Бирор бир таомни қўзиқоринсиз тасаввур қила олмайдиганлар учун ажойиб янгилик бор. Қўзиқорин овқат таъмини яхшилашдан ташқари, соғлиққа ҳам ижобий таъсир кўрсатади, деб ёзади “Новий очаг”.
Қўзиқоринлар яна нима учун фойдали?
Ёш кўринишни сақлашга ёрдам беради
2017 йилда Пенсилвания штати университети тадқиқотига кўра, қўзиқоринлар иккита антиоксидант — эрготионин ва глутатионнинг жуда юқори концентрациясини ўз ичига олади. Ушбу антиоксидантлар организмда ажинлар каби қаришнинг кўринадиган белгиларини келтириб чиқарадиган физиологик стрессдан ҳимоя қилади.
Миядаги ёшга боғлиқ ўзгаришларни секинлаштиради
Тадқиқотчиларининг айтишича, юқорида тилга олинган иккита антиоксидант (эрготионин ва глутатион) Паркинсон ва Альцгеймер касалликларининг олдини олишга ёрдам беради. Келажакда неврологик касалликлар хавфини камайтириш учун кунига камида бешта қўзиқорин истеъмол қилиш тавсия этилади. Уларнинг озуқавий хусусиятларини яхши сақлаб қолиш учун микротўлқинли печ ёки грилда пишириш лозим.
Хотирани яхшилайди
Бу руҳий саломатлик билан боғлиқ яна бир фойда. Сингапур Миллий университети тадқиқотчилари 2019 йилда ҳафтасига икки порсия қўзиқорин истеъмол қилиш когнитив пасайиш эҳтимолини камайтириши мумкинлигини аниқлади.
Юрак саломатлигини яхшилайди
Қўзиқорин таомларнинг таъмини туздан ҳам кўпроқ яхшилайди, чунки улар таркибида глутамат рибонуклеотидлари мавжуд. Ушбу бирикмалар қон босимига ёки юрак хасталиги хавфига ҳеч қандай таъсир қилмасдан мазали таъм беради. Қўзиқоринларнинг бутун порсиясида атиги 5 мг натрий мавжуд. Шунингдек, қизил гўшт учун ажойиб ўринбосар бўлиб, қўшимча калория, ёғ ва холестеринни камайтиради.
Суякларни мустаҳкамлайди
Супермаркетдан UVB кўрсатилган қадоқни олиш лозим. Бу қўзиқоринлар қоронғида ўстирилгандан фарқли ўлароқ қуёш нурини кўрган ва эргостерол деб аталадиган бирикмани тўғридан тўғри Д витаминига айлантирган. Д витамини эса суяк саломатлигини мустаҳкамлайди.
Энергияни оширади
Қўзиқоринлар B гуруҳи витаминларига бой: рибофлавин (B2), фолий кислотаси (B9), тиамин (B1), пантотеник кислота (B5) ва ниацин (B3). Улар организмга истеъмол қиладиган озиқ-овқат энергиясидан фойдаланишга ёрдам беради ва кислород ташийдиган қизил қон ҳужайраларини ишлаб чиқаради.
Қандай қилиб кўпроқ қўзиқорин истеъмол қилиш керак?
Қўзиқоринларни майдалаб, уларни тушлик ёки кечки овқат учун тайёрлаётган гўшт билан истеъмол қилиш мумкин. Шунингдек, қўзиқоринлардан нонушта учун омлет тайёрлаш тавсия этилади. Макарон соусига бир оз қўзиқорин қўшиб, уни янда хуштаъм қилиш мумкин.
Аммо фойдали ва ейилмайдиган қўзиқоринларни фарқлаш жуда муҳим. Ёввойи табиатда ўсадиган қўзиқоринларни истеъмол қилишдан сақланиш лозим. Улар заҳарли бўлиб, оғир касалликларга, айрим ҳолларда эса ўлимга олиб келиши мумкин. Қўзиқоринларни кенг тарқалган жойда — озиқ-овқат дўконидан сотиб олиш тавсия этилади.
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг