18:30 / 07.11.2020
3 323

Россия разведка хизмати раҳбари коронавирус сунъий яратилгани ҳақидаги тахминга муносабат билдирди

Россия разведка хизмати раҳбари коронавирус сунъий яратилгани ҳақидаги тахминга муносабат билдирди
Фото: Кремль матбуот хизмати
Россия ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин коронавируснинг инсон омили воситасида яратилгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.

С.Наришкинга кўра, SARS-CoV-2 вирусининг сунъий йўл билан билан вужудга келтирилганини тасдиқловчи ишончли маълумотлар мавжуд эмас ва разведка идораси акс вариантни қўллаб-қувватлайди.

«Биз бу (яъни коронавирус) табиий йўл билан ҳосил бўлган деган фикрдамиз», – дейди ташқи разведка хизмати раҳбари.

Жорий йил июнь ойи охирида Россия президенти Владимир Путин ҳам коронавирус кимлардир томонидан майдонга чиқарилгани ҳақидаги тахминларни инкор қилган эди. Россия етакчиси дунё мамлакатлари турли фаразларга берилиш, ўзаро айблов ўрнига ушбу офатга қарши кучларни бирлаштириши муҳимлигини урғулаганди.

Коронавирус пандемияси даврида АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатлар кескин ёмонлашди. Алалхусус, Қўшма Штатлар раҳбарияти Хитойни коронавирус тарқалиши борасидаги реал ҳолатни яширишда айблаб келмоқда. АҚШ Давлат котиби Майк Помпеога кўра, расмий Пекин вазиятни аввал-бошда очиқ тан олиб, эпидемия ҳақида бор ҳақиқатни ошкор этганида эди, дунё ҳамжамияти қимматли вақтни бой бермаган бўлар эди.

«Афсуски, дастлаб Хитойнинг Уханида тарқалган ушбу вирус ҳақида, эпидемия ҳақида тез фурсатда хабардор бўлинмади. Негаки, Хитой ҳукумати, Хитой коммунистик партияси бу борадаги маълумотларни ўз вақтида тақдим этмади. Энг ачинарлиси, бунинг оқибатида дунё бўйлаб реал таҳдид юзага келди», – деди АҚШ бош дипломати Германиянинг Bild нашрига берган интервьюсида.

Президент Доналдьд Трамп дунё осойишталигини издан чиқарган хасталикни «хитой вируси» деб атагани ҳам дипломатик тортишувларга сабаб бўлган эди.

Ўз навбатида, расмий Пекин коронавирус АҚШ ҳарбийлари томонидан атайин тарқатилган деган иддаони илгари сурган. Хитой ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Чжао Лицзянь томонидан билдирилган ушбу фараз Хитойнинг Weibo ижтимоий тармоғида шов-шувларга сабаб бўлди. АҚШ Давлат департаменти Хитой элчисини суҳбатга чақириб, масъулиятсизларча берилган баёнот борасида изоҳ талаб қилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти пандемия ҳолатини эълон қилганидан буён дунё бўйлаб коронавируснинг келиб чиқиши борасида тадқиқотлар ўтказилмоқда, бу борада турли фараз ва тахминларга янграмоқда. Масалан, норвегиялик олим Биргер Соренсен SARS-CoV-2 вируси сунъий йўл билан ҳосил бўлгани дея хулоса берган.

Аммо фитна назариясига асосланган ушбу фараз кенг илмий жамоатчилик томонидан инкор қилинмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия разведка хизмати раҳбари коронавирус сунъий яратилгани ҳақидаги тахминга муносабат билдирди