Анталияда денгиз тубидан занжирланган қути топилди: ичидан игнали "вуду қўғирчоғи" чиқди

Туркиянинг Анталия соҳилларида 36 ёшли ғаввос Али Қилич денгиз тубидан занжирланган ёғоч қутини топди. Унинг ичидан эса турли жойларига игналар санчилган арқон қўғирчоқ чиқди.
Анталияда 14 йилдан бери профессионал ғаввос бўлиб ишлайдиган Қилич ҳамкасби билан денгиз тубини тозалаш ва СУП-борд фойдаланувчилари йўқотган буюмларни қидириш билан шуғулланади. Навбатдаги шўнғиш вақтида улар қум остига кўмилган занжирни пайқаб қолишган. Уни тортишганида, узунлиги тахминан 1,5 қарич бўлган ёғоч қути топилган.
Қутини очиш учун занжирларни ечишга анча вақт кетган. Ичидан боши ва танасининг турли қисмларига игналар санчилган, усти ғалати рамз ва ёзувлар билан безатилган қўғирчоқ чиққан. Қилич интернетдан маълумот излаб, уни «вуду қўғирчоғи» деб аталадиган буюмга ўхшатган.
Ғаввоснинг айтишича, қути очилганида олтингугуртни эслатувчи ўткир ҳид тарқалган ва гуруҳ аъзоларининг боши бир муддат оғриган. Бунга ҳид сабаб бўлганми ёки қутига кимёвий модда суртилганми, ҳозирча номаълум.
Қилич аввал ҳам денгиз тубидан осма қулфлар топганини, айрим одамлар уларни хурофий маросимлар учун сувга ташлашини айтди. Бироқ бундай қутига илк бор дуч келганини таъкидлади. Топилмани ким ва нима мақсадда денгизга ташлагани ҳозирча аниқланмаган.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар

































Изоҳлар0
…