date
views 14 028

Келинларга оид мунажжимлар башорати

Келинларга оид мунажжимлар башорати

Нега қайнона ва келинлар жуда камдан-кам ҳоллардагина биргаликда яхши яшашади? Балки бир-бирининг феъл-атворидаги баъзи бир ўзига хосликларни билмасликдандир? Келинг, бу сафар турли буржларга мансуб келинлар ҳақида гаплашамиз. Ўқиб, табассум қилинг, балки ўзингиз ҳақингизда бирон янги маълумот ҳам оларсиз…

ҚЎЙ қўрқмасдан ўткир вазиятларни юзага келтиради, сўнг эса кескин сўзлар ва бақир-чақирларни жуда оғриқли ўтказади. У тез ўт олиб, тез сўнувчандир, шу боис кўп ишлари ўлда-жўлда қолиб кетади. Жуда қайсар, оилада ҳам раҳбариятни қўлга олишга интилади. Ота-онаси билан кўп тортишиб, уларга қарши боравергани боис ҳам уни эрга берибгина қутулишади.

БУЗОҚ овқатланишни ва меҳмон кутишни яхши кўради, кўп вақтини уй безатишга сарфлайди. Оғир-босиқ бўлса-да, кучли туйғулар ва асоссиз рашк гирдобида катта тўфонлар қилиб юборишга қодир. Турмуш қурганидан кейин ҳам ўғил бола дўстлари билан дўстона муносабатларини сақлаб қолади. Унинг юрагига йўлни заргарлик буюмлари, қимматбаҳо нарсалар орқали топиш мумкин.

ЭГИЗАКЛАР бир вақтнинг ўзида кир ювиши, шўрва пишириши, пол артиши, телевизор кўриши ва айни дамда телефонда валақлашиши мумкин. Жуда тежамкор, савдолашишга уста, ҳамиша пули бор, оила ҳам доим тўқ, ҳаммаси жой-жойида. Лекин барини унинг бурро тили ва ўта қизиқувчанлиги бузиб юборади. Эркак бундай аёл билан ажрашишмайди, балки бир сўз демай тарк этади, фақат буни уддалай олса.

ҚИСҚИЧБАҚА оилани ҳаммадан яшириниб, маза қилиб ухлаб олиш мумкин бўлган жойдек қабул қилади. Ўта эҳтиёткор, «ичимдагини топ» дейдиган, ички сезгиси кучли аёл, ўз шахсиятини баланд қўяди. Ҳамма нарсани ғамлаб, пул йиғишни ёқтиради. «Меники» ва «бировники» деган тушунчаларни чалкаштириб юборади ва шу боис қайнонаси билан кўп жанжаллашади. Агарда уни тинч қўйишмаса, аразлаб ота уйига кетиб қолади. У бирон одам ҳақида илк учрашгандаёқ ўзича хулоса чиқаради, кейин уни бу фикридан осонликча қайтариб бўлмайди.

АРСЛОН – катта «МЕН» шаклидаги хоним. У ўзига ўзи яқин дугона ва ўзини ҳаддан зиёд яхши кўрди. Иззатталаб, одамларни ҳайратлантиришни, ўзида йўқ сифатлар билан мақтанишни ёқтиради. Бу актриса ҳамиша одамлар диққат марказида бўлишни истайди, агар қиролича сифатида тан олишмаса, аразлаб, ҳаммадан ўч ола бошлайди. Ҳиссиётларини яшириб ҳам ўтирмайди. Арслон бир хил ва зерикарли ишлардан доим қочади.

ПАРИЗОД тиниб-тинчимас, бир сония ишсиз ўтиролмайди. Ишда майда-чуйдаларгача эътибор беради, кичикда каттани кўра олади, шу боис ҳам кўпинча пашшадан фил ясайди. Бошқанинг фикрини қабул қилмайди, шу боис унинг кўнглини топиш жуда мушкул. Ўз соғлиғига жуда эътиборли. Бир жиҳати – у пули жуда кўп бўлишини истайди. Шу боис ё ўзи миллионер бўлади, ёки бирон бойваччага тегади.

ТАРОЗИ эрининг заиф томонларини билиб олиб, шулардан устомонлик билан фойдаланади. Таътилга чиқмай ишлаб, эрининг қулоғига лағмонлар осиб ташлайди. Дипломат, қалтис вазиятлардан қочади, қайсарлик ва қайишқоқлиги билан албатта мақсадига эришади. Бошқаларнинг фикри билан иш кўради. У эрини, қайнота-қайнонасининг кўнглини олади, айниқса болаларини жуда эркалайди.

ЧАЁН – қўйнингда асраган илондир. Ўзгарувчан, кайфияти тушунарсиз равишда ҳар хил бўлиб туради, кекчи, ҳокимиятга интилувчан, қасоскор. У одамлар кўнглидагини ўқий билади, шу боис ҳам ёнидагиларнинг нозик жойларини сезади. Мистикани ёқтиради, ҳаётни эса қора рангларда кўради. Унинг алоҳида хонаси, кўп ўринли «кабриолет»и бўлгани маъқул. Акс ҳолда…

ЎҚОТАРни ҳатто кўр одам ҳам «кўра билади». У доим жонсарак, қизиқувчан, жой алмаштириб туришга мойил. Жуда меҳнатсевар, на дам олишни билади, на берилиб овқатланишни. Шунга қарамай алдамчироқ, бу «беозор» феъли билан анча одамларни уруштириб қўяди, қанча дилларга «ўт тушади».

ТОҒ ЭЧКИСИ – «текин пишлоқли қопқон»дир. Унда ички бир ёпиқлик бор, ҳақиқий ҳисларини чиқаришга қийналади, мудом кўнглини қарама-қаршиликлар тирнайди. Жуда беозор кўринса-да, одамларни бошқаришни ёқтиради. «Қопқон» атрофида эри ёки унинг қариндош-уруғлари куймалаша бошласа, у ишга тушади. Кекчи, ўзига нисбатан қилинган ноҳақликларни асло ёдидан чиқармайди. Гарчи жуда эҳтиёткор ва вазмин бўлса-да, ўз муҳаббати учун исталган рақибни бўғишга тайёр. Умрининг охиригача давом этувчи муҳаббат – ягона мавжуд йўлдир.

ҚОВҒА кўнгли бир вақтнинг ўзида ланг очиқ ва айни дамда қулф осиғлиқ дарвозадир. Шунга қарамай, бу келин бойлик учун эрини бемалол алмаштиришга қодир. Уни тобе қилиб олишга интилишса, қайсар, «икки оёғини бир этикка тиқиб оладиган», зулмкор бўлиб қолади. Шу боис ўз ҳолича яшашига йўл қўйиб, дўст бўлган маъқул – у дўстликка асло хиёнат қилмайди.

БАЛИҚнинг ички мурватлари шундай созланганки, у ҳамма нарсани эшитади, кўради. У ўткир психолог, одамларни жуда яхши билади. Бўлғуси эрининг юрагини кўзи билан шундай мўлжалга оладики… Жуда назокатли, серҳаракат, у тўхташи билан атрофдагилар югуриб қолишади. Келин сифатида Балиқ ўта мукаммал, бемор қайнонасига жуда яхши қарайди. Чунки у бировнинг дардига малҳам бўлиш қобилиятига эгадир.

Манба: Diydoraziz.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Фойдали » Келинларга оид мунажжимлар башорати