date

Велосипедда юриш мия учун энг яхши спорт эканми?

Велосипедда юриш мия учун энг яхши спорт эканми?
Буюк Британия олимлари томонидан олиб борилган катта тадқиқот натижаларига кўра, кундалик ҳаётда велосипедда ҳаракатланиш нафақат жисмоний саломатлик, балки мия фаолияти учун ҳам жуда катта фойда берар экан. Айниқса, ёш ўтган сари хотира заифлашуви ва ақлий қобилиятларнинг пасайишига қарши курашишда велосипедда юриш ўта самарали ҳисобланади.

Тадқиқот 480 минг нафар инсон иштирокида ўтказилиб, улар 13 йилдан ортиқ вақт мобайнида кузатиб борилди. Олимлар иштирокчиларнинг ҳаракатланиш услуби, транспорт тури, генетик хусусиятлари ва МРТ орқали мия тузилишидаги ўзгаришларни чуқур таҳлил қилишди.

Турли ҳаракат гуруҳлари қандай фарқ қилди?

Иштирокчилар тўртта гуруҳга бўлинди:
  • Нофаоллар — асосан шахсий ёки жамоат транспортидан фойдаланувчилар;
  • Пиёдалар — кундалик юришни танлаганлар;
  • Велосипедчилар — асосий ҳаракат усули сифатида велосипедни танлаганлар;
  • Комбинаторлар — турли транспорт усулларини аралаш ҳолда қўллаганлар.

Натижалар шуни кўрсатдики, велосипедда юрадиган ёки шу турни бошқалар билан уйғунлаштириб ҳаракатланадиганлар орасида деменция хавфи 19 фоизга, Альцгеймер касаллиги эса 22 фоизга камроқ кузатилган. Ҳатто мия тузилишида ҳам велосипедчиларда гиппокамп (ҳотира учун масъул марказ) ҳажми анча катта экани аниқланган.

Пиёда юриш акс таъсир бердими?

Қизиғи шундаки, мунтазам юриш билан шуғулланувчиларда Альцгеймер касаллигига чалиниш эҳтимоли 14 фоизга юқори бўлган. Бу натижа юриш зарарли дегани эмас, балки у велосипедга нисбатан камроқ фойдали эканини кўрсатади.

Генетик омиллардан қатъий назар самара бор

Тадқиқот шуни ҳам кўрсатдики, ҳатто деменцияга ирсий мойиллик бўлган кишиларда ҳам фаол ҳаракат мия учун фойдали таъсир кўрсатган. APОЕ ε4 генига эга бўлмаганлар велосипед учиш орқали янада катта фойда кўрган.

Хулоса: фаол ҳаёт – соғлом мия кафолати

Шу боис, мутахассислар кундалик ҳаётда автомобиль ўрнига велосипеддан фойдаланишни, жисмоний фаолликни оширишни ва мия фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун бундай фаолиятни тўғри овқатланиш, тўлиқ уйқу ва ижтимоий алоқалар билан уйғунлаштиришни тавсия этишмоқда. Чунки тана билан бирга мия ҳам ҳаракатдан куч олади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Фойдали » Велосипедда юриш мия учун энг яхши спорт эканми?