13:10 / 23.08.2020
2 467

Лихтенштейн ҳозирги ҳудудидан 10 баравар катта ерларни қайтариб олмоқчи

Лихтенштейн ҳозирги ҳудудидан 10 баравар катта ерларни қайтариб олмоқчи
Фото: «Pravda.com.ua»
Европа марказида жойлашган митти давлат Лихтенштейн Чехияга ўтиб кетган ерларини қайтариб олмоқчи, тегишли ҳужжатлар Европа инсон ҳуқуқлари бўйича судига тақдим этилган. Бу ҳақда «Financial Times» ёзмоқда.

Мамлакат Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Бенеш декретлари асосида (уларда Лихтенштейн ҳукумати нацизм билан ҳамкорликда айбланган) Чехословакия мусодара қилиб олган ерларини қайтариб олмоқчи.

Князлик ташқи ишлар вазири Катрин Эггенбергер таъкидлашича, ушбу ҳудуд аннексияси ҳанузгача мамлакат мустақиллиги ва суверенитетига соя ташлаб турган, ечимини топмаган жиддий муаммо саналади. Эггенбергерга кўра, мамлакат қанча кичик бўлса ўз манфаатларини ҳимоя қилиши шунчалик муҳим, бадалсиз мусодара эса ҳеч бир қолипга сиғмайди.

Чехия ташқи ишлар вазири Мартин Смолек ўз ҳамкасбига қуйидаги мазмунда жавоб қайтарди: Европа инсон ҳуқуқлари бўйича суди бу арзни қабул қилиши мумкинмас, чунки воқеалар Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенцияси шакллангунига қадар бўлиб ўтган, қолаверса, Суд илгари бу йўсиндаги ишларни кўриб чиқмаган.

Чехия ва Лихтенштейн ўртасидаги ҳудудий можаро бошланганига 70 йилдан ошди.

Лихтенштейн 2 минг квадрат километрдан зиёдроқ ҳудудни қайтариб беришни сўрамоқда. Бу ҳудудда Вальтице қароргоҳи ва Леднице неоготик қасрлари жойлашган — объектлар ЮНЕСКО ҳимоясига олинган. Ҳар икки мамлакат дипломатик алоқаларни фақат 2009 йилга келиб тиклашга муваффақ бўлишди.

Вальтице-Леднице манзаралари. Фото: «Kuku Travel»
Лихтенштейн Европадаги энг кичик мамлакатлардан бири:
Кипр — 9250 кв. км
Люксембург — 2586 кв. км
Андорра — 468 кв. км
Мальта — 316 кв. км
Лихтенштейн — 160 кв. км
Сан-Марино — 61,2 кв. км
Гибралтар — 6,5 кв. км
Монако — 1,95 кв. км
Ватикан — 0,44 кв. км.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Лихтенштейн ҳозирги ҳудудидан 10 баравар катта ерларни қайтариб олмоқчи