11:20 / 12.06.2021
2 478

«Толибон» Туркиядан ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни талаб қилди


Фото: Reuters
«Толибон» ҳаракати Туркиядан НАТОга аъзо бошқа мамлакатлар қаторида ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кетишни талаб қилди. Бу ҳақда «Толибон» вакили Суҳайл Шаҳиннинг сўзларига асосланиб, «ТАСС» хабар берди.

«Биз АҚШ билан 2020 йил 29 февралда имзолаган келишувга мувофиқ Туркия НАТО аъзоси сифатида Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиши лозим. Туркия мусулмон давлат, Афғонистон у билан тарихий алоқаларга эга. Келажакда мамлакатимизда янги Ислом ҳукумати ташкил этилгандан кейин Туркия билан яқин ва яхши муносабатда бўлишга умид қиламиз», — деди «Толибон» вакили.

НАТО аскарлари Афғонистонни тарк этиши ортидан Туркиянинг Кобул аэропортини ўз қуролли кучлари билан муҳофаза қилишни таъминлаш бўйича билдирган таклифига «Толибон» шу тарзда муносабат билдирди.

Reuters хабарига кўра, Анқара ушбу таклифни Вашингтонга НАТО мудофаа вазирларининг май ойида бўлиб ўтган учрашувида, АҚШ ва унинг иттифоқчилари Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиш режасини муҳокама қилган пайт айтган. Туркиянинг таклифи бўйича муҳокамаларни келаси ҳафта НАТО саммити чоғида давом эттириш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойида АҚШ президенти Жо Байден Афғонистондан Америка қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланганини эълон қилган эди. Унинг сўзларига кўра, ҳарбийлар минтақада уларнинг олдига қўйилган барча мақсадларга эришган. Қуролли Кучларни 11 сентябргача тўлиқ чиқариб кетиш режалаштирилган. Америка ва НАТО мамлакатлари қўшинлари 29 апрелдан чиқиб кетишни бошлаган.

АҚШ собиқ раҳбари Дональд Трамп маъмурияти 2020 йилнинг февраль ойида «Толибон» билан тинчлик шартномаси имзолаган эди. Шартнома АҚШ ҳарбийларини 2021 йилнинг 1 майига қадар Афғонистондан босқичма-босқич олиб чиқиш, маҳбусларни озод қилиш ва янги ҳукумат тузишни кўзда тутган.

Энди «Толибон» Байденнинг қарорини аввалги шартнома шартларини бузиш деб ҳисобламоқда ва бунга нисбатан жавоб ҳаракатлари амалга оширилишини билдирган. Айни вақтда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Афғонистондан қўшинлар чиқариб кетилгач, мамлакатда ҳокимият тепасига «Толибон» жангарилари келиши мумкинлигини истисно қилмади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Толибон» Туркиядан ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни талаб қилди