09:30 / 27.04.2021
2 048

Руминия россиялик дипломатни persona non grata деб эълон қилди


Фото: Facebook
Руминия Ташқи ишлар вазирлиги Бухарестдаги Россия элчихонасининг ҳарбий атташе (дипломатик ваколатхонанинг ҳарбий вакили) ўринбосари Алексей Гришаевни persona non grata деб эълон қилди. Бу ҳақда Руминия Ташқи ишлар вазирлигининг сайтига таяниб «РБК» хабар берди.

Ташқи ишлар вазирлигининг таъкидлашича, россиялик дипломат 1961 йилги Вена конвенциясининг қоидаларини бузган.
Россиянинг Бухарестдаги элчиси Валерий Кузмин вазирнинг буйруғи билан Ташқи ишлар вазирлигига суҳбатга чақирилди. У ерда элчига Руминия ҳукумати томонидан қабул қилинган қарор ҳақида айтилди.

Аввалроқ Чехия Евроиттифоқ ва НАТОдан бирдамлик белгиси сифатида Россия разведкачиларини ўз мамлакатларидаги элчихоналардан чиқариб юборишни сўраган эди. «Биз Россия разведка ходимларининг умумий депортациясига қаратилган жамоавий ҳаракатларга чақирамиз», — деган эди ўша вақтда ташқи ишлар вазири вазифасини вақтинча бажарувчи Ян Гамачек.

23 апрель куни Болтиқбўйи мамлакатлари россиялик дипломатларни чиқариб юбориши ҳақида маълум қилди: Литва Россия элчихонасининг икки нафар ходимини, Латвия ва Эстония бир нафардан ходимини ўз ҳудудидан чиқариб юборишга қарор қилди.

Бунгача Словакия уч нафар россиялик дипломатни ўз ҳудудидан чиқариб юборишга қарор қилган эди. Ўшанда мамлакат бош вазири Эдуард Хегернинг таъкидлашича, Словакия махсус хизматлари маълумотлари ўрганиб чиқилгандан сўнг «ҳозирги пайтдаги геосиёсий аҳвол, шунингдек, Чехиядаги вазият сабабли» шундай қарор қабул қилинган.

Чехия Россияни 2014 йил 17 апрелда Моравиянинг жануби-ғарбий қисмидаги ўқ-дорилар омборида содир бўлган портлашларга алоқадорликда айблаганидан кейин улар ўртасидаги кенг кўламли сиёсий-дипломатик низо пайдо бўлди. Шундан сўнг Прага қиймати 6 миллиард евро бўлган «Дуковани» атом электр станциясининг янги энергия блокини қуриш бўйича тендерда иштирок этиш учун «Росатом» давлат корпорациясининг номзодлар сафидан чиқарилишини эълон қилди.

Бунинг ортидан Чехия 18 нафар россиялик дипломатни мамлакатдан чиқариб юборди. Бунга жавобан Москва ҳам 20 нафар чехиялик дипломатни мамакатдан чиқариб юборди. 22 апрель куни Чехия ташқи ишлар вазири Прагада россиялик дипломатлар сонининг чекланиши ҳақида маълум қилди: уларнинг сони Москвадаги Чехия дипломатик ваколатхонасининг ходимлари сони (7 киши) билан тенглаштирилади. Элчихона ходимларининг мамлакатни май ойининг охиригача тарк этиши белгиланган.

Шунингдек, Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас Россия билан музокаралар ўтказишга ва Москва билан қарама-қаршиликлардан воз кечишга чақирди. «Биз ушбу шов-шувли қарама-қаршиликлардан манфаатдор эмасмиз. Биз Россия билан муроса қилиб, яхши қўшничилик алоқларини ўрнатишни истаймиз», — деди Маас.

23 апрель куни президент Владимир Путин Россияга нисбатан дўстона муносабатда бўлмаган мамлакатларнинг дипломатик ваколатхоналарига ходимларни қабул қилишни чекловчи фармонни имзолади. Унда «Россия ҳудудида бўлган жисмоний шахслар» ва Россияга ёки унинг фуқароларига дўстона бўлмаган хатти-ҳаракатларни амалга ошираётган мамлакатларнинг дипломатик ваколатхоналари ўртасида меҳнат шартномаларининг тузилишини чеклаш белгиланди.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Руминия россиялик дипломатни persona non grata деб эълон қилди