date

Космосда ерга энг яқин қора туйнук топилди

Космосда ерга энг яқин қора туйнук топилди

“Жеймс Уэбб” (JWST) космик телескопи ўта улкан қора туйнукни аниқлади. Олимлар фикрича, ушбу кашфиёт Коинотнинг шаклланиши ҳақидаги мавжуд назарияларни тубдан ўзгартириши мумкин. Бу ҳақда Кембриж университетининг “Universe Today” журнали хабар қилди.

Маълум қилинишича, Кембриж университети бошчилигидаги халқаро тадқиқотчилар жамоаси массаси тахминан 50 миллион Қуёшга тенг бўлган улкан қора туйнукни кашф этган. У катта эҳтимол билан ўзи жойлашган галактикадаги юлдузлардан ҳам аввалроқ пайдо бўлган. Ушбу сирли объект QSO1 ёки Abell2744-QSO1 деб номланган бўлиб, “Жеймс Уэбб” телескопи ёрдамида топилган.

Мутахассислар таъкидлашича, бу топилма қора туйнуклар қандай шаклланиши ҳақидаги анъанавий қарашларни шубҳа остига қўймоқда. Илгари олимлар аввал улкан юлдузлар вужудга келади, кейин улар коллапсга учраб қора туйнукларга айланади ва вақт ўтиши билан моддаларни ютиб катталашади, деб ҳисоблаб келган.

Бироқ янги маълумотларга кўра, QSO1 ўз галактикасида ҳали юлдузлар деярли шаклланмаган даврдаёқ улкан массага эга бўлган. Таҳлиллар объект атрофидаги газ асосан водород ва гелийдан иборат эканини, юлдузлар фаолиятидан кейин ҳосил бўладиган оғир элементлар эса деярли йўқлигини кўрсатган.

“Биз сезиларли даражадаги галактикаси бўлмаган ва юлдузлар пайдо бўлишидан аввал ҳам мавжуд бўлган қора туйнукни аниқлаганга ўхшаймиз. Бу жуда ҳаяжонли натижа. Чунки у ибтидоий ёки тўғридан тўғри коллапс орқали ҳосил бўлган қора туйнуклар ҳақидаги назарияларга далил бўлиши мумкин”, дейди тадқиқот муаллифларидан бири Игнас Юожбалис.

Олимлар “Пандора тўдаси” номи билан машҳур Abell 2744 галактикалар тўдасининг гравитацион линзалаш эффекти орқали объект массасини ўлчашга эришган. Ушбу эффект узоқ объектлардан келаётган ёруғликни кучайтириб, аниқ кузатув олиб бориш имконини берган.

Қўшимча таҳлилларга кўра, тизим массасининг асосий қисми юлдузларда эмас, балки марказий қора туйнукда жамланган. Тадқиқотчилар ҳисобича, қора туйнук бутун тизим массасининг қарийб учдан икки қисмини ташкил этади.

Муаллифлар тахмин қилишича, ушбу объект Катта портлашдан кейин пайдо бўлган “оғир уруғлар”дан шаклланган ёки улкан газ булутларининг тўғридан тўғри коллапси натижасида юзага келган бўлиши мумкин.

Қизиғи, JWST телескопи ҳозиргача “кичик қизил нуқталар” деб аталувчи юзлаб шунга ўхшаш объектларни ҳам аниқлаган. Бу эса бундай тизимлар илк Коинот даврида кенг тарқалган бўлиши мумкинлигини англатади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Космосда ерга энг яқин қора туйнук топилди