Доналд Трампга нисбатан импичмент эълон қилинди: буёғига нима бўлади?

  • 19 декабрь 2019, 14:30
  • 1 379
  • Дунё
  • Доналд Трампга нисбатан импичмент эълон қилинди: буёғига нима бўлади?
    Доналд Трамп мамлакат тарихида Конгресснинг Вакиллар палатаси томонидан импичмент эълон қилинган учинчи президент бўлди. Энди Трамп ўз вазифасини бажаришда давом этиш-этмаслиги ҳақидаги қарорни Сенат 2020 йил январда қабул қилади.

    Конгрессда тақдим этилган ҳар икки айлов бўйича икки марта овоз бериш ўтказилди – “ҳокимият ваколатини суиистеъмол қилиш” бўйича 230 конгрессмен импичмент учун, 197 конгрессмен эса унга қарши овоз берди; “конгресс ишига тўсқинлик қилиш” айблови бўйича конгрессменлардан 229 нафари импичментни ёқлаб, 198 киши эса бунга қарши овоз берди.

    Импичмент эълон қилиниши учун эса бу икки айблов моддасидан исталган бири бўйича 216 та овоз йиғиш етарли бўларди.

    Овоз бериш арафасида Демократик партия вакиллари Доналд Трампни ҳокимиятдан четлатиш уринишидан ортга қайтмасликлари ҳақида изоҳ беришди. Аммо бу овоз бериш Қўшма Штатлар президенти ўз вазифасини тарк этиши лозимлигини англатмайди. Яна унга нисбатан расман эълон қилинган импичмент кейинги муддатга сайланишига тўсқинлик қилмайди.

    Шу ҳафта душанба куни Конгрессдаги демократлар 658 саҳифалик ҳисоботни эълон қилган, унга кўра Доналд Трамп порахўрлик ва Украина президентини АҚШнинг собиқ вице-президенти Жой Байденнинг ўғлига қарши тергов ўтказишга ундашда айбланган эди.

    Импичментнинг моҳияти
    Бунгача Конгресснинг ҳуқуқ қўмитаси президентга импичмент эълон қилинадиган моддаларни тасдиқлади: ҳокимият ваколатини суиистеъмол қилиш ва конгресс ишига тўсқинлик қилиш. “Ҳокимият ваколатини суиистеъмол қилиш” деганда Доналд Трампнинг Украина президенти Владимир Зеленский билан шу йил 25 июлда ўтказган суҳбати назарда тутилган.

    Оқ Уй раҳбари бу суҳбатда Зеленскийдан АҚШнинг собиқ вице-президенти Байденга қарши тергов бошлашни сўраган. Унинг ўғли Хантер Байден 2014-2019 йиллар орасида Burisma украин нефт-газ компанияси директорлар кенгаши аъзоси бўлган ва Трампнинг даъвосига кўра коррупцион схемаларда қатнашган.

    Жо Байден эса ўша вақтда АҚШ маъмуриятида Украина бўйича масъул вазифада ишлаган. Конгрессдаги республикачилар фикрича Байден унинг ўғлини коррупция бўйича жавобгарликка тортмоқчи бўлган Украина ҳуқуқ-тартибот идораларининг бошлиқларини ишдан кетказишга аралашган.

    Трампнинг Байден бўйича сўровини демократлар хорижий давлатнинг АҚШдаги сайлов жараёнига аралашиши деб баҳолади.

    Бундан ташқари, демократлар АҚШ президентини Вакиллар палатаси ишига тўсқинлик қилишда ҳам айблади: Трамп ўзининг маъмуриятидаги юқори лавозимли амалдорларга қонунчиларнинг сўровларига жавоб қайтариш ва импичмент жараёни доирасида қўмиталарнинг мажлисларида сўзга чиқишни тақиқлаган.

    “Айблов моддалари президент Доналд Трамп ўзининг шахсий ва сиёсий манфаатларини миллий хавфсизлик манфаатларидан, шаффоф ва эркин сайлов тизимимиз манфаатларидан устун қўйганини тасдиқлайди. У ҳуқуқбузарликларда иштирок этган. Агар биз бунга нуқта қўймасак, у яна давом этади. Айнан шунинг учун президент Доналд Трампга импичмент эълон қилиниши ва у ҳокимиятдан четлатилиши лозим”, дейилади Конгресснинг ҳуқуқ қўмитаси эълон қилган ҳисоботда.

    Сешанба куни Вакиллар палатасининг назорат қўмитаси импичмент жараёни доирасида овоз бериш қоидаларини тасдиқлади. Умуман олганда, жараён Конгрессдаги қонунчилар томонидан тасдиқланишига жуда камчилик шубҳа қилганди: қўмитада тўққиз демократ ва унга қарши чиқиши мумкин бўлган атиги тўрт республикачи бор.

    Қанча демократ овоз беришдан бош тортди?
    Ҳали импичмент жараёни Конгрессда муҳокама қилинмасидан олдин Демократик партиянинг икки вакили бу ташаббусни қўлламаслиги ҳақида очиқ баёнот билан чиққанди.

    Ню-Жерси штати вакили Жефф Ван Дрю ва Миннесота штатидан Коллин Питерсон амалдаги президентга қарши айбловларни қўллаб-қувватламаслигини айтган. Шу ҳафта бошида АҚШ оммавий ахборот воситалари конгрессмен Ван Дрюнинг офисидаги ходимлар унинг бу баёнотидан кейин ишдан бўшашга ариза бергани ҳақида хабар қилганди.

    Нечта республикачи импичментни қўллаб-қувватлади?
    Чоршанба куни муҳокама бошланишидан олдин демократларнинг етакчилари АҚШнинг жорий президентига импичмент эълон қилиш “виждон овози” бўлиши, бу худди америкалик аскарларни урушга юборишдек муҳим аҳамиятга эгалигига урғу берди.

    2019 йил ноябрда демократлар оралиқ сайловларда ғалаба қозониб Вакиллар палатасини ўз назоратига олди. Сайлов натижаларига кўра Трампнинг рақиблари бунгача республикачилар устунлик қилиб келган 31 та сайлов округига эга чиқди. Вакиллар палатасидаги ўринлар 233 демократ ва 197 республикачи ўртасида тақсимланди, битта ўринни мустақил депутат эгаллади, яна тўртта ўрин эса бўш қолмоқда.

    Шунинг учун биронта ҳам республикачи импичмент жараёнини қўллаб-қувватламади. Овоз беришдан икки кун олдин, душанба куниёқ Конгрессдаги республикачилар етакчиси Кевин Маккарти президентни қўллаб-қувватлашни тўхтатмаслиги, унинг партиядаги сафдошларидан бирон киши ҳам импичмент учун овоз бермаслиги ҳақида айтган эди.

    Сенат нимани ҳал қилади?
    Вакиллар палатасида овоз берилганидан кейин чиқарилган қарор АҚШ президентининг тақдирини узил-кесил ҳал қилиш учун Сенатга юборилади. Конституцияга кўра Конгресснинг импичмент ҳақидаги қарори “устун мавқе”га эга. Шунинг учун юқори палата бошқа барча муҳокамаларни четга суриб, биринчи навбатда шу ташаббусни кўриб чиқишга мажбур.

    Ҳафта бошида Конгрессдаги демократлар етакчиси Чак Шумер Сенатдаги республикачилар раҳбари Митч Макконелга ўзаро келишувга эришиш ва импичмент жараёнини кўриб чиқишни таклиф қилди.

    Конституцияга кўра, Сенат Конгресс томонидан тасдиқланган айбловни кўриб чиқиши шарт. Бу жараён вақтида барча сенаторлар ҳакамлик ҳайъати аъзолари вазифасини бажаради. Ўз навбатида Вакиллар палатаси спикери Ненси Пелоси айблов прокурори ва гувоҳлари сифатида қатнашиши керак бўлган қонунчиларни тайинлайди. Оқ Уй эса бу мажлисларга ўзининг адвокатларини жўнатиш имконига эга.

    Демократлар муҳокамага кимларни чақирмоқчи?
    Душанба куни Конгрессдаги демократлар етакчиси Чак Шумер Сенатга хат жўнатиб, айблов муҳокамасига тўрт нафар гувоҳ – Оқ Уй маъмурияти раҳбарияти вазифасини бажарувчи Мик Малвен, президентнинг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Жон Болтон, Оқ Уйнинг бошқарув ва бюджет масалалари бўйича ходими Майкл Дафф ва маъмуриятнинг амалдаги раҳбари маслаҳатчиси Рберт Блейрни чақиришни сўради.

    Демократларнинг фикрича, уларинг барчаси Украинага бериладиган 391 миллион долларлик ҳарбий ёрдам вақтинча тўхтатилишига алоқадор.

    Сешанба куни Митч Макконел демократларнинг таклифини рад этди ва импичмент жараёни борасидаги барча ҳаракатларини Оқ Уй ҳуқуқшунослари билан мувофиқлаштирган ҳолда олиб боришини айтди.

    Қоидага кўра, АҚШ Олий Суди раҳбари Жон Робертс импичмент жараёнини кўриб чиқишга бошчилик қилиши лозим. Шунинг учун бу иш қанча вақт олиши ҳозирча ноаниқ.

    Ўтган ҳафта Fox News телекомпаниясига берган интервюсида Митч Макконел бу айблов ортиқча гувоҳларни чақирмай кўриб чиқилиши мумкинлигини айтганди.

    “Яхши биласизки, агар сизда етарлича овозлар бўлса ва айблов жуда заиф асосга эгалигига аниқ ишонсангиз, президентнинг адвокатлари каби сиз ҳам қисқа мажлис бўлишини афзал кўрасиз”, деганди у журналистларнинг саволларига жавобан.

    Президент Трампнинг ўзи ҳам мухбирлар билан суҳбатда ўзининг иши Сенатда имкон қадар тезроқ кўриб чиқилишини афзал билишини тасдиқлади.

    “Мен улар истаган барча нарсани қилишга тайёрман. Бу ҳеч нарсани англатмайди. Мен узоққа чўзиладиган жараёнга ҳам тайёрман. Чунки (Украина президенти билан суҳбат ҳақида хабар берган) аслида фирибгар бўлган маълумот етказувчини кўришни истайман”, деди у.

    Импичмент жараёни айни шу тартибда юз беради

    Буёғига нима бўлади?
    Конгрессдаги республикачилар Вакиллар палатаси илгари сурган айбловларни 2020 йил январидаёқ кўриб чиқишни бошлайди. Шу билан бирга Конгресснинг юқори палатаси (Сенат) президентни тўла оқлаб юборишига кўпчилик шуҳба қилмайди. Чунки Трампнинг рақиблари Сенатда ҳам импичментни ўтказиш учун унинг учдан икки қисм овозига эга бўлиши керак. Аммо ҳозир Сенатдаги 47 ўрин демократларга, қолган 53 ўрин эса республикачиларга тегишли эканлиги масалани ҳал қилиб қўя қолади.

    Яна бир муаммо АҚШнинг келгусидаги сиёсати саналади. Трампга ҳозир импичмент эълон қилиниб, кейинроқ Сенат томонидан оқланса, демократлар келажакдаги кўплаб қонунчилик ташаббусларида Оқ Уй билан ҳамкорлик қилишига тўғри келади. Бундан ташқари, АҚШнинг амалдаги президентига импичмент эълон қилиниши унинг 2020 йилдаги сайловларга яна ўз номзодини қўйиши ва сайловолди жараёнида қатнишишига тўсиқ бўлмайди.

    Шундай бўлган тақдирда демократлар Трамп билан қандай ҳамкорлик қилмоқчилиги ҳозирча номаълум.

    “Агар президент жавобгарликка тортилмаса, агар менинг Сенатдаги ҳамкасбларим қасамёд билан киришган ўз вазифаларини бажармаса, унда бизнинг демократиямиз хавф остида қолади”, деди конгрессмен Девид Сисиллин Бип-Би-Сига.

    Импичмент нима?
    Импичмент (инглизча impeachment — “ишончсизлик”, лотинча impedivi — “қаршилик қилиш”, “қисқартириш”) – маҳаллий ёки марказий ижро ҳокимияти амалдори, ҳатто президентгача бўлган расмий шахсларга айблов эълон қилиш ва уларни кейинчалик вазифасидан четлатиш имконини берадиган жараён. Бу жараён бошланишига одатда расмий шахснинг ноқонуний, аниқ билиб турган ҳолда ҳуқуқбузарликка қўл уриши, ваколатларини суиистеъмол қилиши ҳақидаги даъволар асос бўлади.

    АҚШнинг бутун тарихи давомида уч нафар президент Вакиллар палатаси томонидан импичментга учраган, аммо Сенат томонидан оқланган, яъни, бу жараёнда талаб қилинган ⅔ қисм овозни йиға олмаган: 1) 1868 йилда Эндрю Жонсон (ҳарбий вазирни ноқонуний равишда истеъфога чиқарганликда айбланган); 2) 1998-199 йилларда Билл Клинтон (Моника Левински билан муносабатлари бўйича ёлғон гувоҳлик бериш ва суд ишига тўсқинлик қилишда айбланган); 3) 2019 йилда Доналд Трамп (ҳокимият ваколатларини суиистеъмол қилиш ва одил судга тўсқинлик қилишда айбланди).

    » » Доналд Трампга нисбатан импичмент эълон қилинди: буёғига нима бўлади?