16:32 / 29.05.2024
203

Руҳият учун фойдали бўлган 5 та фильм ва сериаллар

Руҳият учун фойдали бўлган 5 та фильм ва сериаллар
Турли масала ва саволлар устида баҳс олиб бориладиган Reddit ижтимоий платформасида руҳий саломатликни яхшилайдиган ва эзгуликка тўла фильмлар муҳокама қилинди. Улар орасидан инсонлар қалбида меҳр ва шафқат ҳиссини уйғотадиган, ҳаётга қарашингизни ўзгартириб юборадиган бешта фильм ва сериалларни танлаб олдик.

“Уолтер Миттининг ғаройиб ҳаёти” (2013)

Фильмда Уолтер Митти Life журнали фотолабораториясининг камтарин ва уятчан ишчиси сифатида кўрсатилади. Таҳририятда 16 йил давомида ишлаган Уолтер янги ходим Шерилни яхши кўради, лекин уни учрашувга таклиф қилишга ботина олмайди. Ўта хаёлпараст ва орзуларга берилгани учун баъзан атрофидагилар бош қаҳрамонни руҳан носоғлом деб ўйлайди.

Айни пайтда журнал онлайн тарзда ишлашга ўтаётганда сўнгги чоп этиладиган журнал муқоваси учун муҳим сурат йўқолиб қолади. Фотосуратлар учун жавобгар Уолтер ишдан бўшатиш таҳдиди остида йўқолган расмни қайта олиш учун хавфли саёҳатга йўл олади ва турли давлатларни кезади.

“Тед Лассо” (2020–2023)

Канзас коллежи футбол мураббийи Тед Лассо оптимист, доим хуш кайфиятли ва позитив тренердир. У ҳатто YouTube юлдузи сифатида шуҳрат қозонган. “Ричмонд” номли Англия футбол клубининг янги раиси ўзининг айёр режаларини амалга ошириш учун Теддан фойдаланишга қарор қилади ва футбол клубини барбод қилиш ниятида унга бош мураббийлик лавозимини таклиф қилади. Фақат Америка футболи билан шуғулланган Тед ўзининг янги вазифасини одатдаги завқ ва ижобий кайфият билан бошлайди.

Сериалда нафақат спорт мавзуси, балки инсонийлик ҳамда бирдамлик орқали кўплаб мақсадларга эришиш мумкинлиги ҳақида сўз боради.

“Рокки” (1976)

Рокки Балбоа ёш боксчи бўлиб, хароба кулбада яшайди. Унинг раҳбари Газзодан катта қарзи бор. Рокки вақти-вақти билан жангларда иштирок этади ва улардан тушган пул ортидан кун кечиради. Ҳар бир дақиқаси одатий ва зерикарли ўтаётган, порлоқ келажакдан умид қилишни тўхтатган Роккининг ҳаёти бир кун келиб тубдан ўзгариб кетади.

Ушбу фильмда спорт ва жанг мавзуларидан ташқари мақсад сари интилиш, қоқилган тақдирда ҳам енгилмаслик каби муҳим сабоқлар ўрин олган.

“Қалб” (2020)

Ушбу мультфильм 93 - “Оскар” мукофоти маросимида 2020 йилнинг энг яхши анимацион фильми деб топилган. “Қалб” мультфильмининг бош қаҳрамони жазз ижрочиси сифатида ўзининг ёрқин карьерасига эга бўлишни ягона мақсад қилган Жо Гарднердир. Тасодифан унда ажойиб имконият — энг таниқли саксофончи билан бир саҳнада мусиқа ижро этиш имкони пайдо бўлади. Афсуски, айнан ўша куни кутилмаган ҳодиса рўй беради ва у вафот этади.

Мультфильмда нариги дунё рамзий маънода кўрсатилади. Қаҳрамон яшашга бўлган истаги билан ўлимга қарши курашишга, руҳини ўз танасига қайтаришга уринади.

Режиссёрлар ер юзи ва нариги дунёни тасвирлашда рамзий маънога алоҳида эътибор қаратган. Кузги Нью-Йорк – гавжум шаҳар, ранг-баранг кўчалар, турли хил машиналарга тўла йўллар, ҳар бир манзара ҳақиқатан ҳам ҳаётга тўғри келади. “Нариги дунё” эса бутунлай бошқача: ҳаммаси содда, у ердаги белгилар ҳам ўзгача, худди компьютер ўйинига ўхшаб ишланган.

Фильм сўнгида умр мазмуни ва қалб ҳақидаги саволларга тўла бош қаҳрамон ҳаётдан маъно ўткинчи “касб”ни эгаллаш эмас, балки яшамоқлик эканлигини тушуниб етади.

“Бу ажиб ҳаёт” (1974)

Фильм 1947 йилда режиссёр Франк Капра томонидан суратга олинган ва Филипп Ван Дорен Стерннинг “Энг буюк совға” ҳикоясига асосланган. Драманинг бош қаҳрамони бир қатор муаммоларга чидолмай, жонига қасд қилишга қарор қилади. Лекин унинг олдига халоскор фаришта келиб, келажакда бошқа одамларга қанчалик кўп ёрдам берганини кўрсатади.

Фильм замирида оила ва шахслараро муносабатларнинг қадри очкўзлик ва пул ортида қувиш каби иллатларга қарама-қарши қўйилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Руҳият учун фойдали бўлган 5 та фильм ва сериаллар