Голливуд юлдузи Николас Кейж ер ёриғи сабабли ҳашаматли уйидан айрилиб қолди

Голливуднинг таниқли актёри Николас Кейж Малибудаги ҳашаматли уйини тарк этишга мажбур бўлди. Унинг ҳовлиси яқинида катта ер ёриғи пайдо бўлиб, ҳудудда кўчки хавфи юзага келган. Хавфсизлик нуқтаи назаридан актёр оиласи билан вақтинча меҳмонхонага кўчирилган. Бу ҳақда Hello нашрига таяниб, «Корреспондент» хабар берди.
Маълумотларга кўра, сентябрь ойи бошида Малибуда жиддий геологик муаммо юзага келган. Актёрнинг уйи яқинидаги йўлнинг бир қисми ўпирилиб, ерда катта ёриқ ҳосил бўлган. Оқибатда ҳудуддаги газ қувурига ҳам шикаст етган. Вазият хавфли тус олгани сабабли нафақат Кейжнинг оиласи, балки яқин атрофдаги бошқа хонадонлар аҳолиси ҳам хавфсиз жойга кўчирилган.
Актёр ушбу мулкни 2024 йилда 10,5 миллион долларга сотиб олган эди. Бироқ орадан кўп вақт ўтмай, табиий офат хавфи сабабли у уйидан фойдаланиш имконидан маҳрум бўлди.
Журналистлар Николас Кейждан Ҳеллоуин байрамини қандай нишонлашини сўраганида, актёр бу йил байрамни ўз уйида ўтказа олмаслигини айтган.
«Ҳозир уйсиз қолдим. Малибудаги уйим билан боғлиқ муаммо сабабли шунчаки меҳмонхоналарда яшаб турибман», — деган актёр.
Маҳаллий мутасаддилар ҳудудда фавқулодда ҳолат эълон қилган. Хавф сабабли жами 31 та уйда яшовчи фуқаролар кўчирилган. Кучли ёмғирлар ва «Мари» тўфони оқибатида тупроқ кўчиши ҳамда сув тошқини хавфи янада ортгани билдирилган.
Ҳозирча шикастланган йўл қачон тикланиши ва кўчирилган аҳоли ўз уйларига қачон қайтиши маълум эмас. Шу боис Николас Кейж рафиқаси, рассом Рико Шибата ҳамда кичик қизи Августа Франческа билан вақтинча меҳмонхонада яшашда давом этмоқда.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар

































Изоҳлар0
…