12:50 / 30.06.2021
1 305

Сингапур коронавирусни оддий гриппга айлантириш режасини ишлаб чиқди. Бу қандай амалга оширилади?

Сингапур коронавирусни оддий гриппга айлантириш режасини ишлаб чиқди. Бу қандай амалга оширилади?

Фото: SOPA Images
Коронавирус эпидемиясига қарши курашда ҳозирга қадар дунёдаги деярли энг яхши натижани кўрсатиб келаётган Сингапур (қарийб 6 миллион аҳолига атиги 30 та ўлим), вирус билан бирга яшаб туриб, «янги нормал» ҳолатга ўтиш режасини тайёрлади. Орол маъмурияти вирус одам популяциясида ҳеч қачон йўқ бўлиб кетмаслиги ҳақидаги фикрларга қўшилади, шу сабабли касаллик бутун жамият учун гриппдан кўра даҳшатлироқ бўлмаслигига эришиш керак. Шу билан бирга, бошқа мамлакатларда кенг миқёсли эпидемия давом этса ҳам, расмийлар Сингапур аҳолиси ва иқтисодиётини одатий ҳаётга қайтариш ҳаракатида.

Режанинг моҳияти нимада?
Сингапур ҳукуматининг эпидемияга қарши кураш учун масъул вазирлари 5,7 миллион аҳолига эга оролни «янги нормал ҳаёт»га ўтказувчи йўл харитаси ҳадемай тайёр бўлишини эълон қилди. Умуман олганда, унинг йўналишлари аниқ. Нормал ҳаётга ўтиш кенг миқёсли вакцинациялар, аҳолининг катта қисмини ва оролга келганларни ҳар кунлик тезкор тестлардан ўтказиш, шунингдек, вирус юқтирганлар билан алоқада бўлганларни тўлиқ кузатишни таъминлаш билан амалга оширилади.

Буларнинг барчаси нега керак?
COVID-19 бутунлай йўқолиб кетмайди, балки эндемик бўлиб қолади. Дунё мамлакатларидан узилиш орқали Сингапур сингари кичик давлатлар вирусни енгиб чиқиши мумкин, аммо эпидемия бошқа мамлакатларда давом этади. Шу билан бирга, Сингапур халқаро савдога тўлиқ боғланиб қолган ва оролда яккаланиб ўтиришга қодир эмас. «Вирус, шу жумладан, янги штаммлар ташувчиларининг чегарамиздан ўтиб кетиши муқаррар», — деб ёзади вазирлар. Демак, вирус билан яшашни ўрганиш керак, шунда касаллик жамият ва унинг аъзоларига деярли халақит бермайди.

Бундай эндемик касалликка мисоллардан бири бу — грипп. У билан касалланганларнинг аксарияти касалхонага ётқизилмасдан даволанади. Аммо озчилик, айниқса, кексалар ва тиббий шароити паст бўлган кишилар симптомларни бошдан кечириши мумкин: айримларигина гриппдан вафот этади.

Аммо гриппни оғир ўтказиш эҳтимоли жуда паст бўлгани сабабли одамлар оддий эҳтиёт чораларини кўриш ёки ҳар йили эмланиш орқали грипп эпидемияси пайтида ҳам кундалик фаолиятини давом эттиради.

Коронавирусга қарши эмлаш COVID-19 эпидемиологик кўрсаткичларини мавсумий грипп кўрсаткичларига яқинлаштириши керак. Исроил бунга аллақачон эришди, мамлакат вакцинация бўйича йирик давлатлар орасида етакчи. Тўлиқ эмланган одамлар орасида Исроилда вирус туфайли касалхонага ётқизилиш частотаси кунига ҳар 100 минг кишидан 0,3 ўлим даражаси эса барча ёш тоифаларида ҳар 100 минг кишидан 0,1 ни ташкил этмоқда (эмланмаганлар орасида вафот этганлар ва касалланиш ҳолатлари сони нисбатлари анча каттароқ). 2018—2019 йилларда Қўшма Штатларда грипп туфайли касалхонага ётқизиш ва ўлим даражаси кунига мос равишда ҳар 100 минг кишига 0,4 ва 0,03 дан тўғри келган. 2017-2018 йиллардаги гриппнинг оғир эпидемиялари пайтида бу кўрсаткичлар мос равишда 0,67 ва 0,05 ни ташкил этган. Сингапурда аллақачон 40 фоиз аҳоли эмлаган ва ёз охирига келиб ушбу улушни бутун аҳолининг учдан икки қисмига етказиш ният қилинган.

Аммо вирус бошқа мамлакатларда тарқалиб, мутацияга учрар экан, кенг миқёсли эмлашнинг ўзи етарли бўлмайди: гуллаб-яшнаган мамлакат ичида ҳам ҳар доим касаллик гуруҳларининг авж олиш хавфи мавжуд. Шу сабабли Сингапур баҳорда оролда пайдо бўлган дельта варианти туфайли фуқаролар учун баъзи чекловлар билан «юқори даражали шайлик» режимини жорий этишга мажбур бўлганди.

Сингапур ҳукуматининг вазифаси эпидемияни «одатийлик»ни бузмайдиган тарзда бартараф этиш йўлини топишдир. Одамлар бемалол ишлай олиши, ҳаётдан завқланиши, байрамларни нишонлаши, оммавий ва спорт тадбирларига йиғилиши керак; мамлакатга сайёҳлар, чет эллик ишчилар ва ишбилармонлар кира олиши лозим, Сингапур вазирлари ўз олдига шундай мақсад қўйди.

Сингапурликлар очиқ осмон остидаги кинотеатрда спектаклни масофа сақлаб томоша қилмоқда
Фото: Reuters

Бунга қандай эришиш мумкин?
Вазирларнинг таъкидлашича, «янги нормал ҳаёт»га ўтиш қуйидагича бўлади:
  • Коронавирус юқтирган одам эмланган бўлса, уй шароитида соғайиб кетиши мумкин, чунки вакцинациядан кейин симптомлар, асосан, енгил кечади. Агар касалланган одамнинг атрофидагилар ҳам эмланса, вирус юқтириш хавфи паст бўлади.
  • Эҳтимол, қайта эмланиш талаб этилади, булар — режали йиллик ҳамда вируснинг янги вариантларига қарши махсус вакциналар бўлади.
  • Орол расмийлари оммавий ПЗР-тестларига ортиқ суяниб қолмайди. Узоқ вақтни оладиган ва ёқимсиз тестлар ўрнига аҳоли мунтазам равишда (том маънода ҳар куни) тезкор тестлардан фойдаланиши мумкин бўлади. Оғриқли бурун суртмаларини талаб қилмайдиган «бир дақиқали» тестлар ҳамма жойда — корхонанинг назорат пунктидан тортиб то оммавий тадбирлар, ресторан ёки дорихона кассаси яқинидаги кириш жойларигача бепул ташкил қилинади. Худди шу тестлар ёрдамида оролга кираётганларнинг ҳаммаси текширилади. Натижа ижобий чиққан тақдирда инфекцияга чалинган одам изоляцияга олиниб, ташхис ПЗР-тести ёрдамида қайта текширилади.
  • Дастлабки пайтларда вирусга чалинганлар билан алоқада бўлган кишиларни кузатиб бориш керак бўлади. Шунингдек, ушбу кишилар билан алоқада бўлганларни ҳам кузатиш лозим: вирус юқтирган одамнинг аломатлар пайдо бўлишидан олдин ҳам коронавирусни ёя бошлаши ҳисобга олинса, бу жуда зарур. Сингапур аллақачон алоқаларни кузатиб бориш тизимига эга, хусусан, бу мобил телефонлар орқали амалга оширилади. (Касалланганларнинг қариндошлари учун TraceTogether, улар билан битта оммавий тадбирда иштирок этиши мумкин бўлганларни кузатиш учун SafeEntry тизимлари мавжуд).
  • Карантин қоидалари юмшатилиши керак: тезкор тестлардан фойдаланиб фуқаролар текширилганидан сўнг, тест натижаси салбий чиққанларнинг барчаси мажбурий изоляциядан озод қилиниши керак.
  • Инфекцияга чалинган одамни кузатиб бориш аста-секин тўхтайди. «Биз натижаларга эътибор қаратамиз», — деб ёзади вазирлар: қанча одам симптомларни бошдан кечиргани, қанчаси реанимация бўлимида экани, қанчаси интубация қилиниши кераклиги ва ҳоказолар ҳақида статистик маълумотлар сақланиб қолади. Грипп билан касалланганлар сонини ҳеч ким кузатиб бормайди-ку, фақат соғлиқни сақлаш тизимига тушадиган юкни кузатиш муҳим.
  • Барча чекловлар аста-секин бекор қилинади, йирик йиғин ва тадбирлар қайта тикланади. Корхоналар ўзларининг фаолиятига янги карантин тўсқинлик қилмаслигига ишонч ҳосил қилади.
  • Сингапурликлар яна эркин саёҳат қилиши мумкин бўлади, ҳеч бўлмаганда вирусни эндемик ҳолатга келтирган давлатларга. Мамлакатга ташриф буюрувчилар, айниқса, эмланганлар, тезкор тест натижалари салбий бўлган тақдирда карантиндан ўтиши шарт бўлмайди
Узоқ вақт сақланиб қолиши мумкин бўлган ягона чеклов — вирус симптомлари бор одамларнинг ўзини изоляцияга олиши бўлади, шунда ҳам тест натижалари чиққунга қадар бир муддат, холос.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Сингапур коронавирусни оддий гриппга айлантириш режасини ишлаб чиқди. Бу қандай амалга оширилади?