Биз севиб истеъмол қиладиган қаҳва ичимлиги баъзан ортиқча килограммларни йўқотишга ёрдам бериши, баъзан эса аксинча семиришга сабаб бўлиши мумкин. Бунинг айнан нималарга боғлиқ эканлигини сизга батафсил тушунтирамиз.
Шифокорларнинг таъкидлашларича, қаҳва – саломатлик учун хавфсиз ичимлик эмас. Мисол учун, унинг юрак саломатлиги учун жиддий зарари бор: қаҳва организмда адреналин миқдорини ошириб юборади, уни тезроқ уришга мажбур қилади. Тинмай қаҳва ичиш қад-қоматингизга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Қаҳва – парҳездагилар дўстими ёки душмани?
Айрим ҳолатларда қаҳва семиришга эмас, озишга ёрдам беради:
– Тадқиқотларнинг кўрсатишича, қаҳва ичиш организмдаги кўплаб жараёнларни, жумладан метаболизмни тезлаштиради. Метаболизмнинг тезлиги эса озишга таъсир кўрсатувчи асосий омил саналади. Организмда моддалар алмашинуви жараёни қанчалик тез бўлса ва ошқозон истеъмол қилинган таомни қанчалик тез ҳазм қилса, семириш эҳтимоли шунча камаяди.
– Қаҳва таркибидаги кофеин очлик ҳисси учун жавоб берувчи грелин гормони миқдорини камайтиради. Кунига 1-2 финжон қаҳва ичадиган одамларни очлик ҳисси бошқаларга нисбатан камроқ безовта қилади.
Қаҳва қачон ортиқча вазнга сабаб бўлади?
Қаҳва “ёқимли” қўшимчаларсиз истеъмол қилинганда, озишингизга ёрдам бериши мумкин. Бундай ҳолатда унинг озуқавий қиймати ҳаддан ташқари кўтарилиб кетмайди: мисол учун,
- 30 мл эспрессо ўзида 7 ккал,
- 100 мл қора қаҳва 2 ккал.ни сақлайди.
- 300 мл капучинонинг озуқавий қиймати қўшимчалар ҳисобига 90 калория,
- 300 мл латтенинг озуқавий қиймати 150 калория ёки
- 300 мл фраппучинонинг озуқавий қиймати 400 калорияга тенг бўлади.
Бу ҳолда ортиқча вазндан халос бўлиш қийин масалага айланади. Агар қаҳвага кўпиртирилган қаймоқ ва сироп илова қилинган бўлса, унга яна 100-200 калория қўшилди деб ҳисоблайверинг.
Қаҳванинг калорияси юқори бўлиб кетмаслиги учун муҳим тавсиялар
– Қаҳвани ширинлик билан бирга истеъмол қилманг – бундай “енгил” тамадди ўзида 500-1000 калория сақлайди.
– Сироплардан воз кечинг. Уларнинг калорияси ҳаддан ташқари юқори, сироп ўрнига қаҳвага долчин ёки қирғичдан ўтказилган шоколад қўшганингиз маъқул.
– Шакар – ҳар доим ҳам зарарли эмас. Унинг калорияси сироп ёки кўпиртирилган қаймоққа нисбатан камроқ.
Кунига қанча қаҳва ичиш мумкинлиги масаласига келсак, бир кунлик миқдор 300 мл дан ошмагани маъқул. Бу ерда гап кам калорияли қаҳва ҳақида бораётганини ҳам унутманг. Қаҳва истеъмолига муккасидан кетиш нафақат қад-қоматингиз, балки саломатлигингиз учун ҳам зарарлидир.