Вазифам юзасидан таҳририятга бўладиган аксарият қўнғироқларга мен жавоб бераман. Мурожаат қилувчилар орасида ёшгина қизлар ҳам бор. Афсуски, уларнинг аксарияти оилали эркакларни севиб қолгани, никоҳсиз турмуш қургани, энди эса қайси деворга бошини уришни билмай ўтиргани ҳақида ҳасрат қилиб қолишади. Айримлари эса ўзини алданган, адашган қиз санашади. Бу гал шундай қизларга дарс бўлиши учун сурхондарёлик мухлисамизнинг мурожаатини ҳавола этмоқдамиз...
«Уйимиз рўпарасида тўйхона бор. «Ёр-ёр» садолари эшитилиб туради. Ҳар гал никоҳ тўйи бошланганда деразадан мўралаб, бахтли келин-куёвларни кузатаман. Беихтиёр кўзларимга алам ёшлари қуйилади... Ичимда туғён ураётган туйғуларнинг ҳавасми ёки ҳасадлигини англолмайман. Билганим шуки, улар менга азоб беради...
Аслида ҳаммасига ўзим айбдорман!.. Ўйлаб қадам ташлаганимда, шу бахтли келинчаклар қаторида мен ҳам бўлармидим?.. Бемаъни истакларимнинг қурбонига айланмаганимда, оппоқ келинлик либоси менга ҳам насиб қилармиди?.. Бировнинг бахтига чанг солмаганимда, бугун алам юрагимни нимта-нимта қилмасмиди?.. Афсуски, тузатиб бўлмас хатога йўл қўйганимни энди англаяпман. Вақтни ортга қайтариб бўлмаганидек, йўқотган номусимни, ота-онамнинг тўкилган обрў-эътиборини ҳам тиклолмайман…
Ўзига тўқ оилада катта бўлганман. Отам катта бир ташкилотда ҳисобчи бўлиб ишларди. Онам ҳам банк ходимаси эди. Ота-онам жуда қаттиққўл бўлиб, уларга ҳеч қачон юрагимиздагиларни тўкиб сололмасдик. Отам ишдан келиши билан хоналаримизга кириб кетардик. Катта, дабдабали ҳовлимиз бор, ейиш-ичишимиз ҳам яхши эди, аммо доим онамдан, опаларимдан қолган эски-туски кийимларни кийиб юрардик. Онамнинг ўзи эса энг сўнгги урфда кийинарди. Балки улар бизни пулнинг, меҳнатнинг қадрига етсин деб шундай йўл тутишгандир. Болалигимизга бориб буни тушунмагандирмиз. Аммо бир гал бу менга жуда қаттиқ алам қилган. Синфдошларимиз билан бетоб ётган ўқитувчимизнинг ҳолидан хабар олгани уйига бордик. Ҳамма оёқ кийимларини ечиб, ўқитувчимизникига кирди. Мен атай орқада қолдим. Чунки этигимдан сув ўтаётганди. Шундоқ этигимни ечиб, қарасам, йиртилиб кетиб, ичи қорга тўлибди. Оёғим жиққа ҳўл. Ўқитувчимизнинг уйига киришни ҳам, кирмасликни ҳам билмай қолдим. «Мафтуна, кир, уялма», деб қистовга олишгач, ноилож қадам босдим. Шунда ҳамма уйга кирмаётганимнинг сабабини билиб қолди. Уялганимдан чеккада индамай ўтирдим. Кейин уйга қайтгунча оёғимнинг музлаётганидан эмас, синфдошларим олдида мулзам бўлганимдан йиғлаб келдим. Кела солиб онамга аччиқ қилдим. «Шунча пулимиз бўла туриб, нега бизга янги нарса олиб бермайсизлар?» деб қаттиқ гапирдим. Онам «Биз пулни ўйнаб топаётганимиз йўқ! Янги нарса кийиб, кимга ёқмоқчисан?» деб уришиб берди. Ўшанда битирувчи синфда ўқирдим. Синфдошларимиз билан бирор тадбиримиз бўлса ҳам ё қатнаша олмасдим ёки укаларим билан бирга борардим. Отам «Ўқишга киришинг керак!» деб кўп нарсага рухсат бермасди. Шу йили омадим келиб, пойтахтга ўқишга кирдим. Энди эркин қушга айлангандим. Истаган либосимни олиб кийишим, хоҳлаган жойимга боришим мумкин эди. Тўғриси, бу эркинлик қаршисида довдириб ҳам қолдим. Аммо ота-онам пулни ҳисоб-китоб билан беришарди. Учинчи босқичда ўқиётганимда синфдошимиз туғилган кунини нишонлади. Акмал ака билан ўшанда танишиб қолгандим. Келишган, хушмуомала бу инсон орзумдаги шаҳзода эди гўё. Зиёфат давомида унинг ҳам нигоҳлари бир зум мендан узилмади. Ҳа, ўзининг айтишича, у бир кўришдаёқ мени севиб қолганди. Ҳақиқий ошиққа айланганди. Мен учун жонини ҳам, молини ҳам аямасди. Бадавлат оиланинг фарзанди бўлгани ва мени жонидан ортиқ кўргани учун ҳам барча истакларимни сўзсиз адо этарди. Ўзимни маликага айланиб қолгандек сезардим. Уйида ҳар доим сиқув остида яшаган, атрофидаги дугоналарининг кийинишию эркин яшашига ҳасад билан қараган мендай бир қиз учун бу инсонни учратиш катта омад эди. Биз муҳаббатдан сармаст эдик. Атрофимдагиларнинг «кўзингни оч» деган гаплари қулоғимга кирмасди. Кўзларим эса севгидан ҳам кўпроқ, Акмал аканинг менга яратиб бераётган имкониятларидан, қимматбаҳо совғаларидан кўр бўлганди. Агар улар сўқир бўлмаганида, бу инсонинг ўз оиласи, болалари борлигини кўрарди…
Акмал ака мендан саккиз ёш катта. Мактабни тугатгани заҳоти ота-онасининг хоҳиши билан улар танлаган қизга уйланган экан. Ўшанда пойтахтда магистратурада ўқирди. Хотини қишлоқда қайнота-қайнонасининг хизматини қилар, ҳар замонда бир пойтахтга келиб, яшаб кетарди. Биз асли бир тумандан бўлсак-да, пойтахтда танишгандик. Атрофимдагилар Акмал акани тинч қўйишимни, рафиқаси жуда яхши аёл эканлигини кўп бор таъкидлашди. Аммо менга ҳеч қандай маслаҳат кор қилмасди. Ўзимча «ҳақиқий муҳаббатимни топдим» деб юрардим. Бу дунёда мени яхши кўрадиган, мен учун ҳамма нарсадан воз кечишга тайёр инсонни учратгандим. «Оилали бўлса, нима қилибди? Муҳаббат — қалб амри, унга қарши боролмаймиз. Акмал ака аёли билан ажрашса-да, болалари кўчада қолиб кетмайди. Ҳар доим уларни таъминлаб тура олади», деб ўзимни овутардим. Ўшанда эртани ўйламаган эканман. Кўзларимни каттароқ очиб, ҳақиқатга тик боққанимда, ҳиссиётларга берилмаганимда, бугун бу кўйга тушиб ўтирмасдим…
Энг яқин дугоналарим ҳам мендан юз ўгирди. Кейин Акмал ака ўзим учун алоҳида ижара уй топиб берди. Ҳомиладор бўлиб қолганимни билгач эса фарзандимдан воз кечишимни истади. Мен ҳам «Ҳали бола-чақали бўлишга улгурамиз, ўқишни тугатиб олай...» дедим-у, ҳомиламни олдириб ташладим. Шу тарзда гуноҳимизнинг мевасини яна бир гуноҳ билан яширмоқчи бўлдик. Талабалигимнинг сўнгги икки йили шу тарзда ўтди. Ўқишни тугатмасимдан олдинроқ Акмал ака вилоятимизга қайтди. Мен ҳам дипломимни олиб, ҳеч нима бўлмагандек уйга қайтдим. Онам мени узатиш тараддудига тушганди. Совчи қўйган йигитлар билан учрашувга чиқишга мажбурлашарди. Ҳар гал гоҳ уни, гоҳ буни баҳона қилиб, куёвликка номзодларни рад этардим. Акмал ака эса тез орада хотини билан ажрашиб, менга уйланишни ваъда бераётганди. Аммо унинг оиласи ҳамма гапдан хабар топгач, қиёмат қопди. Онаси ишхонага жанжал қилиб келди. Ишда янги ходиммасманми, ҳамма мендан бундай разилликни кутмаган эмасми, ҳайратда қолишди. Онаси мени ер билан битта қилгач, «Сен қизга гап кор қилмайди шекилли. Ота-онангга бориб, ҳамма гапни айтиб бераман. Қизларингизни йиғиштириб олинглар, дейман! Келинимни сенга хор қилдириб, йиғлатиб қўймайман!» деб, уйимизга боришини айтди. Юрагим қинидан чиқиб кетгандай бўлди. «Ахир отам мени ўлдириб қўяди-ку» деган ўйдан қўрқиб, Акмал акага қўнғироқ қилдим. У киши ҳам танг аҳволда қолганди. Сир ошкор бўлса, эндигина жойлашган ишидан айрилиб қолиши мумкин. «Нима бўлса бўлар» дедиг-у ўша куни Акмал аканинг машинасида қочиб кетдик. Бир ҳафта ўтиб, қайтдик. Келиб, қишлоқда дув-дув гап бўлганимизни, мени ишдан ҳайдашганини, отам эса оқ қилганини билдим. Шунда ҳам кўр кўзларим очилмади. Гўёки муҳаббатим учун курашаётгандик эдим. «Ахир биз бир-биримизни севамиз! Муҳими шу!» деб ўйлардим. Акмал ака менинг гапимга кириб, хотинини икки боласи билан кўчага ҳайдаб солди. Бечора аёл йиғлаганча уйини тарк этди. Биз эса уйни сотдиг-у, вилоят марказидан ҳовли олиб, бирга яшай бошладик. Уйга бир-икки бор қўнғироқ қилдим. Аммо овозимни эшитишлари билан гўшакни қўйиб қўйишарди. Яқинда синглимни узатишди, мени тўйга айтишмади ҳам. Отам «Агар остонамга қадам босса, ўлдираман!» дебди. Биламан, энди мени кечиришлари амри маҳол. Шундагина бу «муҳаббатим» нафақат ор-номусимдан, балки яқинларимдан ҳам айирганини тушуниб этдим. Акмал аканинг ота-онаси ҳам мени тан олишмаган. Хотини билан қонунан ажрашишларига рухсат беришмаяпти. Яқинда ўғил фарзандли бўлдик. Ҳомиладорлигим ҳам, туғруқ жараёни ҳам жуда оғир кечди. Аммо дардимга шерик бўладиган, аҳволим билан қизиқадиган ҳеч кимим йўқ. Боламни бағримга босиб, туғруқхонадан ҳам сўппайиб бир ўзим чиқдим. Акмал акам эса кун бўйи ишда. Кўпинча ота-онасидан хабар олгани қишлоққа кетади. Биламан, фарзандларини кўриб келади. Турмушим омонатга ўхшайди. Агар буни турмуш деб бўлса…
Бир куни Акмал ака мени ҳам кўчага ҳайдаб, хотини билан ярашиб оладигандек туюлади. На бирор дугонам билан, на қариндошим билан гаплашаман. Ҳамма мендан юз ўгирган. Тўрт девор ичида гуноҳимнинг жабрини тортиб ўтирибман. Тенгқурларимнинг барчаси бахтли. Мен эса бахт деб ўйлаганимни бировга кўз-кўз ҳам қилолмайман… Оилавий шароитимиз билан қизиқадиган қўшниларимга нима деб жавоб беришни билмай қоламан. Сезиб тураман, улар ҳамма гапдан хабардор. Мени кўрса, пичир-пичир қилишлари, нафрат кўзи билан қарашларидан биламан буни. Энг қийини эса энди ортга йўл йўқ! Ўз ҳаётимни ўзим барбод қилганман… Йигирма икки ёшимда бировнинг оиласини барбод қилиб, юзи қора бўлганман...»
«Қиз боланинг ўзи ҳам, кўнгли ҳам гулдек нозик бўлади», дейишади. Гул қизлар, остона ҳатлаб кўчага чиқаётганингизда эгнингиздаги либосингизу қошу кўзингизга эътибор бериш билан бирга елкангизда ўзингизнинг, оилангизнинг, ота-онангизнинг обрў-эътиборини, номусини ҳам олиб чиқиб кетаётгангизни унутманг! Алдамчи ҳиссиётларга берилиб, гулдек умрингизни кулга айлантирманг! Сиз шаҳзодаларга муносибсиз! Ота-онангиз бахт қасрининг бекаси бўлишингизни ният қилиб ўстираяпти сизни! Бировнинг бахтига шерик бўлиш асло ярашмайди сизга! Чиройли келин бўлиб, «Ёр-ёр» садолари остида ота-онангизнинг дуосини олиб, ота уйингизни тарк этишингиз бахтли келажагингиз калитидир! Ҳар бирингизга шу бахт калитлари насиб этсин! “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Ҳусийлар Исроил авиабазасига гипертовушли ракета билан зарба берди
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
БААда исроиллик раввин ўлдириб кетилди
Жамшид Саидов: "Ёш болалардек ўйнадик, рақиб бизни янчиб ташлади"
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси лавозимига сайланди
Трамп молия вазирлиги раҳбари лавозимига инвестор Скотт Бессент номзодини илгари сурди