07:30 / 24.02.2021
979

АҚШда мексикалик наркобарон Эль Чапонинг рафиқаси ҳибсга олинди

АҚШда мексикалик наркобарон Эль Чапонинг рафиқаси ҳибсга олинди
Эмма Коронель Айспуро. Фото: Reuters
АҚШда Эль Чапо лақабли мексикалик наркобарон Хоакин Гусман Лоэранинг рафиқаси Эмма Коронель Айспуро ҳибсга олинди. Аёл 24 февраль, чоршанба куни Колумбия округ судига олиб борилади. Бу ҳақда мамлакат Адлия вазирлиги веб-сайтидаги маълумотга таяниб «РБК» хабар берди.

Адлия вазирлигининг маълумотига кўра, Айспуро кокаин, метамфетамин, героин ва марихуана моддаларини АҚШга импорт қилиш юзасидан тил бириктиришда иштирок этганликда айбланмоқда. Бундан ташқари, аёл 2015 йил июль ойида Гусманга Мексиканинг Альтиплано қамоқхонасидан қочишга ёрдам берганликда гумон қилинмоқда.

«2016 йил январь ойида Эль Чапо Мексикада қайта ҳибсга олингач, рафиқаси яна бир қочишни режалаштиришда иштирок этган», — дея таъкидлади терговчилар.

Гусман — «Синалоа» гиёҳванд моддалар картелининг раҳбари. 2014 йил февралигача АҚШ Адлия вазирлиги уни дунёдаги энг қудратли наркобарон деб атаган. Наркобарон икки марта қамоқдан қочишга муваффақ бўлган. Биринчи сафар у Гватемала ҳукумати томонидан 1993 йилда ҳибсга олиниб, Мексикага экстрадиция қилинган эди. У ерда суд наркобаронни 20 йилга озодликдан маҳрум қилди. Аммо 2001 йили наркобарон соқчиларнинг барчасини сотиб олиб, қамоқдан қочиб кетди.

Унга 2014 йилда иккинчи бор ҳукм ўқилган. Ўшанда наркобарон махсус қўриқланадиган қамоқхонага жойлаштирилган эди. Аммо 2015 йил июль ойида у ердан қочиб қутулган: унинг камераси остида бир ярим километрлик ерости йўли топилган.

2016 йил январь ойида Гусман яна Мексика ҳукумати томонидан ҳибсга олинди. Эль Чапо у ерда тушкунликда эканини билдирганида, буни енгиш учун қамоқхона раҳбарияти унга Мигель де Сервантеснинг «Дон Кихот» китобини берди. Бир йил ўтгач эса у АҚШга экстрадиция қилинди. Қўшма Штатлар 2019 йил июль ойида наркобаронни умрбод қамоқ жазосига маҳкум этди ва яна 30 йилга озодликдан маҳрум қилди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » АҚШда мексикалик наркобарон Эль Чапонинг рафиқаси ҳибсга олинди