Самарқанд вилоятида ёш йигит таниш қизини бўғиб ўлдирганликда гумонланмоқда

Самарқанд шаҳрида ёш йигит таниш қизининг ўлимига сабаб бўлганликда гумонланиб, қўлга олинди. Дастлабки маълумотларга кўра, у ижарага олинган хонадонда юзага келган жанжал вақтида қизни бўғиб ўлдирган бўлиши мумкин. Воқеадан кейин гумонланувчи ўзига ҳам тан жароҳатлари етказган.
Маълум қилинишича, фожиали ҳодиса 18 ноябрь куни шаҳарнинг Қорасув массивида содир бўлган. Ҳалок бўлган қиз уч хонали хонадонни дугонаси билан ижарага олган. Ўша куни уйда бошқа яшовчилар бўлмаган вақтда унинг олдига таниши келган.
Тахминларга кўра, ёшлар ўртасида келиб чиққан келишмовчилик жанжалга айланиб, йигит қизни бўғиб ўлдирган.
Маҳалла раисининг айтишича, икки қиз хонадонга 15 ноябрь куни кечқурун кўчиб келган. Эртаси куни маҳалла вакиллари улар билан суҳбатлашиб, ижара шартномасини расмийлаштириш зарурлигини тушунтирган ҳамда яшаш қоидалари билан таништирган.
Ҳодисадан сўнг гумонланувчи ўзига тан жароҳатлари етказган. Ички ишлар органлари ходимлари уни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Самарқанд филиалига олиб борган. Шифокорлар дастлаб унинг аҳволини ўртача оғир деб баҳолаган. Бироқ текширувларда жиддий жароҳатлар аниқланмаган. Тиббий кузатувдан сўнг у қониқарли аҳволда шифохонадан чиқарилган.
Самарқанд вилояти прокуратураси матбуот хизмати раҳбарининг ёзма изоҳига кўра, мазкур ҳолат юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси, яъни қасддан одам ўлдириш моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Гумонланувчи қамоққа олинган. Айни пайтда ҳодисанинг барча тафсилотларини аниқлаш мақсадида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар

































Изоҳлар0
…