21:00 / 06.12.2020
3 291

Дариға Назарбоева яна катта сиёсатга қайтмоқда. Бу борада тахмин-тусмоллар талайгина...

Дариға Назарбоева яна катта сиёсатга қайтмоқда. Бу борада тахмин-тусмоллар талайгина...
Дариға Нурсултон қизи Назарбоева. 57 ёшли арбоб аёлнинг сиёсатга қайтиши ортидан ворислик хусусидаги тахминлар яна қайта муҳокама этила бошлади. Фото: «Reuters»
Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг тўнғич фарзанди Дариға Назарбоева яна катта сиёсатда. Кейинги йилларда турли можароли хабарлар қаҳрамони бўлишга улгурган сиёсатдон аёл номзоди иқтидордаги «Нур Отан» партиясидан парламент депутатлиги учун кўрсатилди.

Қозоғистонда навбатдаги парламент сайлови жорий йил 10 январь куни бўлиб ўтиши эълон қилинди. Сўнгги 16 йилда илк бор сайлов ўз муддатида ташкил этилмоқда. Бунга қадар овоз бериш тадбирлари муддатидан олдин ўтказилган. Парламент сайлови охирги марта 2016 йилнинг март ойида уюштирилган.

Депутатлик сайловида «Нур Отан», «Ак Жол», «Ауил», «Адал» ҳамда Қозоғистон халқ партияси вакиллари қатнашади. Мухолифат ҳаракати ўлароқ баҳоланаётган Умуммиллий социал-демократик партияси кутилмаганда бойкот эълон қилди. Партия сайловнинг адолатли ўтишига шубҳа билдирган.

Дариға Назарбоева сайловда отаси номидаги фонд раҳбари сифатида иштирок этади. У бунга қадар икки марта парламент депутатлигига сайланган. 2019 йил март ойида ҳатто юқори палата спикери лавозимини ҳам эгаллаган. Аммо жорий йил 2 май куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев фармонига биноан депутат Дариға Назарбоеванинг ваколати муддатидан аввал тугатилди. Депутатлик мақомидан маҳрум этилиши билан у автоматик равишда спикерлик рутбасидан ҳам айрилди.

Элбоши унвони ҳамда дахлсизлик мақомига эга отанинг қизи кутилмаганда халқ ноиблигидан бўшатилиши турлича баҳоланди. Ҳатто Дариға Назарбоевага қарши жиноий иш очилиши ва қамалиши борасида тахминлар илгари сурилди.

Унинг давлат бошқарувидан кетиши қанчалик таажжуб билан қабул қилинган бўлса, ошиғич равишда қайтиши ҳам шундай баҳоланмоқда.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Вадим Борейкога кўра, Дариға Назарбоева шунчаки депутатликка қаноат қилмайди, у спикер, ҳеч бўлмаганда вице-спикер лавозимини эгаллайди. Қозоғистон ижроия ва қонунчилик тизимида яқин вақтларда йирик кадрлар алмашуви кутилмоқда. Биринчи президентнинг қизи парламентда юқори мақомни қайта эгаллаши эса маълум маънода кучлар мувозанатини тиклашга қаратилган қадамдир.

Вадим Борейконинг таъкидлашича, биринчи президент Н.Назарбоевнинг ёши тобора ўтиб бормоқда. У ҳозирча ўз шогирди – амалдаги президент билан қадам-бақадам юришга ҳаракат қилаётган бўлса-да, яқин йилларда кексалик бунга йўл бермай қўяди. Шу боис ҳам у қизини дахлсизлик мақомига эга депутатликка ўтказиш орқали ҳам оиласи нуфузини сақлашга, ҳам кучлар мувозанатини тиклашга уринмоқда.

Д.Назарбоеванинг парламентга қайтиши ортидан у кейинроқ президентлик учун курашга киришади деган тахмин-тусмоллар ҳам пайдо бўлди. Аммо сиёсий шарҳловчи Нурлан Фадеев ушбу нуқтаи назарни қўллаб-қувватламайди. Таҳлилчига кўра, кейинги йилларда Элбоши сиёсий майдонда ёлғизланиб қолмоқда. Шу боис у навбатдаги парламент сайловидан фойдаланиб, ўз мавқеини қатъий мустаҳкамлашга интилмоқда.

Сўнгги уч-тўрт йилда Дариға хонимнинг шахсий ҳаётида ҳам долғали ҳодисалар рўй берди. Хусусан, гиёҳвандлик иллати домига тушган фарзанди Ойсултон сиёсий муҳожиротда – Буюк Британияда фожиали тарзда вафот этди.

Бу орада Лондонда Дариға Назарбоева ва унинг тўнғич ўғли Нуралига тегишли қаср ҳамда қимматбаҳо квартира суд томонидан коррупция гумони билан ҳибс этилди. Дариға хоним суд қарорини бекор қилиб, тураржойларини қўлида сақлаб қолган бўлса-да, Қозоғистон жамоатчилиги президентнинг қизи юз миллион долларлик мулкка эгалик қилаётганини олқишлар ила қабул қилмади, албатта. Дахлсизлик ҳуқуқини берувчи депутатлик рутбаси биринчи президент қизига барчасини янгидан – тоза саҳифадан бошлаш имконини туҳфа этса ажаб эмас.

С.Салим

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Дариға Назарбоева яна катта сиёсатга қайтмоқда. Бу борада тахмин-тусмоллар талайгина...