00:02 / 21.04.2021
3 319

Россия Арктикада йирик ҳарбий машғулотларни бошлади


Фото: Россия Мудофаа вазирлиги
Россия Қуролли кучларининг шимолий флоти Арктикада ҳаво ҳужумидан мудофаа, кемалар, шунингдек, атом ва дизель сувости кемалари иштирокида йирик ҳарбий машғулотларни бошлади. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлигига таяниб, «РБК» хабар берди.

«Шимолий флотда турлараро қўмондонлик-штаб машғулоти бошланди. Машғулотлар Россия флоти бош қўмондони адмирал Николай Евменовнинг умумий раҳбарлигида ўтказилмоқда», — дейилади Мудофаа вазирлиги хабарида.

Таъкидланишича, машғулотларнинг дастлабки босқичларида Шимолий флотнинг ҳарбий қўмондонлик ва бошқарув органлари, ҳарбий тузилмалари ва ҳарбий қисмлари жанговар тайёргарлиги юқори даражага етказилди.

Апрель ойининг бошларида Мудофаа вазирлиги Жанубий ҳарбий округда машғулотлар ўтказаётганини эълон қилган эди. 6 апрель куни мудофаа вазири Сергей Шойгу Шимолий флотда, шунингдек Узоқ Шимол, Курил ороллари ва Камчаткадаги жанговар тайёргарликнинг назоратдан ўтказилишини маълум қилган эди. Шойгунинг таъкидлашича, ушбу чоралар НАТО қўшинларининг Россия билан чегараларга жойлаштирилиши туфайли амалга оширилмоқда. 14 апрель куни Қора денгиз флотида машғулотлар бошланди.

Мудофаа вазирлиги томонидан ўтказилаётган тадбирларга Украина ва бошқа бир қатор давлатлар қарши чиқди. Норозилик Донбассдаги можаронинг кучайиши фонида Россия-Украина чегараси яқинида машғулотлар ўтказилиши натижасида юзага келди. Украина Президенти Владимир Зеленский Россиянинг ҳаракатларини «ўз кучини кўз-кўз қилиш» деб атади. Украина Мудофаа вазирлиги мамлакатнинг жанубий чегараларида қўшин тўплаш ҳақида эълон қилди.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги 14 апрель куни Россиянинг Қора денгизда машғулотлар бошлаши муносабати билан норозилик билдирди. Улар ҳарбий машғулотлар туфайли Керч бўғози ва Қора денгизнинг маълум қисмлари эгаллаб олиниши халқаро ҳуқуққа зид эканини таъкидлади. Ўша куни Украина ҳарбийлари ҳам Қрим билан чегарада кенг кўламли машғулотлар ўтказди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия Арктикада йирик ҳарбий машғулотларни бошлади