12:09 / 28.09.2020
1 438

Трамп ва Байден Тоғли Қорабоғдаги можарога муносабат билдирди

Трамп ва Байден Тоғли Қорабоғдаги можарога муносабат билдирди
Трампнинг сўзларига кўра, АҚШ можарони диққат билан кузатмоқда ва «уни қандай тўхтатиш мумкинлигини кўриб чиқяпти». Байден, ўз навбатида, Вашингтон ЕХҲТ иштирокида минтақадаги тинчлик жараёнини фаолроқ қўллаб-қувватлаши кераклигини айтди.

АҚШ президенти Дональд Трамп ва президентлик сайловларида унинг демократлардан рақиби Жо Байден Тоғли Қорабоғдаги можаронинг авж олишидан хавотирда. Мамлакат раҳбари бу ҳақда Оқ уйда ўтказилган брифингда айтиб ўтди, Байденнинг баёноти эса унинг штаби саҳифасида эълон қилинди.

«Ушбу минтақада биз [кўпчилик билан] яхши алоқаларга эгамиз. Кўрамиз, биз жанговар ҳаракатларни тўхтата оламизми ёки йўқми», - деди Трамп америкалик расмийлар вазиятни диққат билан кузатаётганини билдириб.

Жо Байденнинг хабарида айтилишича, у Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатлар бошланишидан хавотирда ва зудлик билан вазиятни барқарорлаштириш, ўт очишни тўхтатиш ҳамда Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги музокараларни тиклашга чақиради.

Унинг қўшимча қилишича, АҚШ ҳукумати ўт очишни тўхтатиш чизиғи бўйлаб кузатувчилар сони кўпайтирилишини талаб қилиши ва Россияни можаронинг ҳар икки томонига «сурбетлик билан қурол етказиб беришни» бас қилишга чақириши керак.

«Трамп маъмурияти, шунингдек, тинчлик ўрнатиш ва ишончни мустаҳкамлаш чораларини қўллаб-қувватлаш учун ЕХҲТ Минск гуруҳининг бошқа ҳамраислари, Франция ва Россия билан биргаликда дипломатик ҳаракатларини кучайтириши керак», - дея мурожаат қилди Байден Оқ уйга.

Унинг сўзларига кўра, Тоғли Қорабоғдаги янги ҳарбий ҳаракатлар йирик минтақавий можарога айланиб кетиши мумкин. Шу муносабат билан, Байденнинг хабарида таъкидланганидек, Кавказда жойлашган бошқа мамлакатлар бу можародан узоқроқ туриши керак, Минск гуруҳи воситачилари эса зудлик билан вазиятни барқарорлаштириш ҳамда музокараларни қайта бошлашга интилиши керак.

Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги жанговар ҳаракатлар 27 сентябрь куни эрталаб қайта бошланди, томонлар ҳарбий ҳолатни жорий қилди. Арманистон бош вазири Никол Пашинян Озарбойжон Тоғли Қорабоғ пойтахти Степанакертни бомбардимон қилганини билдирди ва Боку ҳаракатларини арман халқига қарши уруш эълон қилиш, деб атади.

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, ўз навбатида, кескинлашув Ереваннинг режалаштирилган провокацияси экани, у «узоқ вақтдан бери тайёрланиб келгани»ни айтди. Озарбойжон 550дан ортиқ арман ҳарбийлари, Арманистон эса 200дан ортиқ озарбойжонлик ҳарбий хизматчилар йўқ қилинганини хабар берди.

Ўзбекистон Озарбойжон ва Арманистонни ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиб, низони тинч йўл билан ҳал қилишга чақирди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)