АҚШ 5 миллион доллар мукофот ваъда қилган наркобарон Мексикада қўлга олинди

Мексикада АҚШ Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) томонидан энг кўп қидирилаётган 10 нафар жиноятчи рўйхатига киритилган наркокартел етакчиларидан бири — «Эл Чапо Исидро» лақабли Фаусто Исидро Меза-Флорес қўлга олинди. Уни ҳибсга олиш бўйича ўтказилган махсус операция қуролли тўқнашувга айланиб, 11 кишининг ҳаётига зомин бўлди.
44 ёшли Меза-Флорес 20 ноябрь куни Мексиканинг Синалоа штати, Гуасаве шаҳрида ҳарбийлар томонидан ўтказилган операция давомида қўлга олинган. Амалиётда АҚШ махсус хизматлари томонидан тақдим этилган разведка маълумотларидан ҳам фойдаланилган. Наркобарон билан бирга унинг жиноий гуруҳидаги яна икки киши — «Эл Серафин» лақабли Герман Роландо Галвес Меса ва молиявий операциялар учун масъул бўлган яна бир шахс ҳам ҳибсга олинган.
Операция давомида юз берган отишмада етти нафар тахминий картель аъзоси ва тўрт нафар ҳарбий ҳалок бўлган. Ҳодисадан кейин ҳудудда ҳам вазият кескинлашган: айрим жойларда автомобиллар ва биноларга ўт қўйилган, йўллар тўсилган ҳамда қуролли тўқнашувлар давом этган.
«Эл Чапо Исидро» ФҚБнинг энг кўп қидирилаётган 10 нафар жиноятчиси рўйхатига 2025 йилда киритилган эди. АҚШ Давлат департаменти унинг қўлга олиниши ёки судланишига олиб келадиган маълумот учун 5 миллион долларгача мукофот ваъда қилган.
АҚШ расмийлари Меза-Флоресни Мексиканинг йирик наркотрафик тармоқларидан бири — Меза-Флорес жиноий ташкилоти етакчиси сифатида айблайди. У ва унинг гуруҳи АҚШга кокаин, метамфетамин, героин, фентанил ва марихуана етказиб беришда гумон қилинмоқда. Шунингдек, унга пул ювиш, қурол билан боғлиқ жиноятлар ва наркотерроризм бўйича айбловлар қўйилган.
Унинг қўлга олиниши Мексика ва АҚШ ҳуқуқ-тартибот идораларининг ҳамкорлигидаги муҳим натижа сифатида баҳоланмоқда. Бироқ наркокартел раҳбарининг ҳибсга олиниши ҳудуддаги жиноий гуруҳлар ўртасида кучлар мувозанатига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.
Ҳозирда Меза-Флорес Мексика ҳукумати қўлида. АҚШга экстрадиция қилиниши масаласи бўйича эса ҳозирча расмий қарор эълон қилинмаган.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар

































Изоҳлар0
…