09:00 / 09.03.2021
694

Шаҳзода Гарри ва Меган Маркл Опра Уинфрига икки соатлик интервью берди

Шаҳзода Гарри ва Меган Маркл Опра Уинфрига икки соатлик интервью берди
Шаҳзода Гарри ва Меган Марклнинг Опра Уинфри билан интервьюсидан лавҳа.
Фото: Reuters

Британия шаҳзодаси Гарри ва унинг рафиқаси Меган Марклнинг америкалик телебошловчи Опра Уинфри билан интервьюси бўлиб ўтди. Икки соатлик суҳбат 7 март куни Америка вақти билан соат 20:00 да CBS телеканалида намойиш этилди. 8 март куни оқшомда уни Британиянинг ITV канали намойиш этади. Мазкур интервьюга қадар эр-хотиннинг қироллик ваколатларидан кечиб, ўз кунини ўзи кўришни бошлаганига бир йил бўлди, деб ёзмоқда «РБК».

Меган Маркл ва шаҳзода Гарри билан бўлган интервью эфирга чиқарилишидан бир неча соат олдин The Times нашри манбаларига асосланиб Букингем саройи томонидан ушбу интервьюга қирол оиласига нисбатан «уруш эълон қилиш» сифатида қаралишини ёзди. «Реакция кимнинг танқид қилинишига боғлиқ бўлади — қирол оиласими ёки муайян шахслар?», — деган газета манбаси. Газетанинг ёзишича, қирол оиласи «каттароқ муаммоларга эътибор қаратиши сабабли» Елизавета II интервьюни томоша қилмайди. Герцогинянинг ўзи «ортиқ қўрқувда яшамаслиги»ни айтган: «Қандай қилиб улар биздан жим юришимизни кутишини тушунмайман».

Хуфиёна ўтказилган тўй
Меган Маркл ҳамманинг кўз ўнгида ўтказилган тўй маросимидан уч кун олдин шаҳзода Гаррига хуфиёна турмушга чиққан эди. Расмий маросим 2018 йил 18 май куни Виндзор қасридаги Авлиё Георгий ибодатхонасида Кентербери архиепископи Жастин Уэлби бошчилигида бўлиб ўтган. Тўй маросимига 1,2 мингдан ортиқ жамоатчилик вакиллари ҳам таклиф қилинган.

Марклнинг сўзларига кўра, хуфиёна маросимда жуфтликнинг оила аъзолари қатнашмаган, фақат Кентербери архиепископи (Буюк Британиядаги Англия черковининг маънавий раҳбари) бўлган. «Биз орамиздаги ришталарни никоҳ билан боғлашни хоҳлагандик», — деб изоҳлаган Сассекс герцогиняси.

Қироллик оиласининг Марклга совуқ муносабати сабаб унда ўз жонига қасд қилиш фикри пайдо бўла бошлагани ҳақида
Марклнинг сўзларига кўра, тўйдан кейин қирол оиласи уни омма олдида тилини тийиб юришга мажбур қилган. Ўз ихтиёри билан сукут сақлаганми ёки бу эрининг қариндошлари томонидан қилинган босимми, деган саволга, герцогиня «иккинчиси» деб жавоб берди.

Эр-хотин қироллик ваколатидан воз кечишга қарор қилишидан олдин Маркл ўз жонига қасд қилиш ҳақида кўп ўйлаган: «Мен шунчаки ортиқ яшашни хоҳламасдим. Бу менда такрор-такрор кечаётган жуда аниқ, чинакам ва қўрқинчли фикр эди». Марклнинг сўзларига кўра, у буни эрига айтишдан уялган, аммо «агар эрига айтмаса, у бу иш амалга ошиши»ни тушунган.

Шу билан бирга, герцогинянинг таъкидлашича, қирол оиласи аъзолари «ушбу муассасани бошқарадиган кишилар»дан фарқ қилади. Маркл Елизавета II билан яхши муносабатда бўлган.

«Қироллик оиласи жуфтликнинг туғилажак фарзандининг териси рангидан хавотирланган»
Маркл биринчи ўғли Арчига ҳомиладор бўлганида, қирол оиласининг баъзи аъзолари ҳали туғилмаган боланинг «териси қанчалик даражада қора» бўлишидан хавотирланган. Сассекс герцогиняси уларнинг исмларини тилга олмади. Маркл акс ҳолда, ўзларига «жиддий хавф» орттиришини ва бу ҳақда унга эри айтганини қўшимча қилди. Шаҳзода Гарри ҳам тафсилотларни ошкор қилмади ва ўша ҳолатнинг ўзи уни «шок»ка туширганини таъкидлади. Маркл, шунингдек, анъанага зид равишда ўғлига шаҳзода унвони берилмагани, шунинг учун у қироллик ҳимоясига олинмаганини, шахсий тан соқчига эга бўлмаганини айтди.

Эр-хотиннинг ёзда туғиладиган иккинчи фарзанди қиз бўлиши кутилмоқда. «Фарзанд нечта бўлмасин, хоҳ битта, хоҳ иккита — бу жуда зўр. Бизнинг ўғлимиз бор, ҳадемай қизимиз ҳам бўлади, бундан ортиқ яна нимани хоҳлаш мумкин?», — деган шаҳзода Гарри.

Жуфтликнинг қироллик ваколатларидан воз кечиш ҳақидаги қарорига қироллик оиласининг муносабати
Гаррининг отаси, Британия тахтининг валиаҳди, шаҳзода Чарльз маълум вақт давомида ўғли билан гаплашишни ва унинг қўнғироқларига жавоб беришни тўхтатган. «Канадада яшаган пайтимиз бувим билан уч марта суҳбатлашдим, отам эса қўнғироқларимга жавоб беришни тўхтатмасидан олдин мен билан буларнинг ҳаммасини (қироллик ваколатларидан воз кечиш тўғрисидаги қарорни) ёзма равишда баён қилишимни сўраб, икки марта қўнғироқлашган», — деди герцог.

Гарри «масалани ўз қўлига олди», деган фикр билан Шаҳзода Чарльз ўғли билан алоқаларни тўхтатган. «Мен оилам учун шундай қилишим керак эди. Бундай қарор жуда қайғули, аммо руҳий саломатлигим учун, хотиним ва Арчи учун нимадир қилишим керак эди», — дейди шаҳзода. Гаррининг сўзларига кўра, ҳозир у отаси билан алоқаларни қайта тиклаган, аммо ўзаро муносабатларда «яхшилаш керак бўлган жиҳатлар бор».

Гаррининг қироллик оиласи билан муносабатлари ҳақида
Сассекс герцогининг сўзларига кўра, у отасини яхши кўради, лекин Чарльзнинг муносабати ва у билан ўзаро алоқалардаги муаммолардан ҳафсаласи пир бўлган: «Мен қаттиқ хафа бўлдим, чунки у ҳам қачонлардир шу вазиятни бошдан кечирганди-ку. У оғриқнинг нималигини билади... Кўплаб нохуш воқеалар содир бўлди». Гарри катта акаси, Кембриж герцоги Уильям ҳақида гапирар экан, улар «дўзахдан бирга ўтгани»ни айтди: «Тажрибамиз бир хил, лекин йўлларимиз бошқа-бошқа».

Гаррининг таъкидлашича, у бувиси Елизавета II билан «чиндан ҳам яхши муносабатда» ва бувиси унинг қарорларини ҳурмат қилади. Унга кўра, сўнгги олти ой ичида у қиролича билан «олдинги бир неча йилларга қараганда» кўпроқ мулоқот қилган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Шаҳзода Гарри ва Меган Маркл Опра Уинфрига икки соатлик интервью берди