15:17 / 23.08.2023
248

Буйракда тош борлигини англатувчи симптомлар

Фото: Cosmopolitan

Буйрак тошлари билан боғлиқ бўлган асосий аломатлардан бири – тош ҳаракатланаётганда ва танани тарк этишга уринишда пайдо бўладиган даҳшатли оғриқдир. Кўпинча оғриқ одамнинг буйраги ва сийдик пуфагида муаммо борлигидан дарак беради. Аммо кўпчиликка номаълум бўлган огоҳлантирувчи бошқа аломатлар ҳам мавжуд.

Буйрак тошлари – бу тузларнинг тўпланиши бўлиб, улар жуда қаттиқ бўлакларга айланади. Баъзи тошлар майда-чуйда бўлиб, танани сезиларсиз даражада тарк этиши мумкин, бошқа каттароқлари ва уларнинг ҳаракатлари ноқулайлик ва қаттиқ оғриқни келтириб чиқаради. Баъзи ҳолларда тошлар жуда катталиги туфайли сийдик йўлини тўсиб қўйиши мумкин, кейинчалик бу ҳолат жарроҳлик амалиётини талаб қилади.

Буйрак тошларининг пайдо бўлиши турли омиллар билан боғлиқ бўлиши мумкин: овқатланиш хусусиятлари, ирсият, одамнинг турмуш тарзи ва бирга келадиган касалликлар, масалан, семириш билан.

Биқиндаги кучли оғриқ – буйрак тошлари билан таниш бўлганлар орасида кенг тарқалган ва энг машҳур аломатдир. Бу ҳолат буйрак коликаси деб аталади: қоида тариқасида 30-60 дақиқа давом этади, кейин вақтинчалик енгиллик пайдо бўлади. Аммо бошқа белгилар ҳам бор, уларнинг аниқланиши огоҳлантириш ва қўшимча текширув учун шифокор билан маслаҳатлашишга сабаб бўлиши керак.

Кўнгил айниши ёки қайт қилиш

Буйрак тошларининг кўчиши ва ҳаракати кўпинча қоринда ноқулайлик, кўнгил айниши ва ҳатто қайт қилиш билан кечади. Одатда одамлар бу белгиларни заҳарланиш ёки ичак инфекцияси деб ҳисоблайди ва буйрак муаммолари билан боғламайди. Аммо бемор шубҳали ҳеч нарса емаган бўлса ва ичак инфекциясининг бошқа белгилари кузатилмаса, муаммо буйрак тошларида бўлиши мумкин.

Юқори ҳарорат

Иситма буйрак тошларининг энг кенг тарқалган белгиси эмас. Буйракдаги тош пешобнинг чиқишига халақит беради ва у тўплана бошлайди. Сўнгра бактериялар кўпаяди, натижада инфекция, яллиғланиш ва юқори ҳарорат пайдо бўлади. Антибиотиклар эса одатда яллиғланишни даволашда ёрдам беради.

Ҳожатхонадан тез-тез қатнаш

Ҳожатхонага тез-тез бориш истаги пайдо бўлса ва бунга чидаш осон бўлмай қолса, бу ҳам буйрак тошларининг навбатдаги белгиси саналади. Агар тош сийдик пуфагига яқин бўлса, кўплаб аломатлар ҳожатхонага бориш истагига ўхшайди. Бунинг сабаби шундаки, тошлар сийдик пуфаги деворларини безовта қилиб, уларнинг қисқаришига олиб келади. Урологларнинг таъкидлашича, ҳар қандай ҳолатда ҳам пешобнинг минимал миқдори чиқиши керак. Пешобнинг йўқлиги – бу шифокорга боришингиз керак бўлган хавотирли белгидир.

Пешоб рангининг ўзгариши

Яна бир безовта қилувчи белги – пешоб рангининг ўзгаришидир. У пушти, қизил ёки жигаррангга айланиши мумкин ва бу унинг таркибида қон томчилари борлигидан келиб чиқади. Қон қанчалик кўп бўлса, ранг шунчалик қизғиш бўлади. Тошлар сийдик йўлининг шиллиқ қаватига зарар етказади ва натижада қон сийдикка тушиши мумкин. Унинг миқдори ҳар доим ҳам кўп эмас, баъзи ҳолларда сийдикни лабораторияда текшириш орқали аниқланади.

Пешоб вақтида оғриқ

Бу оғриқ вақтинчалик бўлиб, фақат сийдик чиқариш пайтида, тош буйракдан сийдик пуфагига ўтаётганда ўзини намоён қилади. Ҳаракатланадиган тошлар, агар улар жуда кичик бўлса, сезилмаслиги мумкин, лекин улар каттароқ бўлса, бу кучли ноқулайлик туғдиради.

Буйракда тош топилса, қандай йўл тутиш керак?

Агар тошлар кичкина бўлса ва шифокор буйраклардаги қум ҳақида гапирса, эҳтимол, ҳеч қандай махсус чора кўришга тўғри келмайди. Тошларнинг тезроқ чиқиб кетишига ёрдам бериш учун кўпроқ сув ичиш мумкин. Катта тошлар жиддий ёндашувни талаб қилади. Эҳтимол, уролог ултратовуш ёрдамида тошларни синдиришни маслаҳат беради ёки катта тошларни олиб ташлаш учун кичик операцияни таклиф қилади.

Тош пайдо бўлмаслиги учун нима қилиш керак?

Доктор билан маслаҳатлашиш ва уларнинг тавсияларига амал қилиш лозим. Бундан ташқари, кўпроқ сув ичиш ва сувли сабзавот-меваларни истеъмол қилиш ва тузни камайтириш лозим. Булар, албатта, буйракда тош пайдо бўлишининг олдини олади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Буйракда тош борлигини англатувчи симптомлар