17:15 / 05.04.2023
250

Шифокор рецептисиз қабул қилиш хавфли бўлган 6 та витамин

Шифокор рецептисиз қабул қилиш хавфли бўлган 6 та витамин

Бугунги кунда витаминлар деярли ҳар қандай касалликнинг олдини олиш учун универсал восита ҳисобланади. Улардан фойдаланиш бўйича маслаҳатлар соғлиқ ва гўзалликка оид ҳар бир нашрда мавжуд. Аммо, аввало, мутахассис билан маслаҳатлашмасдан, витамин қабул қилиш организм учун хавфли бўлиши мумкинлигини ёдда тутиш керак.

Витаминлар соғлиқ учун зарур бўлган биологик фаол бирикмалардир. Витаминларнинг ўзига хослиги шундаки, уларнинг аксарияти организмда шаклланмайди. Шу боис, улар ташқаридан мунтазам равишда озиқ-овқат кўринишида қабул қилиниши лозим. Бироқ витаминни озиқ-овқатдан етарли миқдорда олиш имконсиз бўлган ҳолатлар мавжуд. Бундай ҳолларда ушбу муҳим моддаларнинг маълум миқдорини ўз ичига олган қўшимчаларни буюриш мумкин.

Аммо барча витаминларни шифокор рецептисиз ичиш ярамайди. Улардан баъзилари назоратсиз қабул қилинган тақдирда организмга жиддий зарар етказади. Бу борада витаминлар соғлиқ учун хавф туғдиради, деб ҳисоблайди эндокринолог, тиббиёт фанлари номзоди Оксана Григоревна. Қуйида ана шундай витаминлар кетма-кетлиги келтирилади.

D витамини

Сўнгги пайтларда дунё бўйлаб D витамини истеъмоли кенг тарқалди. Унинг тузилиши ва таъсири гормонларга ўхшайди. D витамини кальцийнинг ичакларда сўрилишини рағбатлантириш ва унинг танадан чиқарилишини камайтириш орқали кальций алмашинувида муҳим рол ўйнайди. Кальцийнинг суяк тўқималарига кириб боришига ёрдам беради, суякнинг минерал зичлиги шаклланишини таъминлайди.

Кальций метаболизмига таъсиридан ташқари D витамини иммунологик бардошлилик ҳосил бўлишида иштирок этади. Пренатал даврдан бошлаб иммунитет касалликларининг ривожланишига тўсқинлик қилади. Унинг иммунитет тизимига таъсири вирусли ва бактериал инфекцияларга чидамлилигини ошириш, саратон ва диабет хавфини камайтириш нуқтаи назаридан ҳам исботланган.

Шуни таъкидлаш керакки, гап касалликнинг ривожланишига йўл қўймаслик ҳақида эмас, балки фақат хавфни камайтириш ҳақида кетмоқда. D витамини организмга озиқ-овқат билан киради ва қуёш нурлари таъсирида терида ҳам синтезланади. Озиқ-овқат маҳсулотларида (балиқ, тухум, сариёғ) оз миқдорда D витамини бўлиб, у кунлик эҳтиёжни қондира олмайди.

D витаминини препарат шаклида назоратсиз қабул қилиш салбий оқибатларга олиб келиши мумкин: гиперкалсемия — қонда жуда кўп кальций тўпланиши ва унинг артерияларда ёки юмшоқ тўқималарда чўкиши. Танадаги D витаминини ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилиш буйрак тошларининг шаклланиш хавфининг ошиши билан ҳам боғлиқ.

E витамини

Фото: Marie Claire

Аслида, бу битта витамин эмас, балки ёғда эрийдиган витаминларнинг бутун гуруҳи (алфа-токоферол, гамма-токоферол, токотриэноллар). У буғдой дони, авокадо, ёнғоқ, кунгабоқар уруғлари ва турли сабзавотларда учрайди. E витаминининг етарли миқдори ўсимлик мойларида мавжуд.

E витаминининг асосий таъсири антиоксидантдир. Пeрoксидланишдан ҳужайра шикастланишининг олдини олади ва иммунитетни ошириш, саратон, юрак-қонтомир касалликлари ва яллиғланишдан ҳимоя қилишда ёрдам беради.

C витамини

Фото: Marie Claire

C витамини сувда эрийдиган витаминдир, шунинг учун ортиғчаси одатда организмда эмас, балки пешоб орқали чиқариб юборилади. У ўсимликларда, айниқса цитрус меваларида, булғор қалампирида ва брокколи таркибида учрайди.

C витамини тўқималарнинг ўсиши ва тикланишига ёрдам беради, иммунитет тизимига таъсир қилади, коллаген синтезини рағбатлантиради, серотонин (табиий антидепрессант) ҳосил бўлишида иштирок этади, шунингдек, антиоксидант хусусиятларга эга.

Баъзиларда C витаминнинг юқори дозалари диарея, кўнгил айниши, жиғилдон қайнаши, гастрит, чарчоқ, бош оғриғи ва уйқусизлик каби белгиларга олиб келади. Шунинг учун уни шифокор билан маслаҳатлашмасдан қабул қилмаслик керак. Сурункали жигар ёки буйрак касаллиги, подагра ёки буйрак тошлари билан оғриган одамлар C витаминининг юқори дозаларини қабул қилмасликлари керак.

А витамини ва бета-каротин (провитамин А)

Фото: Marie Claire

А витамини кучли антиоксидант бўлиб, кўриш қобилиятининг ажралмас (хусусан, ёшга боғлиқ кўриш қобилиятини йўқотишнинг олдини олиш учун) моддадир. У суяклар саломатлигига, тиш ва терини шакллантириш ва узоқ сақлашда ёрдам беради. У тухум, гўшт ва сут маҳсулотларида мавжуд. Бета-каротин манбалари: тўқ сариқ, сариқ мева ва сабзавотлар, қуюқ яшил баргли сабзавотлардир.

А витаминини катта дозаларда назоратсиз қўллаш ҳомиладор аёллар учун хавфлидир, айниқса, бу даврнинг эрта босқичларида, чунки бу ҳомила шаклланишида нуқсонга сабаб бўлиши мумкин.

Фолий кислотаси (витамин B9)

Бу витамин янги ҳужайралар шаклланиши учун зарур. Ҳомиладорликнинг илк бошида қабул қилинганда ҳомилада мия ва умуртқа поғонасида туғма нуқсонларнинг олдини олишга ёрдам беради. Юрак касаллиги хавфини камайтиради. Баъзи олимларнинг фикрига кўра, етарли миқдордаги фолий кислотаси ДНКдаги хатоларни тузатиш орқали саратон ўсмаларидан ҳимоя қилиши мумкин, аммо унинг кўп миқдори мавжуд ўсмаларнинг ривожланишига ёрдам беради. B9 витамини манбалари: сабзавотлар, янги мевалар, жигар, денгиз маҳсулотлари ва тухум.

Витамин B6

Фото: Marie Claire

B6 витамини метаболик жараёнларда иштирок этади, юрак касалликларини ривожланиш хавфини камайтиради. Сeрoтонин синтези жараёнида (уйқу, иштаҳани ва кайфиятни тартибга солиш жараёнларида асосий рол ўйнайди) иштирок этади. Когнитив қобилият ва иммунитет функциясига таъсир қилади. Гўшт, балиқ, парранда гўшти, дуккаклилар, картошка, цитрус бўлмаган меваларда мавжуд.

Бир йил ва ундан кўпроқ вақт давомида кўп миқдорда B6 витамини қабул қилиш периферик нервларга зарар етказади, суяк оғриғи, мушаклар кучсизлиги, уйқусизлик, оёқ-қўл мушакларининг мажбурий қисқариши ва юришнинг бузилишига олиб келиши мумкин. Тадқиқот давомида бу аломатлар препарат тўхтатилганда йўқолади.

Шу тариқа витамин қўшимчаларини қабул қилиш баъзан соғлиқ учун хавфли бўлиши мумкин. Витаминларни қабул қилишни бошлашдан олдин танқислик белгиларини аниқлашга ёрдам берадиган, шунингдек, ташхис қўйиш учун зарур бўлган текширувларни тайинлайдиган шифокор билан маслаҳатлашиш керак. Деярли барча витаминлар қонда лаборатория текширувларидан сўнг аниқланади. Таҳлилларда оғишлар аниқланса, шифокор даволаш ва келгусида етишмовчилигини олдини олиш учун керакли дозани ҳисоблаб чиқади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Шифокор рецептисиз қабул қилиш хавфли бўлган 6 та витамин