“Бекхем” ҳужжатли сериали намойиш этилганидан кейин интернет фойдаланувчилари афсонавий футболчининг рафиқаси Виктория Бекхемнинг сиркали парҳези рецептини излай бошлашди. Виктория 2017 йилдаёқ ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали ҳар куни тонгда оч қоринга 2 ошқошиқ олма сиркасини ичиши ҳақида маълум қилган. Дизайнер ушбу усулдан нима учун фойдаланишини айтиб ўтмаган бўлса-да, у интернетда қизғин муҳокамаларни келтириб чиқарди. Биз ҳам сизга бу каби усулларни кўр-кўрона қўллаб кўришдан аввал олма сиркаси истеъмоли организмга қандай таъсир кўрсатишини яхшилаб тушуниб олишни маслаҳат берамиз.
Олма сиркаси ушбу мева шарбатининг ферментацияси жараёнида ишлаб чиқарилади (унинг 95 фоизини сув, 5-6 фоизини цирка кислотаси ташкил этади). Олма сиркаси таркибида бир нечта ферментлар ва пробиотик бактериялардан бошқа ҳеч нарса йўқ, фойдали моддалар ҳақида эса гап-сўз бўлиши мумкин эмас.
Олма сиркасининг айрим афзалликлари
Клиник тадқиқотларнинг кўрсатишича, олма сиркаси қондаги қанднинг углеводларга таъсирини камайтиради ва организмнинг инсулинга нисбатан таъсирчанлигини яхшилайди. Аммо ушбу хулосалар тадқиқотларнинг бошланғич босқичларида тақдим этилган, шунинг учун ҳам экспертлар олма сиркаси масаласида аниқ фикр айтишга шошилмайдилар.
Мутахассислар томонидан ўтказилган яна бир нечта тадқиқотлар натижасида олма сиркаси овқатдан кейин ўзингизни тўқ ҳис қилишга ёрдам бериши исботланган. Аммо узоқ муддат давом этган тажрибаларда бунинг акси қайд этилган. Экспертиза текширувлари олма сиркаси микробларга қарши курашиш хусусияти ҳисобига ичаклар саломатлигига ижобий таъсир қилишини кўрсатган.
Назарий жиҳатдан олма сиркасини ҳар куни оч қоринга ичиш ошқозон бузилишлари ва кислота рефлюкси белгиларини енгиллаштиришга ёрдам беради. Аммо буни тўлиқ исботлайдиган далиллар ҳозирча мавжуд эмас.
Агар сиз ҳам олма сиркаси ичишга қарор қилган бўлсангиз, унинг таркибида катта миқдорда кислота сақланиши, кислота тишлар эмалини емириб юбориши ва овқат ҳазм қилиш тракти ишини издан чиқариши мумкинлигини ёдда тутинг. Шунинг учун ҳам экспертлар сиркани сув билан аралаштириб ичишни, тишлар эмали зарарланмаслиги учун циркани ичиб бўлгач, тишларни дарҳол тозалашни маслаҳат беришади.
Олма сиркасининг зарари
Юқорида айтиб ўтганимиздек, сирка таркибида катта миқдорда кислота сақланади, у томоқ ва қизилўнгачнинг нозик тўқималарини осонгина зарарлайди. Шифокорлар тиш эмали билан боғлиқ муаммолари ёки кислота рефлюкси бор одамларга олма сиркасини истеъмол қилишни мутлақо тақиқлашади.
Олма сиркасини қачон ичиш мумкин?
Мутахассисларнинг айтишларича, биз истеъмол қилаётган ҳеч бир маҳсулот қон ёки организмдаги кислота мувозанатига таъсир кўрсата олмайди. Организмнинг мураккаб тизимлари ушбу жараёнларни ўта эҳтиёткорлик билан назорат қилади, шунинг учун ҳам қондаги pH миқдорининг ўзгариши ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин.
Шунга қарамасдан, организмнинг олма сиркасига нисбатан реакциясини текшириш фикридан қайтмаган бўлсангиз, бу ишни амалга оширишдан аввал терапевт билан маслаҳатлашишни тавсия қиламиз. Тажрибани сув билан аралаштирилган бир ошқошиқ олма сиркасидан бошлашингиз мумкин. Аммо уни оч қоринга ичишга шошилманг. Сиркани нонуштадан кейин истеъмол қилинг. Ва ўша эски қоидани унутманг: ҳеч нарса саломатлигингизга соғлом уйқу, тўғри овқатланиш ва спорт машғулотларичалик фойда келтира олмайди...
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг