21:00 / 10.07.2023
136

Ёзнинг иссиқ кунларида қандай маҳсулотлар истеъмол қилиш тавсия этилади?

Ёзнинг иссиқ кунларида қандай маҳсулотлар истеъмол қилиш тавсия этилади?

Ёзнинг иссиқ кунларида инсон иштаҳаси бироз пасаяди. Шу боис серсув ноз-неъматлар — мева-сабзавот ва улардан тайёрланган салатлар кўпроқ истеъмол қилинади. Чунки бу озуқалар чанқоқни ҳам қондиради, танани зарур минерал ва витаминлар билан тўйинтиради. Бу ҳақда Тошкент тиббиёт академияси профессори Гули Шайхова маълумот берди.

«Бироқ ушбу маҳсулотлар кам калорияли бўлгани туфайли кундалик сарфланган энергия ўрнини босолмайди. Организм эса доим оқсил моддаларига эҳтиёж сезади. Демак, гўшт ва унинг ўрнини босувчи дуккакли ҳамда бошқа озуқалар кунлик дастурхонимиздан жой олиши керак. Фақат уларни қайнатилган ҳолатда танаввул қилиш тавсия қилинади. Суюқ овқатлар иссиқ кунлар учун, айниқса мос», деди шифокор.

Унинг сўзларига кўра, ёзда овқатланиш тартибини бироз ўзгартирган маъқул. Масалан, нонушта учун соат 7:00 мос вақт. Эрталаб сут маҳсулотлари, мева-сабзавот, қайнатилган гўшт ва таркибида оқсил, ёғ ва углеводлар бўлган бошқа маҳсулотлар истеъмол қилиниши керак.

«Тушлик учун енгил ҳазм бўлувчи шўрва, мошхўрда, мастава, манпар, сувда ёки буғда тайёрланган котлетлар фойдали. Улар сабзавотлардан тайёрланган салат ва кўкатлар билан қўшиб танаввул қилинса, нур устига аъло нур. Мева шарбатлари тайёрлаш чоғида улар таркибига имкон қадар шакар қўшмасликни тавсия қиламиз», деди Шайхова.

Қайд қилинишича, колбаса, консерва ва тузланган маҳсулотлар, шўр балиқ, дудланган гўштдан мутлақо тийилиш керак. Бундай егуликлар чанқоқни оширишидан ташқари, юрак-қон томир, ошқозон-ичак тизими фаолиятига салбий таъсир кўрсатади.

Шифокор тавсиясига кўра, кечки овқат учун таомнома ҳам тез ва енгил ҳазм бўлувчи суюқ овқатлардан ташкил топиши лозим. Ўзида нисбатан кам углевод сақловчи қатиқ, олма, сабзавотлар ҳам дастурхонга тортилиши керак.

«Пишиқчилик неъмати бўлган қовун ва тарвуз истеъмоли учун тушлик пайти энг мақбул давр. Улар ҳам қувват беради, ҳам чанқоқни босади», деди Шайхова.

Унинг таъкидлашича, соғлом инсонлар учун кунлик истеъмол қилинадиган сув меъёри 3 литргача. Юрак қон-томир, буйрак хасталиги бор инсонларга эса кўп сув ичиш тавсия этилмайди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Ёзнинг иссиқ кунларида қандай маҳсулотлар истеъмол қилиш тавсия этилади?