Уйқу ва чарчоқни келтириб чиқарувчи 8 маҳсулот

Одатда озиқ-овқат инсонга куч-қувват ва энергия беради, деб ўйлаймиз. Бироқ шундай маҳсулотлар ҳам борки, улар аксинча, организмни сустлаштириб, узоқ вақт давомида уйқучанлик ва ҳолсизликни келтириб чиқариши мумкин. Қуйида тана қувватини пасайтириши мумкин бўлган бир қатор маҳсулотлар ҳақида сўз юритамиз.
Сули ёрмаси
Энг фойдали нонушталардан бири сифатида танилган сули ёрмасидан тайёрланган бўтқа ҳам баъзан чарчоқ ҳиссини келтириб чиқариши мумкин. Чунки унинг таркибида соғлом уйқуни қўллаб-қувватлайдиган триптофан моддаси бор. Эрталаб ейилган сули ёрмаси тушлик пайтига бориб уйқу чақириши эҳтимолдан холи эмас.
Банан
Бу мева калийга бой бўлиб, организмда мелатонин ишлаб чиқарилишига ёрдам беради. Банан таркибидаги гамма-аминоёғ кислотаси эса асаб тизимини тинчлантиради. Шу боис куннинг биринчи ярмида банан истеъмол қилинса, кечқурун уйқучанлик ва бўшашиш ҳисси кучайиши мумкин.
Қора олхўри
Қора олхўри B6 витамини манбайи ҳисобланади. Айнан шу витамин мелатонин биосинтезини кучайтириши туфайли инсонда уйқу босиш ҳолатини юзага келтириши мумкин.
Киви
Киви таркибида танани хотиржам қилувчи C витамини ва каротеноидлар мавжуд. Айниқса, кечки овқатдан кейин киви истеъмол қилиш уйқу сифатини яхшилашга хизмат қилиши айтилган.
Ёғли балиқ
Лосос, мидия, туна каби ёғли денгиз маҳсулотлари Д витамини ва омега-3 кислоталарига бой. Улар серотонин ишлаб чиқарилишини тартибга солишда иштирок этади. Шунингдек, қизил икра ҳам уйқу чақириши мумкинлиги қайд этилган.
Бодом
Ушбу ёнғоқ таркибидаги магний организмни тинчлантириб, уйқу келтириши мумкин. Бироқ бодом ёғли маҳсулот бўлгани сабабли уни ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилиш тавсия этилмайди.
Шакарли маҳсулотлар
Ширинликлар, гуруч, макарон ва нон маҳсулотлари нафақат вазн ошишига, балки энергиянинг тез сарф бўлишига ҳам олиб келади. Бундай маҳсулотлар қондаги шакар миқдорини қисқа вақт ичида кескин оширади, кейин эса инсулин миқдоридаги ўзгариш туфайли уйқучанлик ва чарчоқни кучайтириши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!