14:10 / 05.03.2021
3 461

Жириновский яна бир куракда турмайдиган таклиф билан чиқди

Жириновский яна бир куракда турмайдиган таклиф билан чиқди
Фото: РИА «Новости»
Россия либерал-демократик партияси саркори Владимир Жириновский «Говорит Москва» радиостанцияси эфирида МДҲ мамлакатлари – собиқ СССР республикаларини Россия таркибига губерния сифатида қўшилишга чақирди.

Сиёсатчи Кремлнинг МДҲ давлатлари билан конфедерация, иттифоқ каби шаклдаги муносабатларидан кўра уларнинг губерния ўлароқ қўшилгани маъқул эканини урғулаган.

«Барча масалаларни ҳал этишнинг энг мақбул йўли тўлиқ хавфсизлик ҳамда ривожланган иқтисодиётни таъминлаш, 14 та собиқ совет республикаларининг Россия таркибига губерния ҳуқуқи билан киришидир: Душанбе, Бишкек, Ереван, Рига, Житомир, Киев губерниялари каби», – деган В.Жириновский.

Ўта баҳсли, кези келганда телба-тескари баёнотлари билан тилга тушган Жириновский кўпда буён СССРни тиклаш ғоясини байроқ қилиб келади. Номи либерал, аммо амалда либералликдан анчагина узоқ партия етакчисига кўра, МДҲ давлатларининг барчасини Иттифоқ замонидаги каби Россия қаламравига ўтказиш керак.

Сиёсатчи 1991 йилда СССРнинг парчаланишига сабабчи бўлган арбобларни жазолашни ҳам талаб қилиб келади. Жириновскийга кўра, «буюк мамлакат»ни парчалагани учун тарихга СССРнинг биринчи ва охирги президенти сифатида кирган Михаил Горбачёв ҳам қамоққа ташланиши керак.

Либерал партия раиси шовинистик руҳдаги чиқишлари билан ҳам соғлом фикрли жамоатчиликнинг ғазабини қўзғаб келади. Масалан, 2020 йил 10 декабрь куни Россия Давлат думасининг илм-фан ва таълим қўмитаси раиси Вячеслав Никонов 1-телеканалнинг «Большая игра» дастурида Қозоғистон деган давлат мавжуд бўлмагани, Қозоғистон ҳудуди Россия ҳамда Совет иттифоқи томонидан берилган катта совға эканини даъво қилган эди. Йирик дипломатик можарога айланган ушбу масалада ҳам Жириновский Никоновни қўллаб-қувватлаб, Қозоғистон давлатчилик анъаналарига эга бўлмагани, бари совет ҳукумати томонидан яратилганини иддао қилди.

Аввал хабар қилганимиздек, Жириновский коронавирус пандемияси даврида Марказий Осиё мамлакатлари учун Россия чегараларини ёпишни ҳам таклиф этган, минтақа давлатлари Хитойдан хавфлироқ эканини айтган эди.

Бундан ташқари, у суверен Беларусь республикасини Россияга қай йўл билан қўшиб олиш борасида ҳам заррача тортинмай мулоҳаза билдириб келмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Жириновский яна бир куракда турмайдиган таклиф билан чиқди