғистон ҳукуматининг кенгайтирилган йиғилишида президент Қосим-Жомарт Тоқаев ҳудудларга сармоя жалб этишда оқсаётган ҳокимларни танқид қилди. Бу ҳақда «Казинформ»га таяниб "Хабар" нашри маълум қилмоқда.

    Давлат раҳбари таъкидладики, Қозоғистон халқаро сармоялар бозорида ўта жиддий рақобатга учраяпти. Бу ёқда эса ҳудудий ҳокимиятлар вакиллари бесамар ишламоқда.

    «Шуям ишми?! Ўзларинг столнинг тепасида ўтириб олиб, уларни (хорижлик инвесторлар — таҳр.) икки, уч метр нарига ўтқазиб қўясизлар. Худдики ўзингизни аллақандай князлардек тутяпсизлар. Худди инвестициялар сизга эмас, уларга керакдек», — деди президент.

    Тоқаев ҳокимларга катта раҳбар ўйинини бас қилиб, яхшиси, сармояларни жалб қилиш бўйича керакли адабиётларни топиб ўқишни маслаҳат берди. Масалан, Ли Куан Юнинг Сингапурга инвестиция жалб қилишга бағишланган «Учинчи дунёдан биринчисига» китобини.

    «Ли Куан Юнинг айтишича, жуда муваффақиятли мамлакатнинг бош вазири бўла туриб, у тинмай ҳали АҚШ, ҳали бошқа мамлакатларга зир қатнаб сармоядорларнинг кўнглини овлаган. Сиз ҳам шундай қилинг, раҳбар-раҳбар ўйнамай. Бу сизга ярашмайди, тўғриси. Айниқса, телевизорда жуда хунук кўринасизлар», — деди Тоқаев.

    Қозоғистон раҳбари ҳудудларга борган чет эллик инвесторларнинг арзини ҳам тилга олди.

    «Вилоятларга борганда хорижлик инвесторлар биринчи навбатда ҳукумат вакилларининг аллақандай тушуниб бўлмас талаблари билан тўқнаш келишмоқда. Сизларни огоҳлантирдим. Ҳеч қандай кўрсатган хизматларингиз, тажрибаларингизга қараб ўтирмайман, жазо тайин», — деди Қосим-Жомарт Тоқаев.

    » » Қосим-Жомарт Тоқаев ҳокимларга: «Кўрсатган хизматинггаям, тажрибанггаям қараб ўтирмайман»