Диетолог сариёғнинг кутилмаган фойдали хусусиятлари ҳақида сўзлаб берди, деб ёзмоқда Kubnews.
Кўпчилик учун сариёғ болалигидан энг севимли маҳсулотдир. У бўтқа ва макаронга қўшилади, шунингдек, нонга суртилади.
Бироқ сўнгги йилларда сариёғдаги юқори даражадаги холестерин туфайли ушбу маҳсулот истеъмолини чеклаш учун чақириқлар тобора кўпайиб бормоқда. Хўш, чиндан ҳам шундайми? Бу саволга нутрициолог Олга Кашчеева батафсил тўхталиб ўтди.
Олимлар сариёғ таркибида темир, натрий, фосфор, калций микроэлементлари ҳамда А, C, D, E, К ва B гуруҳи витаминлари мавжудлигини аниқлади. Бундан ташқари сариёғ сутдан олинадиган фойдали ёғнинг манбаи ҳамдир.
Сариёғ инсон организмига қандай таъсир қилади?
Меъёр билан истеъмол қилинганда сариёғнинг ижобий таъсирлари бир қанча. Жумладан:
- асаб ва юрак-қон томир тизимларини мустаҳкамлайди;
- жигар ва ўт пуфаги ишини яхшилайди;
- кўриш қобилиятини оширади;
- соч толаларини қалинлаштиради;
- терини намлантиради.
Шуни таъкидлаш керакки, мойни ташкил этадиган ёғли кислоталар (камида 72 фоиз) болаларнинг тўғри ривожланиши учун, айниқса, муҳимдир. Ушбу маҳсулот мияни фаоллаштиради ва семиришнинг олдини олади.
Мутахассисга кўра, сариёғ истеъмоли кунига 15-25 граммдан ошмаслиги керак.
Сариёғ истеъмол қилишнинг энг яхши усули қайси?
Сариёғ организмга фақат фойда келтириши учун қуйидаги тавсияларга амал қилиш лозим:
- Тавсия этилган миқдордан кўп ёғ истеъмол қилманг. Ортиқчаси, албатта, юрак ва овқат ҳазм қилиш ишига таъсир қилади, шунингдек, вазнга ҳам;
- Эрталаб нонуштада сариёғ ейишга ҳаракат қилинг. Шу тариқа организмни соғлом ёғ кислоталари билан тўйинтирасиз.