00:30 / 30.11.2020
2 136

Ҳаёт учун энг зарур 6 элементнинг ҳаммаси кометада мавжудлиги тасдиқланди

Ҳаёт учун энг зарур 6 элементнинг ҳаммаси кометада мавжудлиги тасдиқланди
Фото: ESA
67P/Чурюмов-Герасименко кометаси ядросидан олинган чанг намуналарини текшириш шуни кўрсатдики, унда қаттиқ ҳолатдаги фосфор элементи мавжуд экан! Бу шуни англатадики, Ерда ҳаёт пайдо бўлиши учун энг зарур кимёвий элементларнинг барчаси кометалар орқали ташиб келтирилган бўлиши мумкин. Фанда бундай назария панспермия назарияси дейилади ва унга кўра, ҳаёт муждаларини кометалар бутун коинот бўйлаб ташиб юради, деб қаралади. Шундай кометаларнинг бирор қулай муҳитли сайёрага яқинлашувидан кейин ўша сайёрада ҳаёт юзага келиши мумкин.

Яқинда Қироллик астрономик жамияти сайтида Финляндиянинг Турку университети физика ва астрономия факультети олими Гарри Лето бошчилигидаги илмий гуруҳнинг шу ҳақидаги мақоласи эълон қилинди. Naked science нашри ушбу илмий ишнинг асосий жиҳатлари ҳақида материал берган эди. «Дарё» ушбу материални таржима тариқасида тақдим этади.

Розетта миссияси якунланганига тўрт йилдан ошган бўлса-да, у орқали олинган маълумотлар ҳали охиригача ўрганилгани йўқ. Тадқиқотчилар Розетта зондининг фойдали юкламасидаги энг муҳим қисмлардан бўлган COSIMA (Cometary Secondary Ion Mass Analyser) ускунасидан олинган маълумотларни таҳлил қилиб чиқди. Бу аппарат икки йил мобайнида 67P-Герасименко-Чурюмов кометасини бир неча километр масофадан туриб батафсил ўрганган.

Бошқа нарсалар қатори, зонд кометадан учиб чиққан ва унинг атрофида учиб юрган чанг зарраларидан ҳам тутиб олган. Ушбу чангни ёки комета ядросидаги модданинг буғланиши туфайли чиққан газлар оқими кўтариб чиққан бўлади ёки у кометанинг космик чанг билан тўқнашувидан ажралиб чиққан бўлади.

Макс Планк номидаги Германия Коинот физикаси институти томонидан ясалган COSIMA аппарати иккиламчи ионларни масса-спектрометрия воситасида таҳлил қилиш орқали комета ядроси чангининг кимёвий таркибини ўрганди. Бунда чанг зарралари индий ионлари билан нишонга олинди ва бунинг натижасида ҳосил бўлган иккиламчи ионларнинг спектри текширилди. Шундай экспериментларнинг бирида олимлар фосфор (P+) ионларини аниқлади. Олинган намуналарнинг қаттиқ экани ва атрофда газ моддалар йўқ ҳолатда очиқ коинотда олинганидан хулоса қилиндики, ядро кометаси материалида қаттиқ ҳолатдаги фосфор бирикмалари мавжуд экан!

Фосфорнинг апатит жинслари сингари буғланмайдиган бирикмалар таркибида мавжуд экани унга турли космик жисмлар таркибида кўчиб юришга имкони беради. Демак, ушбу механизмга нима учун Ер сайёрасида ҳаёт учун зарурий элементларнинг бу қадар мўл экани ҳақидаги саволга жавоблардан бири сифатида қараш мумкин. Бундан ташқари, кометада қаттиқ ҳолатдаги фтор ҳам аниқланди. Лекин буни янгилик дейиш қийин, чунки комета ядросидан фтор аввал ҳам топилган эди.

Фанга маълум биологик молекулаларнинг жуда кўп қисми олти асосий кимёвий элементдан ташкил топган ва ушбу кимёвий элементларнинг формуласидан CHNOPS шаклидаги аббревиатура ҳосил бўлади. Булар – углерод (C), водород (H), азот (N), кислород (О), фосфор (P) ва олтингугурт (S) элементларидир. Буларсиз ҳаёт мавжуд бўла олмас эди, чунки деярли барча ҳужайралардаги энг муҳим функцияларни айнан ушбу элементлар таъминлаб беради.

CHON қисми Ерда кўплигининг сабаби олимларга аввалдан маълум эди, яъни бу элементларга Ерга тез-тез қулайдиган C синфга мансуб астероидлар сабабчи бўлган эди. Олтингугуртнинг бу қадар кўп экани ҳам аввалдан ҳеч кимни ҳайрон қолдирмаган. Ердаги кўплаб қаттиқ жинслар таркибида олтингугурт сероб.

Фосфор борасида яқин-яқингача тушунарсиз ҳолат сақланиб қолаётган эди. Ёш юлдузлар ва кометалар атмосфераси атрофида муайян миқдорда газ ҳолатидаги фосфор мавжудлиги аниқланди. Лекин бу кимёвий элементнинг катта миқдорда Ерга ёки бошқа сайёрага етиб келиши учун у қаттиқ шаклда бўлиши лозим эди. Олимларнинг ушбу кашфиёти ҳаёт шаклланиши учун зарурий кимёвий элементларнинг қандай тарқалишини тушуниш йўлида ўта муҳим кашфиёт бўлди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Ҳаёт учун энг зарур 6 элементнинг ҳаммаси кометада мавжудлиги тасдиқланди