Хитойда Криштиану Роналдунинг 7 метрлик ҳайкали ўрнатилди: у дунёдаги энг баланд ҳайкал сифатида тақдим этилди

Хитойнинг Шанхай шаҳрида португалиялик футбол юлдузи Криштиану Роналдунинг улкан ҳайкали намойиш этилди. 21 ноябрь куни CR7 музейининг очилиши муносабати билан ўрнатилган ҳайкалнинг баландлиги етти метрни ташкил қилади. У Шарқий Нанкин кўчасидаги савдо маркази олдида жойлашган.
Ҳайкалда Роналду Португалия терма жамоасининг 7-рақамли либосида, гол урганидан кейин қўлларини икки томонга ёзиб бажарадиган машҳур «Сию» байрамини такрорлаётган ҳолатда тасвирланган. Унинг баландлиги ҳам футболчининг афсонавий 7-рақамига мослаб танланган. Ташкилотчилар ушбу ёдгорликни Роналдунинг дунёдаги энг баланд тўлиқ гавдали ҳайкали сифатида тақдим этмоқда.
Тантанали очилиш маросимида футболчининг акаси Уго Авейру ҳамда яқин дўсти Мигел Пайшау иштирок этди. Роналдунинг ўзи эса маросимга келмаган. Тадбирга йиғилган мухлислар ҳайкал очилаётган пайтда футболчининг машҳур «Сию» ҳаракатини такрорлаб, уни олқишлаган.
Шанхайдаги CR7 музейи қарийб 3 минг квадрат метр майдонни эгаллайди. Унда Роналдунинг болалик давридан бошлаб профессионал футболчилик фаолиятигача бўлган йўли акс эттирилган 10 та мавзули кўргазма ҳудуди ташкил этилган.
Музейда футболчининг шахсий коллекциясидан келтирилган 50 дан ортиқ экспонат, жумладан, 2008 йилда қўлга киритган «Олтин тўп» мукофоти, футбол формалари, бутсалар ва бошқа эсдалик буюмлари намойиш этилади. Шунингдек, Роналдунинг «Спортинг» академиясида яшаган ётоқхонаси ҳам қайта яратилган.
Ташриф буюрувчилар учун интерактив машғулотлар ҳам ташкил этилган. Улардан бири Роналдунинг 2018 йилда «Ювентус» дарвозасига урган машҳур қайчи услубидаги зарбасига бағишланган бўлиб, мухлислар махсус симулятор ёрдамида дарвозабонлик маҳоратини синаб кўришлари мумкин.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар

































Изоҳлар0
…