Хона ҳавосини тозалаш учун ишлатиладиган спрейлар турли воситаларининг деярли ҳаммасида кўринмайдиган заҳарли моддалар бўлади. Мактаб, шифохона ёки исталган бир бино хоналаридаги заҳарни камайтириш учун нима кўпроқ фойда беради? Хонада ўсимлик ўстириш ҳақиқатан ҳам хона ҳавосини рисоладагидек тозалайдими?
“Тоза ҳавонинг ҳеч қандай ҳиди бўлмайди”
Одам кўп яшайдиган катта шаҳарларда машина ва турли заводлардан чиқадиган чиқиндилар сабаб кўчадан тоза ҳаво излаш унчалик ҳам тўғри ечим эмас.
Тоза ҳаво учун хонага ўзингизни урсангиз, бу ерда ҳам турли спрейлар ва тозаловчи воситалар сабаб тоза ҳаво топиш қийин. Буни Алберта университети пулмонологи Анне Ҳикс шундай тушунтиради: “Тоза ҳавонинг ҳиди бўлмайди. Сиз хонага кирдингиз, бурнингизга ёқимли ёки ёқимсиз бирор ҳид урилдими, демак, бу хона ҳидини тоза деб бўлмайди. Уларнинг бари кимёвий воситалар”, – дейди у.
Шунингдек, агар кўп аҳоли яшайдиган жойда яшасангиз, хона ҳавосини алмаштириш учун очиш тескарисига ишлаши мумкин. Хона ичкарисидаги ҳавони назорат қилиш унчалик осон эмас. Яъни сиз фақат хона тез-тез ҳавосини алмаштириб, турли ҳаво тозалагичлардан фойдалансангиз ҳам бу хона ҳавосини мукаммал тарзда яхшилай олганингизни англатмайди. Хўш, нега? Чунки хона ҳавосига сиз тўсқинлик қилолмайдиган ташқи воситалар ҳам таъсир қилади.
Масалан, машиналар ҳаракати туфайли пайдо бўладиган азот диоксиди, бинолар ичидаги намликни кўпайтиради ва бу моғорга сабаб бўлиши мумкин. Ҳаво филтрлайдиган кучли воситалар хона ҳавосини тозалашга ёрдам бериши мумкин, лекин унинг нархи ва унга кетадиган энергия харажатини ҳамма хонадонлар ҳам кўтара олмаслиги мумкин.
Нима қилиш керак?
Чўнтакбоп ва экологик тоза хона гулларига мурожаат қилиш керак. Хона гуллари карбонат ангидрид ва бошқа турли заҳарларини ютади. Тадқиқотлар бу жараёнда гул баргларидан кўра, унинг тупроғи кўпроқ заҳарни тутиб қолади деган фикрда.
Баъзи тадқиқотчилар эса хонадаги тувакли гуллардан кўра, хонада яшил деворларни ўстириш кўпроқ ҳавони тозалайди деб ҳисоблайди. Бу ўзини исботлаган тадқиқот бўлишига қарамасдан, бундай яшил деворларни ўстириш ва уларни парваришлаш кўп вақт ва маблағ талаб қилишини ҳам унутмаслик керак.
1 метр квадратга 1 та ўсимлик
Ўсимликлар хона ҳавосини яхши тозалайдими деган савол тадқиқотчиларнинг доимий мавзуси. Шу сабаб бу борада аниқ фикр айтиш қийин. Яқинда ўтказилган тадқиқотда ҳам шу саволга жавоб топиш учун 195 та тадқиқот қайта таҳлил қилиб чиқилди.
Хулосага кўра, хона ўсимликлари жуда катта хоналар ҳавосини рисоладагидек тозалашни яхши уддаламайди. Бунинг учун хонага жуда кўп миқдорда ўсимлик керак бўлади. Масалан, 1 квадрат метр майдонга камида 1та ўсимлик қўйиш фойда бериши мумкин. Етарлича ўсимлик тўплай олган тақдирингизда ҳам уларни доимий парваришлаш бироз қийин. Шунинг учун “Cundall's Londeon” офисининг директор ўринбосари Кавита Кумари хона ҳавосини яхшилаш учун илон ўсимлигини (Dracaena trifasciata) парвариш қилишни тавсия этади. Чунки бу ўсимлик кам парвариш талаб қилади ва кўпроқ кислород чиқаради. Бошқа ўсимликлар кислородни куннинг бир вақтида ажратса, илон ўсимлиги ҳам кундузи, ҳам кечқурун кислород чиқаришини айтади мутахассис.
Шу ўринда бир нарсани унутманг, агар хонада ҳаддан ташқари кўп гул бўлса, бу ҳам хона ичидаги намликни кўпайтириб юбориши мумкин. Бу асосан куз-қиш ойларида кузатилади.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг