17:30 / 14.03.2020
1 283

Билл Гейтс Microsoft директорлар кенгашини тарк этди

Билл Гейтс Microsoft директорлар кенгашини тарк этди
Фото: EPA
Microsoft асосчиси Билл Гейтс компания директорлар кенгашини тарк этишга қарор қилди. «РБК»нинг ёзишича, бу ҳақда у ўзининг LinkedIn саҳифасида маълум қилган.

«Microsoft ҳар доим ҳаётимнинг муҳим қисми бўлиб қолади ва мен Сатя Наделла (корпорациянинг бош директори) ва техник раҳбарият билан компаниянинг қарашларини шакллантириш ва улкан мақсадларга эришишда ёрдам беришда давом этаман», — деган у.

Корпорация хабарида айтилишича, Билл Гейтс соғлиқни сақлаш, таълим ва иқлим ўзгаришига қарши кураш соҳасидаги хайрия ишларига кўпроқ вақт сарфламоқчи. У компанияда Наделла ва бошқа Microsoft раҳбарларининг маслаҳатчиси сифатида ишлашда давом этади.
Гейтс, шунингдек, Berkshire Hathaway инвестиция фонди директорлар кенгашидан ҳам кетишини маълум қилган.

Гейтс Microsoft’га 1975 йилда тадбиркор Пол Аллен билан асос солган. У 2008 йилгача компания бош директори бўлган. Сўнг рафиқаси Мелинда билан бирга асос солган хайрия жамғармаси (Bill & Melinda Gates Foundation)га кўпроқ эътибор қаратиш учун ушбу лавозимни тарк этган.
Тадбиркор директорлар кенгашига 2014 йилгача раҳбар бўлган. Сўнг бу лавозимни Жон Томпсон эгаллаган.

Билл Гейтс Microsoft акцияларининг тахминан 1 фоизига эгалик қилади. Forbes унинг бойлигини 103,6 миллиард долларга баҳолаган, журнал уни дунёнинг энг бой одамлари рейтингида (Amazon бош директори Жефф Безосдан кейин) иккинчи ўринга қўйган. Bloomberg миллиардерлар рейтингида биринчи ўринга чиқиб олган.

Билл Гейтс Microsoft тарк этди
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)