07:00 / 04.12.2021
2 572

Афғонистонда «Толибон» олий раҳбари аёллар ҳуқуқлари тўғрисида фармон чиқарди

Афғонистонда «Толибон» олий раҳбари аёллар ҳуқуқлари тўғрисида фармон чиқарди
Афғонистонда «Толибон» ҳаракатининг олий раҳбари Ҳайбатулла Оҳунзода аёллар ҳуқуқлари бўйича махсус фармон чиқарди. Бу ҳақда «Толибон» расмий вакили Забиҳулла Мужоҳидга таяниб, «Интерфакс» хабар берди.

Фармонда қайд этилишича, «Толибон» раҳбарияти барча тегишли мутасаддилар, дин уламолари ва оқсоқолларга аёлларнинг қуйидаги ҳуқуқларини рўёбга чиқариш бўйича жиддий чоралар кўришни топширади: вояга етган аёлни турмушга узатишда унинг розилиги талаб қилинади, ҳеч ким аёлларни турмушга чиқишга мажбурлай олмайди.

Фармонда айтилишича, «аёл мулк эмас, ҳурматли ва озод инсон, ҳеч ким уни ҳеч кимга бирор манфаат эвазига бериб юбора олмайди». Унга кўра, «эри вафот этиб, шариат иддасидан ўтгандан сўнг, бева аёлни кимгадир мажбуран никоҳлаб бериш мумкин эмас».

Ҳужжатда айтилишича, бева аёл янги турмуш ўртоғидан маҳр олиш ҳуқуқига эга. «Аёл (вафот этган) эри, фарзандлари, отаси ва бошқа қариндошларининг мулкидаги меросдан белгиланган улушини олиш ҳуқуқига эга. Уни ҳеч ким бу ҳуқуқдан маҳрум қила олмайди», — дейилади хабарда.

Фармонда, шунингдек, бир нечта аёлни никоҳига олган эркак ушбу аёлларнинг барчасига шариат асосида ҳуқуқлар беришга, улар ўртасидаги муносабатларда адолатга риоя қилишга мажбур экани қайд этилган.

Ҳужжатда таъкидланишича, Ҳаж ва диний ишлар вазирлигига уламо ва даъватчиларни аёллар ҳуқуқлари бўйича йўриқномалар билан яқиндан таништириш вазифаси юклатилган, бундан мақсад улар ўз маърузалари орқали аёлларга зулм қилиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини инкор этиш Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўлишини одамларга тушунтириши лозим.

Ахборот ва маданият вазирлигига хотин-қизлар ҳуқуқларига оид фойдали материалларни ўз воситаларидан фойдаланган ҳолда ёзма ва аудио шаклда доимий равишда тарқатиб бориш тавсия этилади. Шунингдек, уламолар эътиборини хотин-қизларнинг шаръий ҳуқуқларига қаратиш, тушунтириш олиб бориш, уларга нисбатан зулм давом этишининг олдини олиш мақсадида имкон даражасида энг муҳим рисолаларни чоп этиш топширилган.

Олий суд барча судларга аёлларнинг, айниқса, бева аёлларнинг ҳуқуқлари ва уларга нисбатан тазйиқлар тўғрисидаги аризаларини кўриб чиқиш ва уларни камситмаслик ҳақида кўрсатма бериши зарур этиб белгиланди. Туманлар ҳокимлари ва раҳбарларига мазкур фармон ижросини таъминлашда юқорида айтилган вазирликлар ва Олий суд билан ҳар томонлама ҳамкорлик қилиш вазифаси юклатилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Афғонистонда «Толибон» олий раҳбари аёллар ҳуқуқлари тўғрисида фармон чиқарди