Турмушнинг «тўрт мушти»га чидаганлар ҳам, чидамаганлар ҳам бор. Ахир «гуруч курмаксиз бўлмайди», деб бекорга айтишмаган-ку! Бугунги саҳифамиз иштирокчилари эса ўзини турмуш ўртоқ танлашда «курмак»ка дуч келган деб ҳисоблайди. Хўш, уларнинг муаммоси нимада? Келинг, яхшиси, хулосани ўзингиз бера қолинг…
«МЕН НОШУКРМАНМИ?»
Анвар, 32 ёш, Жиззах вилояти:
— Бу гапларимни кимдир сабрсизлик, кимдир қаноатсизлик, дер. Аслида мен ҳам ўзим ёқтирган аёл билан турмуш қурганман. Лекин кўчада гаплашиб юрган дам билан турмуш бошқа-бошқа экан. Мен аёлим ўзим истагандек бўлишини хоҳлайман: чаққон, пазанда, доим ўзига қараган… Назаримда, бошида шунақадек эди. Айниқса, тўйдан олдин пардоз-андозларни жойига қўярди. Келин бўлгач, у билан чиқиша олмай қолганмизда онам ёнини оларди:
— Ҳар бир келин янги уйга келганида довдирайди. Билмаганини ўрганади. Қайнона келинига ўз рўзғорини ўргатмаса нима қилиб юрибди! Мен ҳам ўргатаман. Худо хоҳласа, ҳаммаси ўрнига тушиб кетади.
Бошида ростдан ҳам бизнинг яшаш тарзимизни яхши билмагани учун уддалай олмаяпти, деб ўйладим. Кейин ҳомиладор бўлди. Онам яна койишимга йўл бермади:
— Ҳозир унга осон эмас. Қарашиш ўрнига тергайверма…
Яна индамадим. Лекин бирор марта кўнглимдагидек овқат пиширган эмас. Ҳатто, уйимизга ўрганган, бемалол бўлган даврида ҳам.
— Ойи, ўзингиз овқат қилинг, — дердим шунинг учун доим.
Манти қилса — хамири қалин, чучвара тугса — эзилиб кетади, қайнатма шўрва пиширса — нўхати пишмайдими-ей… Хуллас, қилган овқатида албатта бирорта камчилик бор.
Ишонасизми, беш йил онамлар билан рўзғоримиз битта бўлди. Аввалига синглим, унинг тўйи ўтгач, онам қозоннинг ёнидан жилмади. Хотиним эса яхши овқат пиширишни ўрганай, эримнинг кўнглидан чиқай демади. Мана энди бир йилдирки, рўзғоримиз бўлак. Уй қуриб, кўчиб чиқдик. Шундан буён бирор марта мазали овқат еганимни эслай олмайман. Ҳар куни мендан гап эшитади. «Инжиқсиз, ношукрсиз», дейди доим. Ахир ўз-ўзидан гапирмасам керак. Ундан бошқа аёл бўлганида олти йил ичида пазанда бўлиб кетиши керак эди. Унинг ўрнига мен билан жанжаллашгани-жанжаллашган. Нима қилишга ҳайронман. Бора-бора уйдан безиб кетаётгандекман…
Маслаҳат: — Бу мухлисга оғирроқ бўлишни маслаҳат берган бўлардим. Аслида оилавий масалаларда ҳар бир одам ўзи хулоса қилиши ва тўғри йўлни танлай билиши зарур. Оила бир қўрғон, ҳар томонлама уни ҳимоя қилиш, асраш эркакнинг вазифаси. Шундай экан, укамиз муаммони босиқлик билан ҳал қилиши лозим. Чунки у киши таъкидлаган вазият ечими йўқ, қийин масала эмас. У аёлига ўзининг истагини тўғри тушунтириши керак. Тушунтириш билан тушунтиришнинг фарқи бор. Бақир-чақир қилиб, уриб-сўккани билан аёлини ўзгартира олмайди. Ураверсангиз, темир ҳам дағаллашади-да. Шунинг учун турмуш ўртоғингизни ёнингизга ўтқазиб, яхши кайфиятда, вазминлик билан гапирсангиз, уялади. Яхши бўлишга интилади. Бу — энг яхши йўл.
«ТИЛИ ШИРИН, ЎЗИ ЭСА…»
Маҳмудбек, 36 ёш, Навоий вилояти:
— Аёлимни ҳамма мақтайди. Муомаласи, ўзини тутиши ростдан ҳам ҳавас қилгулик. Ота-онамнинг, қариндошларимнинг кўнглига йўл топган. Бунинг устига пазанда ҳам. Тили ширинлиги учун ҳамма билан чиқишиб кетаверади. «Уришиб қолдим» десам, онам мени койийди.
— Хотининг яхши, ҳеч кимнинг дилини оғритмайди, — дейди!
Лекин ҳар тўкисда бир айб, деганларидек. Унинг ҳам тузалмас бир камчилиги бор. Бу камчиликни йўқотиш учун ҳамма нарса қилиб кўрдим. Айтишга ҳам хижолат бўламан. Айби — озодаликка риоя қилмайди. Ишдан чарчаб келаман — уйга бош суқиб бўлмайди. Болаларнинг кийими, ўйинчоқлари сочилган, эрталабки дастурхон шу ҳолича турган, оёқ кийимлар айқашиб ётган бўлади. Кира солиб асабим бузилганидан бақириб юбораман:
— Қачон тоза-озода бўлади бу уй? Киргим ҳам келмайди!
— Бошқасини топиб олгандирсиз-да, шунинг учун киргингиз келмайди, — дея оғзимга «уради» у.
Шу билан индамай қоламан. Лекин сабр косам тўлиб боряпти. Кийимларимни ювишни тайинламасам, ўзи билиб ювиб қўймайди. Ювсаям, дазмолланмай тураверади. Баъзан ўзим дазмоллаб оламан. Кўрпа-тўшакка-ку, қараб бўлмайди. Биламан, жанжал, бақир-чақирдан фойда йўқ. Лекин ҳамма нарсанинг чеки-чегараси бор-ку!
Маслаҳат: — Агар билсангиз, Худо ҳамма инсонни бир хил яратмайди. Ҳаммамизда ҳам камчилик бор. Бу укамиз каби куйган эркакларни ҳаётда кўп учратганман. Албатта, уларга қийинлигини ҳис этганман. Чунки меҳмонга борсак, ивирсиган уйга кирганимизда хижолат тортарди-да. Назаримда, бу вазиятда фақат аёл айбдор эмас. Озодаликни фақат аёл сақлайди, деган қоидани қаерда кўргансиз? Бунинг учун биз — эркаклар ҳам масъулмиз. Масалан, мен аёлим уйда йўқ бўлган чоғида уйни озода сақлашга ҳаракат қиламан. Бу айб эмас. Укамиз ёш болали экан, аёли улгурмаётгандир? Чунки бола-бола-да, бу ёқдан йиғиштирсангиз, у ёқдан соча бошлайди. Укамиз нолигандан кўра, ўзи ҳам рўзғорни озода сақлашга кўмаклашса, олам гулистон.
«ЖАҒИ ТИНМАСА, НЕТАЙ?»
Камол, 29 ёш, Наманган вилояти:
— Уйланганимга кўп бўлгани йўқ. Уч йилдан энди ошди. Тўйдан олдин ўртоқларим, таниш-билишлар ҳазиллашиб, «Эҳ, бекор қиляпсан-да», дейишганда кулиб қўйгандим. Ишонасизми, охирги пайтда ўзим ҳам «уйланиб бекор қилдиммикан», деяпман. Сабаби, бошим ғавғодан чиқмайди. Аёлим ҳеч ким билан чиқишолмайди. Айниқса, қизчамиз юриб, тили чиқа бошлаганидан кейин жанжал ҳам кўпайди. Ҳар куни ҳар хил келишмовчилик. Бир куни овсини билан боланинг ўртасига тушиб уришади. Бошқа куни қўшни билан… Бу орада онам ёки отам ҳам қуруқ қолмайди. Хуллас, умуман тилини тиёлмайди.
— Ҳамма уриш-жанжалсиз кун кўряпти-ку! Сен нега тинч ўтиролмайсан?
— Вой, боламизни жеркиб берса жим қараб ўтирайми?
— Бола битта сенда борми? Бола дегани уришади-ярашади…
— Катталар ҳам уриб-силтаса нима қилай?
— Ким? Ота-онамми? Яхши бўлсин дейишади. Ўз-ўзидан уришмас…
— Сиз ҳам улар томон бўлинг. Ҳамма яхши, битта мен ёмон! Кун йўқ менга бу ерда! Доим ким ёмон — мен ёмон!..
Шу билан унинг жағи ёпилмайди. Уйда тинч кунинг ўзи йўқ. Юрагим безиллаб қолди. Нима қилай?
Маслаҳат: — Бу — жиддий масала. Бироқ мухлиснинг ютуғи — ёш оила эканлигида. Ҳали ҳаммасини изга солса бўлади. Аёл киши ҳамманинг, айниқса болаларнинг олдида бақир-чақир қилиши, эри билан гап талашиши энг ёмон иллат. Чунки бола ўзлаштиради, қуш уясида кўрганини қилади-да. Укамиз айнан мана шуни аёлига тушунтириши лозим. Албатта, ҳамманинг ёнида эмас. Алоҳида ўтириб, турмуш ўртоғига бу қилиқлари қизчасига қандай таъсир қилишини, у ҳам шунга ўрганса, эртага келажаги нима бўлишини тушунтирсин. Ҳеч бир она, менимча, боласи ёмон бўлишни истамайди. Укамизнинг рафиқаси ҳам фарзандини ўйлаб, бу қилиғини ташлайди, деган умиддаман.
Наргиза Усанбоева «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Ҳусийлар Исроил авиабазасига гипертовушли ракета билан зарба берди
БААда исроиллик раввин ўлдириб кетилди
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди
Италиянинг Сардиния оролида уйлар 1 евродан сотилмоқда, лекин...
Украина аскари машғулотлардан бир ҳафта ўтиб қандай қилиб асирга тушганини айтиб берди
Шавкат Мирзиёев «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг янги боғида кўчат экди (фото)
Галактикалар тўқнашувидан ҳосил бўлган зарба тўлқинлари Ерда ҳам сезилди