14:20 / 09.10.2024
35

Шакар қариш жараёнини тезлаштириши маълум бўлди

Шакар қариш жараёнини тезлаштириши маълум бўлди
АҚШнинг Калифорния университети олимлари томонидан JAMA Network Open илмий журналида чоп этилган тадқиқотлар шундай хулоса бермоқда, деб ёзди Health нашри.

Шакар ўз-ўзидан яллиғланиш келтириб чиқарувчи маҳсулот бўлиб, организмда оксидланиш стрессини ҳам юзага келтиради”, — деб таъкидлади тадқиқот ҳаммуаллифи Дороти Чу.

Оксидланиш стресси ҳужайраларнинг шикастланишига олиб келади. У ва яллиғланиш жараёнлари биологик қаришни тезлаштириши мумкин.

Олимлар АҚШ Миллий юрак, ўпка ва қон институти (NGHS) томонидан 1987–1997 йилларда олиб борилган тадқиқот доирасида тўпланган маълумотларни таҳлил қилди. Ушбу маълумотлар 9 ёшдан 19 ёшгача бўлган оқ танли ва қора танли қизларнинг юрак-қон томир саломатлиги ҳақидаги ахборотларни ўз ичига олади.

2015–2019 йиллар давомида тадқиқотчилар Шимолий Калифорнияда яшовчи 350 га яқин иштирокчиларни кузатди. Бу вақт давомида аёллар ўз овқатланиш рационлари ҳақида маълумот берган, шунингдек, уларнинг биологик ёшини таҳлил қилиш учун зарур бўлган сўлак намуналарини тақдим этган.

Дастлаб, тадқиқотчилар иштирокчиларнинг овқатланиш тартибини ўрганиб чиқди. Улар буни Ўрта Ер денгизи парҳези ва сурункали касалликлар хавфини камайтирадиган овқатланиш режаси билан солиштирди.

Маълум бўлишича, парҳезга риоя қилган иштирокчилар одатда пастроқ биологик ёшга эга бўлган.

Сўнг олимлар шакар истеъмолини таҳлил қилиб, аёллар кунига ўртача 60 граммдан ортиқ шакар истеъмол қилишини аниқлади. Улар ейдиган ёки ичадиган қанднинг кунлик ортиқча миқдори 3 граммдан 316 граммгача бўлган.

АҚШ Озиқ-овқат ва дори-дармонлар бошқармаси кунига тахминан 2000 калорияли егулик истеъмол қиладиган кишиларнинг рационида овқат ва ичимликларга қўшимча шакар миқдорини 50 граммдан оширмасликни тавсия этади — гап одамлар овқат ёки ичимликка ўзи қўшадиган ҳар қандай турдаги шакар ҳақида кетмоқда.

Шунингдек, тадқиқотчилар қўшимча шакар истеъмоли туфайли ҳужайралар ёшга нисбатан тезроқ қаришини аниқлади — ҳатто соғлом овқатланишга риоя қилган иштирокчиларда ҳам. Яъни, вақт ўтиши билан уларнинг ҳужайралари ёши биологик ёшдан каттароқ бўлиши эҳтимоли юқори.

Олимларнинг тахминига кўра, қанд миқдорининг меъёрдан ортиб кетиши эпигенетика — ҳаёт тарзи ва атроф-муҳитнинг генларга таъсир қиладиган ўзгаришлар келтириб чиқаришида муҳим рол ўйнайди.

Бундан ташқари, шакар орқали гликирланиш жараёни (қондаги шакарнинг оқсилларга бирикиши, унинг натижасида зарарли моддалар ҳосил бўлади) тезлашади. Бу моддалар яллиғланиш ва ҳужайраларнинг қаришини тезлаштирадиган оксидланиш стрессини келтириб чиқариши мумкин.

Аммо яхши хабар ҳам бор. Эпигенетик жараёнлар туфайли юзага келган ўзгаришларни ортга қайтариш мумкин. Кунлик истеъмол қилинадиган қўшимча шакарни 10 граммга камайтириш вақт ўтиши билан инсоннинг биологик соатини тахминан 2,4 ойга орқага суради.

Шакар, Қариш жараёни, Тезлаштириши, Оксидланиш стресси

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Шакар қариш жараёнини тезлаштириши маълум бўлди