Халқаро олимлар гуруҳи ўтказган тадқиқот интернет фойдаланувчиларининг кўпчилиги ижтимоий тармоқлардаги яширин рекламаларни пайқамаслигини кўрсатди. Айниқса, оддий постлар қиёфасида берилган рекламалар кўпинча эътибордан четда қолади, деб ёзади Peopletalk.
Тажриба давомида 152 нафар фаол интернет фойдаланувчисига махсус тайёрланган ижтимоий тармоқ тасмаси намойиш этилди. Унда жами 29 та пост бўлиб, шундан 8 таси яширин реклама эди. Махсус қурилмалар иштирокчиларнинг кўз ҳаракатларини қайд этиб, қайси постларга кўпроқ қарашганини аниқлади.
Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, фойдаланувчилар логотиплар ёки бренд тугмалари каби реклама белгилари мавжуд жойларга кўпроқ эътибор қаратади. Аммо реклама оддий фойдаланувчи постига ўхшаш шаклда берилса, уни кўпчилик оддий контент сифатида қабул қилади.
“Биз кўпинча тасмани автоматик равишда айлантирамиз ва айнан шу пайтларда реклама эътиборимизга сезилмасдан кириб келади. Баъзан эса унга онгли равишда қизиқамиз, чунки у дўстларимиз тилга олган тренд ёки маҳсулотларни ёдга солади”, — дейди тадқиқот муаллифи, Твенте университети вакили Майк Хюбнер.
Мутахассисларнинг фикрича, бундай ҳолатлар ижтимоий тармоқларни реклама белгиларини кўпроқ кўзга ташланадиган тарзда жойлаштиришга ундаши керак. Бу фойдаланувчиларга контентнинг ҳақиқий мақсадини аниқроқ англаш имконини беради.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!