date

Инсон мияси қачон тўлиқ шаклланади? Олимлар кутилмаган ёш чегараларини аниқлашди

Инсон мияси қачон тўлиқ шаклланади? Олимлар кутилмаган ёш чегараларини аниқлашди

Кембридж университети олимлари томонидан ўтказилган кенг кўламли тадқиқот инсон ақли ривожи ҳақидаги тасаввурларни жиддий равишда янгилади. Минглаб мия сканерлари таҳлили шуни кўрсатдики, мия бутун ҳаёт давомида бир хил ишламайди — у муайян ёш босқичларида деярли қайта «қурилади». Бу ўзгаришлар эса инсон фикрлаши, ҳис-туйғулари ва қарор қабул қилиш қобилиятига бевосита таъсир қилади.

Олимлар таъкидлашича, сигналларни тез узатиш учун масъул бўлган оқ модда йиллар давомида фаол ривожланади. Бироқ қарор қабул қилиш, ҳиссиётларни назорат қилиш ва вазиятни оқилона баҳолашга жавоб берувчи пешона қисми энг секин етилади. Шу сабабли, ақлли ва вазмин қарор қабул қилиш қобилияти инсонда аста-секин, йиллар ўтиши билан шаклланар экан.

Пойдевор даври: 0 дан 10 ёшгача

Мутахассислар чақалоқ туғилган пайтдан ўн ёшга тўлгунига қадар бўлган даврни мия учун ҳақиқий «қурилиш майдони»га қиёслашмоқда. Ҳаётнинг илк ўн йили келажакдаги билим, ҳис-туйғу ва ҳаракатлар учун мустаҳкам пойдевор яратади. Бу чекланмаган имкониятлар даври бўлиб, мия ҳайкалтарош каби янги нейрон алоқаларни яратади, кераксизларини эса қатъият билан «кесиб ташлайди». Самарадорлик учун энг мақбул тармоқ қурилади ва тахминан тўққиз ёшга келиб, шахс ва интеллектнинг асосий қиёфаси шаклланиб улгуради.

Инқилоб ва шаклланиш: 9 ёшдан 32 ёшгача

Тадқиқот натижаларига кўра, миядаги энг кескин тузилмавий ўзгаришлар 9 ёшдан 32 ёшгача бўлган даврда рўй беради. Бу пайтдан бошлаб гормонал ва ички қайта қурилиш авж олади, катталар ҳаётига тайёргарлик жараёни бошланади. Оқ модда жадал ривожланади, аммо импульсларни назорат қилувчи пешона қисми энг охирида етилади. Ўсмирликдаги хавфга мойиллик, кескин ҳиссиётлар ва тез қарорлар айнан шу билан изоҳланади.

Бу босқич икки қиррали қиличга ўхшайди. Айнан шу даврда хавотир ва депрессия илк бор юзага чиқиши мумкин, бироқ шу билан бирга мия ўз самарадорлигининг энг юқори чўққисига ҳам етади. Олимлар фикрича, бу шаклланиш жараёни кутилганидан анча узоқ давом этиб, фақат 32 ёшларга келибгина якунланади.

Чўққи ва барқарорлик: 32 ёшдан 66 ёшгача

32 ёшдан 66 ёшгача бўлган давр мия тараққиётининг энг барқарор босқичи ҳисобланади. Нейрон тармоқлар пухта созланган, интеллект ва шахс тўлиқ шаклланган бўлади. Кейинги ўн йилликларда алоқалар аста-секин соддалаша бошлайди. Бу табиий қариш, йиллар давомида йиғилган стресс ва ҳаёт суръати билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бироқ бу ҳали кескин пасайиш эмас, балки кейинги босқич олдидан келадиган узоқ барқарор ҳолатдир.

 Донолик ва янги босқич: 66 ёшдан кейин

Тахминан 66 ёшдан кейин мия янги, ҳал қилувчи даврга қадам қўяди. У янада нозик ва таъсирчан бўлиб қолади, нейрон алоқалар сийраклашиши мумкин. Бу эса когнитив пасайиш хавфини оширади. Шунга қарамай, тадқиқотлар миянинг ҳайратланарли мослашувчанлигини кўрсатмоқда. У йўқотилган функцияларни қоплашга ҳаракат қилади, заиф сигналларни кучайтиради ва ақлий фаолликка жавобан янги боғланишлар ҳосил қилади. Фаол ўқиш, ижтимоий мулоқот ва соғлом турмуш тарзи бу даврда энг муҳим «машқлар» ҳисобланади.

Чуқур ва сокин куз: 83 ёшдан кейин

83 ёшдан кейин эса мия архитектурасидаги ўзгаришлар янада яққол кўрина бошлайди. Бироқ замонавий фан бу ерда ҳам умид учун асос кўрмоқда. Нейропластиклик анча заифлашса-да, бутунлай йўқолиб кетмайди. Мия охиригача курашади, чунки ўзгариш ва ривожланиш унга бутун умр давомида хос хусусиятдир.

Хулоса шуки, ҳаёт секин-аста сўниб бориш эмас, балки сифатли сакрашлар занжиридир. Миянинг ушбу ёш босқичларини англаш орқали биз ўсмирларга сабрлироқ, етук ёшдаги инсонларга ҳурмат билан, қариликда эса мия соғлиғини онгли равишда асраш билан ёндашишни ўрганамиз. Мия ўзгаради — демак, инсон ҳам ривожланишдан тўхтамайди.

Сизнингча, инсон интеллектининг энг юқори нуқтаси қайси ёшда кузатилади: 30 ёшдами ёки тажрибага бой 60 ёшдами?

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Фойдали » Инсон мияси қачон тўлиқ шаклланади? Олимлар кутилмаган ёш чегараларини аниқлашди