09:30 / 14.06.2021
1 559

Турк тўйлари қандай ўтади?

Турк тўйлари қандай ўтади?

Истанбулда яшайдиган блогер Анжелика Шербакова замонавийлик ва маданиятни ўзида умумлаштирган Туркиядаги ёшларнинг турмуш қуриши билан боғлиқ ўзига хосликлар ҳақида ҳикоя қилади.

Фото: Cosmopolitan
Ҳаммаси кўз остига олиб қўйишдан бошланади
Консерватив турк оилаларида ота-оналар ўғиллари учун дўстлари, яқинлари баъзида ҳатто қариндошлари орасидан келин қидиради. Кўплаб қариндошларининг назорати остида танишган йигит ва қиз бир-бирига тўғри келиши ёки йўқлигига қарор қилади. Оила катталари қарор қилгани учун аксарият ҳолларда ёшларнинг фикри камдан кам ҳолларда инобатга олинади. Замонавий оилаларда эса ёшлар ўзига ўзи жуфт топади ва кўпинча унаштирувгача бирга яшайди. Муносабатлари қанчалик жиддийлигини, бир-бирини ота-онаси билан таништиришидан билса бўлади.

Совчилик ва тузли қаҳва
Қизнинг қўлини сўраш учун куёв томон кумуш патнисда шоколад ва гуллар билан қизникига совчиликка келади. Қизникида ширинлик ва чойлар берилганидан кейин қиз меҳмонлар учун турк қаҳваси дамлайди, йигитнинг финжонига туз солинган бўлади. Бўлажак куёв бемаза ва шўр эканига қарамай, билдирмасдан тузли қаҳвасини ичиши керак бўлади. Бу унинг турли қийинчиликларга қарамай, келин билан узоқ вақт бирга яшашга тайёрлигини билдиради.

Фото: Cosmopolitan
Ҳаммаси келишиб аниқ бўлгач, ота-она рухсат берганидан кейин куёв қизга узук ҳамда тилла ва кумушдан кашта тикилган рўмол беради. Турмуш қуриш арафасидаги жуфтлик қирққа яқинлашиб қолган бўлса ҳам, ота-онанинг ризолигига Туркияда жуда ҳам жиддий қаралади.

Унаштирув — кичик тўй демак
Унаштирувдан асосий мақсад — ёшлар жуфт бўлаётгани ва тўйга тараддудланаётганини ҳаммага маълум қилишдан иборат. Туркияда «nişаn» деб аталадиган унаштирув аксарият ҳолларда тўйга кичик тайёргарлик ҳисобланади. Анъанага кўра унаштирув қизнинг уйида бўлган, аммо бугунги кунда ёшлар ушбу маросимни тўй салонлари, очиқ майдон ҳамда меҳмонхоналарнинг қабул залларида ўтказади. Жонли мусиқа наволари остида меҳмонлар ичимлик ва ширинликлар билан сийланади. Ҳаммаси гўё тўйдагидек кечади. Унаштирувда ҳам тўйдаги сингари келинга тилла берилади. Қизнинг уйида бўладиган бўлса, келинга куёв томон тилла тақинчоқлар тақади, лекин маросим салон ёки майдонларда бўлса, ташриф буюрганлар ҳам тилла тақишда иштирок этиши мумкин бўлади.

Яна бир ўзига хос анъана
Тўй арафасида келин дугоналари, яқинлари ва куёвнинг қариндошлари билан ҳаммомга бориши ўзига хос урф-одатлардан бири саналади.

Фото: Cosmopolitan
Хина кечаси
Яна бир қизи ва ўзига хос анъаналардан бири, икки оиланинг фақат аёл ва қизлари кечки намоздан кейин иштирок этадиган — Хина кечаси ҳисобланади. Бу оқшом анъанавий қизил кўйлак кийган келиннинг юзи ҳарир, қизил фата билан ёпилади. Хина қўйилганидан кейин қиз қўлларини маҳкам ёпиши керак бўлади. Чироқ ўчирилади ва турмушга чиқмаган қизлар келиннинг атрофида қўшиқ куйлаб айланади, рақсга тушади. Бўлажак қайнона келиннинг олдига келиб ундан кафтларини очишини сўрайди. Қайнона ва бошқа қариндошлар келиннинг кафтига тилла танга қўяди, билагузук тақади. Маросим қўшиқ куйлаш, ширинликлардан татиб кўриш ҳамда туннинг ярмигача давом этиши мумкин бўлган суҳбатлар билан давом этади. Турмушга чиқмаган қизлар яхши ният қилиб, қўлига хина суртиши, меҳмонларга хина солинган безатилган қопчалар тарқатилиши мумкин.

Фото: Cosmopolitan
Никоҳ
Никоҳ узун стол, келин-куёв учун тахтни эсга соладиган, гувоҳлар ва давлат ишчиси учун қўйилган стуллар бор саҳнада бўлиб ўтади. Меҳмонлар театрдаги сингари залдаги ўриндиқларда ўтириб маросимни томоша қилади. Никоҳ ходими гувоҳлар қаршисида жуфтликнинг бир-бири билан яхши-ёмон кунларни бирга ўтказишга рози эканлигини сўрайди. «Эвет» (ҳа) жавобини олгандан кейин ёшларни эр-хотин деб эълон қилади. Келин-куёвга турмуш қурганлари ҳақида гувоҳнома берилади. Куёв келиннинг пешонасидан ўпади, келин эса куёвнинг оёғини биринчи бўлиб босишга уринади.

Туркча тўй
Турк тўйларидан кўплаб миллий рақслар ва пластик тортлар ўрин олади. Кўп сонли ташриф буюрувчиларни тўйдиришнинг ўзи бўлмагани учун тўй дастурхонига фақат ширинликлар, ёнғоқ ва яхна ичимликлар қўйилади. Байрамона қўшиқ ва рақслар, барабан ва бошқа чолғу-асбоблари садоси остида меҳмонларнинг кайфияти кўтарилади. Келин-куёв, уларнинг ортидан меҳмонлар ҳам рақсга тушади.

Тилла ёки пул
Келин ёки куёвни табриклагани келган меҳмонлар совға ёки гул ўрнига тилла, пул беради. Меҳмон қанча кўп бўлса, ушбу маросим шунча узоққа чўзилади.
Бугунги кунда Туркияда, асосан, европача тўй қилинишига қарамай, аксарият ёшлар ота-боболаридан қолган анъаналарга риоя қилади. Ушбу умумлашмани «Маликам, менга қара», «Қулупнай ифори» сингари машҳур турк сериалларида кўриш мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Турк тўйлари қандай ўтади?