Совуқ кунлар одатда ўз ортидан шамоллаш мавсумини ҳам етаклаб келади. Шу боисдан мутахассислар куз фаслида иммунитетни мустаҳкамлаш, таомномага ўзига хос ўзгартиришлар киритиш ва организмни турли инфекциялардан ҳимоялашга ёрдам берадиган биологик фаол моддалар қабул қилишни тавсия этади.
Совуқ кунларда иммун тизимини рағбатлантиришнинг асосий усулларидан бири витаминлар ва микроэлементлар қабул қилиш ҳисобланади. Биологик фаол моддаларни истеъмол қилишдан аввал уларнинг таркибида маълум компонентлар бор ёки йўқ эканлигини текшириш жуда муҳим. Нима учун дейсизми?
Мавсумлар алмашадиган вақтида вируслар ва инфекциялар фаол тарқалади.
Иммунитетни мустаҳкамлаш учун барча микронутриентлар ва биофаол моддаларни токчага териб чиқиш шарт эмас. Иммун тизими фаолиятини рағбатлантириш учун бир нечта асосий микроэлементларни қабул қилиш етарли бўлади.
D витамини
D витамини танқислиги иммун тизими занжирининг барча қисмларига салбий таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, D витамини бир қатор гормонларнинг ишлаб чиқарилишида ҳам муҳим ўрин тутади ва моддалар алмашинувини тартибга солади.
А витамини (ретинол)
А витамини тери ҳужайралари ва шиллиқ қаватларнинг ҳимоя функциясини қўллаб-қувватлайди, ҳужайралар алмашинуви ва қайта тикланишини назорат қилади. Ёғда эрувчи ушбу витамин-антиоксидант нафас олиш аъзоларининг шиллиқ қаватларида секрет ишлаб чиқарилишини тартибга солади, у эса инфекцияларга қаршилик кўрсатувчи биринчи “тўсиқ” ҳисобланади.
Рух
Иммун тизимининг меъёрида ишлашини таъминловчи асосий микроэлемент. Рух антиоксидант ҳимояни оширади ва фагоситоз – организмдаги ҳужайралар томонидан бегона зарраларнинг ютиб юборилиши жараёнини рағбатлантиради. Организмга вирус ҳужум қилганда иммун тизимининг унга таъсир кўрсатиш тезлиги учун айнан рух жавоб беради. Шунингдек, унинг ўзи ҳам вирусларга қарши тўғридан тўғри таъсир кўрсатади.
Антиоксидантлар
Ушбу моддалар ҳужайраларни яллиғланиш жараёнида ҳосил бўладиган эркин радикаллардан ҳимоя қилишга ёрдам беради. А, E, C витаминлари, селен, биофлавоноид ва бошқалар актиоксидантлар сирасига киради.
Натижа яхшироқ бўлиши учун антиоксидантларни бир вақтда қабул қилганингиз маъқул, боиси улар организмга турли усуллар билан турли даражада таъсир кўрсатади.
Лакто ва бифидобактериялар
Ичак микробиотасининг турли-туман ва сифатли таркиби – саломатлик гарови саналади. Бу иммун тизими ҳужайраларининг аксарият қисми айнан ичакларда “машқ қилиши” билан боғлиқ. Уларнинг ҳар доим фаол ҳолатда бўлишини таъминлаш учун ичаклар микрофлораси ҳақида қайғуриш тавсия этилади.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг