16:38 / 07.07.2020
1 462

Ангола собиқ президентининг қизи давлатнинг миллиардлаб долларини талон-торож қилганликда айбланмоқда

Ангола собиқ президентининг қизи давлатнинг миллиардлаб долларини талон-торож қилганликда айбланмоқда
Фото: Reuters
Ангола ҳукуматига миллиардлаб доллар зарар келтирганликда айбланаётган Африканинг энг бой аёли Изабель душ Сантуш ўз номини оқлаш учун тергов билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда Bloomberg хабар бермоқда.

Қайд этилишича, Ангола собиқ президенти Жозе Эдуард душ Сантушнинг қизи бўлган Изабель ўз номи ва обрўсига путур етказаётган бу масалани тезроқ ҳал қилишни хоҳланишини билдирган. «Мен, доимгидек очиқман, одил судлов билан ҳамкор қилишга ва ҳақиқат қарор топиши учун барча зарур тушунтиришларни беришга тайёрман», — деган у.

Унга нисбатан бир нечта жиноий иш қўзғатилган. Хусусан, Изабель душ Сантуш йирик миқдорда талон-торож қилиш, фирибгарлик ва ўз хизмат мавқейини суиистеъмол қилганликда гумонланмоқда. Ангола ҳукуматига кўра, унинг ноқонуний ҳаракатларидан келтирилган зарар миқдори 5 миллиард долларни ташкил этмоқда.

Январь ойи охирида душ Сантуш давлатнинг Сонангол нефть компанияси маблағларини ўзлаштирганликда айбланган. У жиноятни компания директорлар кенгаши раиси вазифасини эгаллаган вақтда содир этган деб тахмин қилинмоқда. Ушбу лавозимни 2016—2017 йилларда эгаллаган ва мамлакатга янги раҳбари ҳокимиятга келганидан кейин ишдан олинган.

Изабель душ Сантушнинг ўзи эса бу айбловларни қатъий рад этмоқда ва жиноий таъқибни сиёсий сабаблар билан боғлаб, уни «таҳдид» деб қараётган амалдаги ҳукуматнинг «мувофиқлаштирилган сиёсий ҳужуми» деб атаган.

2019 йилда душ Сантушнинг Анголадаги ҳисоб рақами музлатилган. Шундан сўнг, 2020 йилнинг февралида унинг Португалиядаги ҳисоблари Ангола ва Португалия расмийларининг биргаликдаги фаолияти натижасида ҳибсга олинган.

Манба: Daryo.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)